303-модда. Қисман реабилитация этишнинг асослари ва оқибатлари
Шахснинг қисман реабилитация этилишига қуйидагилар асос бўлади:
1) шахс қамоқда сақлаб турилганига қараганда камроқ муддатга озодликдан маҳрум этишга ёки озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм қилинганлиги;
2) ҳукмдан айблов қисман чиқариб ташланиши ва бунинг натижасида қонунга кўра қамоқда сақлаш ёки озодликдан маҳрум қилиш мумкин эмаслиги;
3) озодликдан маҳрум қилиш муддатининг юқори суд томонидан ҳақиқатан ўталган муддатга қараганда камайтирилганлиги ёхуд бошқа енгилроқ жазо тури билан алмаштирилганлиги;
4) жиноий жазо тайинламай ҳукм чиқарилган ҳолларда ушлаб туриш, қамоқда сақлаш, тиббий муассасага жойлаштиришнинг асоссизлиги.
Қисман реабилитация этиш айбланувчига ёки маҳкумга етказилган мулкий зиённинг асоссиз қисми қопланишига ва маънавий зиён оқибатларининг асоссиз қисми бартараф қилинишига сабаб бўлади.
1. Реабилитация тўлиқ ёки қисман реабилитацияга бўлинади. Қисманреабилитация асосларига қуйидагилар тегишли:
Гумон қилинувчи, айбланувчига нисбатан эҳтиёт чораси сифатида қўлланилган қамоқда сақлаб туриш муддати озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа жазога ҳукм қилинганида дастлабки қамоқни ҳисобга олиш қоидаларига асосланади.
ЖКнинг62-моддасига кўра, “Суд жазо тайинлаш вақтида дастлабки қамоқнинг ҳар бир кунини:
а) қамоқ, интизомий қисмга жўнатиш ва озодликдан маҳрум қилишнинг бир кунига:
б) аҳлоқ тузатиш ишлари ёки хизмат бўйича чеклашнинг уч кунига тенглаштириб ҳисоблайди”.
Бундай ҳолатда дастлабки қамоқ муддати жазо муддатига тенг ёки ундан ортиқ бўлса суд ЖПК 463-моддасининг иккинчи қисмига кўра жазо белгиланмай айблов ҳукми чиқаради.
2. Дастлабки терговда қўйилган айбнинг маълум бир қисми суд муҳокамасида ўз исботини топмаса, суд ЖПКнинг 457-моддасига мувофиқ,ҳукм чиқариш вақтида ушбу масалани кўриб чиқиш лозим. Бундай ҳолатда суд айбловнинг исботланмаган қисмини тугатади ва судланувчига жазо белгилашда буни ҳисобга олади. ЖПКнинг 463-моддасига мувофиқ, судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамасида исбот қилинган тақдирдагинаайблов ҳукми чиқарилади.
3. Апелляция, кассация ва назорат инстанция суди ҳукмнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириб, ҳукмни ўзгартиришга (ЖПКнинг 491-моддаси), бекор қилиб, жиноят ишини тугатишга ҳақли (ЖПКнинг 493-моддаси).
Юқори судтомонидан озодликдан маҳрум қилиш муддатини ҳақиқатан ўтилган муддатга қараганда камайтириши ёки бошқа енгилроқ жазо тури билан алмаштириши қисман реабилитацияга киради.
4. Қуйидаги ҳолларда шахс реабилитация этилган деб ҳисобланмайди:
а) Озодликдан маҳрум этилган ёки ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган маҳкум ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган тақдирда, суд жазонинг ўталмаган қисминиенгилроқ жазо билан алмаштирганда (ЖКнинг 74-моддаси);
б) суд жиноий жазо тайинламасдан айблов ҳукми чиқарганида, чунончи:
1) маҳкум содир этган жиноят учун жазо тайинлашни истисно этадиган амнистия акти эълон қилинган бўлса:
2) мазкур жиноят учун айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиш муддати ўтиб кетган бўлса;
3) ҳукм чиқариладиган вақтга келиб, қилмиш ижтимоий хавфлилигини йўқотса ёки уни содир этган шахс ижтимоий хавфли бўлмай қолса;
4) маҳкумнинг тузалишига жамоат бирлашмалари ва жамоалар томонидан қўлланиладиган жамоат таъсир чоралари ёки маъмурий жазо чоралари кўриш йўли билан эришиш мумкин бўлса;
5) ҳукм чиқариш вақтигача судланувчи вафот этган бўлса.
Do'stlaringiz bilan baham: |