Картошка Y-вирозини картошка Y-вируси (Solanum virus 2) қўзғатади. Бу гуруҳ
вирусларининг шакли узунчоқ, узунлиги 750 нм, криптограммаси R/1;3,5/5;E/E;S/Ap.
Зарари бўйича Y-вироз барг буралишидан кейинги иккинчи ўринда туради, ҳосилнинг 80
фоизигача йўқотилишига сабаб бўлади. Касаллик белгилари экин навлари ва уларни зарарлаган
вирус штаммлари ҳамда об-ҳаво шароитлари билан боғлиқ ва жуда ўзгарувчан: барглар мўртлиги,
розеткалари пайдо бўлиши, четлари пастга букилиши, устида некрозлар ривожланиши, ўсимлик
бўйи пасайиши, новда ва пояларда некротик қорамтир-қўнғир чизиқ ва тасмачалар ҳосил бўлиши
мумкин; баъзи навларда енгил мозаика ривожланади ёки ўсимлик ташқи белгиларсиз зарарланади.
Касаллик туганаклар орқали ҳамда, барқарор бўлмаган ҳолда, ширалар билан тарқалади.
Вирус тамакини ҳам зарарлайди: зарарланган ўсимликларнинг ёш барглари томирлари
оқаради (бошқа штаммлари таъсирида қўнғир тус олади) ва сўнгра баргларда оқ, майда некрозлар
пайдо бўлади.
Картошка А-вируси (Solanum virus 3) билан зарарланган ўсимликларда ҳам ўзгарувчан
белгилар пайдо бўлади, шунинг учун Y- ва A-вирозларни дала шароитида ажратиш мумкин
бўлмайди. А-вироз туфайли картошка ҳосили 40% га камайиши мумкин (Int. Potato Center, 1982).
Y-вироз Ўзбекистонда кенг тарқалган ва картошка уруғчилигига катта салбий таъсир
кўрсатади. Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти ходимларининг тажрибасида, нав билан
боғлиқ ҳолда, латент шаклидаги Y-вирус картошка уруғи ҳосилини 13,6-24,0 фоизга камайтирган
(Эргашев ва б., 2005).
Картошка оддий мозаикасини картошканинг X-вируси (Solanum virus 1) қўзғатади.
Вирионлари ипсимон шаклли, 515x13 нм, инактивация ҳарорати 68...75°С, барқарор (қуруқ
баргларда 250 кунгача сақланади), охирги суюлтириш 1:1000000, in vitro ҳолатда
бир неча ҳафта сақланади. Криптограммаси R/1;2,2/6;E/E;S/6.
Картошка нави ва уни зарарлаган вирус штамми билан боғлиқ ҳолда, касаллик ҳосилни
10% гача пасайтириши мумкин. Касаллик далада механик усулда (контакт орқали) ҳамда
зарарланган туганаклар билан тарқалади, шира билан ўтмайди. Одатда, баргларда мозаика
ривожланади, баъзи навлар жуда кам ёки ташқи белгиларсиз зарарланади. Вируснинг вирулент
штаммлари барг ғижимланишини қўзғатади.
Картошкадан ташқари помидор, қалампир, тамаки, себарга, мингдевона, итузум ва б.
зарарланади (Пересыпкин, 1982; Int. Potato Center, 1982).
Do'stlaringiz bilan baham: |