Тадқиқотнинг мақсади Хива хонлигида вақф институти тарихи ҳамда унинг ўзига хос хусусиятларини тарихий-манбашунослик таҳлили асосида ўрганишдан иборат.
Тадқиқотнинг вазифалари:
хорижий ва маҳаллий тарихшуносликда Ўрта Осиё, хусусан, Хива хонлигидаги вақф мулкчилиги масалаларини ўрганиш бўйича асосий илмий натижаларни аниқлаш;
республика ва хориждаги қўлёзма фондлар, архивларда сақланаётган Хива хонлигида вақф институти фаолиятини ёритувчи тарихий ҳужжатларни тўплаш, тизимлаштириш, таснифлаш ва манбашунослик нуқтаи назаридан таҳлил қилиш;
вақф мулкларининг турлари, таъсис этиш тартиблари ва таъсисчиларнинг ижтимоий таркибини ўрганиш;
вақф маъмуриятининг вазифалари ва унинг фаолияти билан боғлиқ муаммоларни тадқиқ этиш;
вақф ерлари ва вақфга айланган бошқа турдаги мулк турларидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари ҳамда амалиётини очиб бериш;
вақф даромадларидан фойдаланиш тартиби ва улар тақсимотини ёритиш.
Тадқиқотнинг объекти сифатида XIX асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Хива хонлигида вақф институти (тарихий-манбашунослик таҳлили) белгиланган.
Тадқиқотнинг предмети сифатида Хива хонлигида вақф таъсис этишнинг назарий-ҳуқуқий асослари ва амалиёти, вақф мулкларининг турлари, улардан фойдаланиш тартиблари, вақф маъмурияти фаолияти, вақф даромадлари тақсимотини ёритиш белгиланган.
Тадқиқотнинг усуллари. Тадқиқот иши қиёсий таҳлил (сomparative analysis), статистик таҳлил (statistical analysis), миқдорий таҳлил (quantitative analysis) ва мазмуний таҳлил (content analysis) каби усулларга асосланади. Жумладан, қиёсий таҳлил усулидан вақф институтининг назарий-ҳуқуқий асосларини ёритишда Ўрта Осиёда ҳукмрон мавқеда бўлган Ҳанафия мазҳаби қатори суннийликдаги қолган уч фиқҳий мактабнинг муайян масалалардаги ўзига хос ва фарқли жиҳатларини аниқлашда, статистик, миқдорий ва мазмуний таҳлил усулларидан эса вақфга оид тарихий ҳужжатлар маълумотларини умумлаштириш, улар асосида тегишли масалалар бўйича илмий хулосалар ишлаб чиқишда фойдаланилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |