Ибтидоий жамият тарихи (Жаҳон тарихи)
Download 0.99 Mb.
|
11 Darslik (Ibtidoiy jamiyat tarixi-Djurakulov M)
1. Ижтимоий муносабатлар
Илк уруғ-жамоалар тарихини ўрганишда этнографик маълумотлар муҳим ўрин тутади. Маълумки, жаҳоннинг кўпгина чекка ўлкаларида ибтидоий тузумнинг кўпгина жиҳатлари узоқ сақланиб келинган. Маданий ривожланишда бошқалардан орқада қолган қабилавий бирикмаларни XVIII аср охири – XIX асрнинг 2-ярмида ҳам кўплаб учратиш мумкин эди. Айниқса, мустамлакачилик ва қўшни халқлар таъсирида ибтидоий анъаналар камайиб борган. Бироқ фаннинг ривожланиши туфайли этнографик манбаларнинг қиёсий илмий таҳлили туфайли уруғ-жамоа тузумига хос бўлган коллектив яшаш ва унинг аъзолари ўртасидаги муносабатларни тиклашга муяссар бўлинди. Қамал ёки қуршов асосида олиб бориладиган овчилик, тўр билан балиқ тутиш, термачиликни ташкил қилиш, уй-жой қуриш, сувда сузиш воситаси бўлган қайиқларни ишлаб чиқиш, хуллас, бу ишларнинг барчаси коллектив жамоанинг биргаликда меҳнат қилишини талаб қиларди. Умумий меҳнат жамоанинг мулки ҳисобланарди. Шунингдек, жамоа меҳнати натижасида ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳам, меҳнат воситалари ҳам жамоа мулки ҳисобланарди. Ишлаб чиқаришнинг бош воситаси ер ҳам жамоага тегишли эди. Ов майдонлари, меҳнат воситаларини ишлаб чиқариш хом ашёси, идиш-асбоб ускуналар ҳам жамоа, яъни коллектив мулки эди. Бу соҳалардан келадиган маҳсулотлар ҳам коллектив томонидан бошқариларди. Ҳатто фойдаланиладиган гулхан – олов ҳам, уй кулбалар ҳам фақат коллективга тегишли эди. Шахсий меҳнат воситалари муайян кишиларга тааллуқли бўлса-да, ундан келадиган даромад жамоа мулки ҳисобланарди. Шундай экан, мантиқий жиҳатдан шахсий меҳнат воситалари ҳам умумжамоа манфаати учун ишлатилган. Австралияликларда, оловли ерликларда, бушменларда туғишганларнинг меҳнат воситалари ҳам шахсий бўлишига қарамасдан жамоа мулки ҳисобланарди. Демак, шахсий меҳнат қуроллари ҳам жамоа турмуши учун фойдаланилган бўлиб, улар ҳам коллектив мулки саналарди. Демак, шахсий меҳнат қуроллари маълум одамга тааллуқли бўлса-да, бироқ ундан келадиган фойда устидан коллектив уруғ ҳукмронлик қиларди. Шундай экан, ҳар қандай шахсий ов маҳсулоти, термачилик маҳсулотлари ҳам жамоага тегишли эди. Австралиялик аборогенларда, бушменларда, оловли ерда ва бошқа шунга ўхшаш қабилаларда айрим овчилар томонидан қўлга киритилган маҳсулот ҳам жамоада баббаравар тенг фойдаланиларди. Чаққон, уддабурон овчи ҳам зиёд эмас, балки тенг улушга эга бўларди. Масалан, XVIII аср охирида яшаган бушменларда жамоа мулкига бўлган тартиб ана шундай эди. Ибтидоий даврда, айниқса, унинг илк босқичларида ишлаб чиқариш воситаларининг паст маҳсулдорлиги озиқа топишда жамоа бўлиб яшаш ва меҳнат қилишни талаб қиларди. Ўзлаштирувчи хўжалик ҳукмрон бўлган даврларда турмушни аранг таъминлайдиган озиқа учун кураш кетарди ва бу жараёнда ҳам уруғ-жамоалари биргаликда ҳаракат қилишни ҳаётнинг ўзи талаб қиларди. Овдан, термачиликдан қолган маҳсулотларда кўп ҳолатларда болалар, қариялар, аёлларнинг манфаати ҳам ҳисобга олинарди. Аммо коллектив манфаати ҳаммадан устун турарди. Уруғ-жамоалари турмушида ҳаётнинг зарур қирралари ҳисобга олинарди. Табиат ҳодисалари, йирик ҳайвонларга ов қилиш, термачиликнинг қийин ишларини бажаришда кучли, бақувват одамларнинг иштироки талаб қилинарди. Уруғ жамоа аъзоларининг коллектив меҳнат фаолияти оддий кооперациядан иборат бўлиб, ҳали ижтимоий меҳнат тақсимоти кўринмас эди. Масалан, ҳайвонларни қамал усули билан овлашда барча меҳнат индивидумларининг бирлашиши талаб қилинарди. Шунингдек, бир хил иш бир неча шакл-ҳаракатларни келтириб чиқариши мумкин эди. Масалан, шундай қамал шаклидаги овчиликда тажрибали овчилар, ташкилотчилар, ўлжани ташувчилар, расадларга бўлувчилар, ов объектини чўчитиб жарликка солувчилар тоифалари вужудга келиб, бу жараённинг тобора ривожланиб бориши хўжаликда ихтисослашувни келтириб чиқарди. Шундай қилиб, табиийки, илк уруғ жамоа коллективида аста-секин меҳнат тақсимотига ўтиш бошланади. Аввало, меҳнат жинсга ва ёшга қараб тақсимланадиган бўлиб, бу жараённинг доимий такомиллашувини ҳаётнинг ўзи талаб қиларди. Эркаклар асосан овчилик, кейинчалик балиқчилик, аёллар опа-сингиллар билан уй тартибига, ўчоққа масъул, болалар ва кексалар меҳнатга яроқли одамларга ёрдамлашиш билан машғул бўладилар. Кексалар кўпинча жамоат тажрибаларини уйғунлаштириш, ёш-авлодга ўргатиш, меҳнат қуролларини ясаш тажрибаларини ёшларга етказиш каби юмушлар билан шуғулланарди. Бу каби ҳаракатлар ривожлана бориб, оқибатда меҳнат унумдорлигиинг тобора юксалишига кўмаклашарди. Ана шу замирда меҳнат тақсимоти билан боғлиқ махсус ихтисосга эга касб-корлар авлоди вужудга келди. Илк уруғчилик даврида жамоанинг асосий таркибини болалар гуруҳи, аёллар ва вояга етган эркаклар ташкил қилган. Жамоани бундай гуруҳларга бўлишга катта эътибор қаратиларди. Айниқса, ўсмирликдан катта ёшга ўтувчиларга аҳамият бериларди. Бу ўтиш тантанаворлик урф-одатлари билан ўтказилиб, у «бағишлов» (инициаций) деб аталарди. (Расм-30, 31) Турли қабилаларда бу урф-одат турлича ўтказиларди. Умумий мақсад – ўсмир йигитларни хўжалик ва жамоатчиликка ҳамда мафкуравий ҳаётга чорлашдан иборат эди. Австралиялик аборагенларда ўсмир йигитларни овга, жангавор қуроллардан фойдаланишга ўргатиш билан бирга уларни сабр-тоқатлиликка, интизомга, ростгўйликка, бардошлиликка, қабиланинг анъанаси ва урф-одатларини билиб олишга ўргатарди. «Бағишлов» жараёнида турли азобловчи синовларни ўтказиларди. Масалан, очлик, жаҳроҳат етказиш, олов билан куйдириш, сочни юлиш, тишини уриб синдириш каби синовлардан ўтказарди. Бушменларда ва оловли ерликларда 13-14 ёшли ўсмирларни бир-икки йил давомида айрим овқатлардан маҳрум қилиш, оғир ишларни бажариш, уларда чидамлилик, хайрихоҳлик, бўйсинувчанлик каби хусусиятларни сингдириш борасида тарбиявий ишлар олиб борилган. Бағишлов анъанаси қизларга ҳам тегишли эди. Айниқса, улар никоҳга ўтишда жинсий органларга ҳар хил операциялар ўтказиш, эрларни ва аёлларни хатна қилиш каби синовларни ўтказардилар. Хусусан, эр болаларни хатна қилиш анъаналари кенг тарқалган эди. Бу анъаналар кейинчалик иудаизм ва исломга ўтган бўлиши мумкин. Бу қабилаларда хатна қилиш мақсади ҳам фанда аниқ эмас. Балки бундай тартиблар эрларни жинсий муносабатдан вақтинча четлашиш учун олиб борилган бўлиши мумкин. Бу қабилаларда вояга етган эрларни ва аёлларни алоҳида гуруҳларга бўлиш одати ҳам бор эди. Бу одат секин-аста уларнинг алоҳида яшашига олиб келган. Эрлар ва аёллар манзилгоҳда алоҳида ўзларининг кулбаларида яшаган, турли овқатлар пиширишган, ўзларининг яширинча урф-одатларига, сиғиниш ўчоқларига ва айрим ҳолатда яширинча «тил»ига ҳам эга бўлишганлар. Эркаклар ва аёлларнинг меҳнат қуроллари шахсий ҳисобланган. Австралиялик ва андаман қабилаларида ўсмир йигитлар ва қизлар алоҳида яшашганлар. Бу қабилаларда ўзига хос ҳаётини ифодаловчи турли байрамлари бўлган. Илк уруғ жамоаларида жамоани табиий жинсий табақаларга ажратиш бўйсиниш ва ҳукмронлик қилишга олиб келмади. Эрлар ҳам, аёллар ҳам алоҳида ихтисослашувга доир бўлса-да, аммо улар ижтимоий меҳнат фаолиятини бирга олиб боришарди. Шунинг учун ҳам уларда ҳали ижтимоий тенгсизлик содир бўлмаган эди. Бироқ аёлларнинг жамоатчилик меҳнат фаолиятида қизғин қатнашиши, турли удумларни бажаришдаги фаоллиги, болаларни тарбиялашдаги хизматлари илк уруғчилик босқичларидаёқ ижтимоий аҳволни бирмунча оширишга олиб келди. Бу ҳолат аста-секин оналарнинг турмушдаги ролининг юксала боришга олиб келди. Умуман қаралганда, бу тараққиёт босқичида ёшга қараб тоифаларга бўлиниш бўлмаган. Ибтидоий одамлар ҳозиргига қараганда жуда паст ҳолатда яшаганлар. Табиатнинг қаттиқ қийинчиликлари билан кураш олиб борганлар, овқатланишда узилишлар бўлган, яшаш жойларининг аҳволи ночор эди. Антропологларнинг маълумотига қараганда, ибтидоий одамлар 40 ёшдан деярли ошмаган. Айрим этнограф ва антропологларнинг маълумотларига қараганда, айрим қабилаларда яшаш шароити оғирлиги, озиқ-овқат танқислиги туфайли меҳнатга яроқсиз кексаларни, оғир бетобларни ўлдириб юбориш (хоҳишга биноан ўлим) ҳолатлари ҳам бўлган. Download 0.99 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling