Субъектив томондан жиноят тўғри қасд билан содир этилади. Айбдор 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқага киришаётганлигини билади ва буни хоҳлайди.
Жабрланувчи қиз (ўғил) боланинг ўн олти ёшга тўлмаганлиги субъектга олдиндан аён бўлганлиги, айбдорни ЖК 128-моддаси билан жавобгарликка тортишнинг зарурий шарти ҳисобланади. Айбдор мазкур фактни жабрланувчи билан аввалдан танишганлик туфайли, унинг ташқи жисмоний кўринишидан, ҳатти-ҳаракатларидан билиши мумкин. Башарти субъект жабрланувчи қиз (ўғил) боланинг ёшига нисбатан ҳақиқатан ҳам адашган бўлса, ЖК 128-моддаси билан квалификация қилинмайди.
Ушбу жиноятнинг субъекти ҳар икки жинсдаги, 16 ёшга тўлган ҳар қандай ақли расо шахслар бўлиши мумкин.
Кўриб чиқилаётган жиноятда айбдор ва жабрланувчи 16 ёшга тўлмаган бўлса, ўн олти ёшга тўлмаган ҳар икки шахснинг ёшидан, уларни тавсифловчи маълумотлардан, рўй берган оқибатлардан ва ишнинг бошқа аломатлари (масалан, муҳаббат туйғуси)дан келиб чиқиб, уларни жавобгарликдан ЖК 87-моддасига асосланиб мажбурлов чораларини қўллаган ҳолда жазодан озод қилиш мақсадга мувофиқдир.
Ушбу модданинг 1-қисмида жавобгарлик назарда тутилган қилмиш такроран ёки рецидивист томонидан ёхуд илгари ЖК 118 ёки 119-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан содир этилган ҳолларда, айбдор ЖКнинг 128-моддаси 2-қисми билан жавобгарликка тортилади.
8-§. Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан
уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш
(ЎзР ЖК 129-моддаси)
Жиноятнинг бевосита объекти 16 ёшга тўлмаган шахсларнинг жинсий дахлсизлигини таъминловчи ижтимоий муносабатлар, шунингдек, уларнинг нормал жисмоний ва руҳий ривожланиши ҳисобланади.
16 ёшга тўлмаган болалар ва қизларга нисбатан уятсиз бузуқ ҳаракатлар қилишнинг ижтимоий хавфлилиги шунда онамоён бўладики, мазкур шахсларда жинсий ҳаётга муддатдан олдин носоғлом, жисмоний ва руҳий асосланмаган қизиқиш пайдо бўлади, одамлар ўртасидаги жинсий муносабатлар ўртасида уларнинг фикри бузуқ бўлади, айрим ҳолларда бундай шахсларда ғайритабиий жинсий қарашлар шаклланади.
Жиноятнинг объектив томони шахснинг ўн олти ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда унга нисбатан зўрлик ишлатмай, уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этишда ифодаланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |