38-БОБ. РЕАБИЛИТАЦИЯ ЭТИЛГАН ШАХСГА ЕТКАЗИЛГАН ЗИЁННИ ҚОПЛАШ ВА УНИНГ БОШҚА ҲУҚУҚЛАРИНИ ТИКЛАШ ТАРТИБИ
304-модда. Мулкий зиённи қоплаш ҳажми
Реабилитация этилган шахсга ушбу Кодекснинг 302ва303-моддаларида кўрсатилган қонунга хилоф ҳаракатлар билан етказилган мулкий зиён тўла ҳажмда қопланади.
Қуйидагилар қопланиши лозим бўлади:
1) реабилитация этилган шахс ўзига нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида маҳрум бўлган иш ҳақи ва меҳнатдан топиладиган бошқа даромадлар;
2) пенсия ва нафақалар, башарти уларни тўлаш тўхтатиб қўйилган бўлса;
3) пуллар, пул жамғармалари ва уларга тўланадиган фоизлар, давлат заёми облигациялари ва уларга чиққан ютуқлар, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар, шунингдек, суднинг ҳукми, ажримига (қарорига) асосан мусодара қилинган ёхуд давлат фойдасига ўтказилган ашёлар ёхуд бошқа мол-мулкнинг қиймати;
4) суриштирув, дастлабки тергов органлари ёки суд томонидан олинган ва йўқотилган мол-мулк қиймати;
5) суд ҳукмини ижро қилиш чоғида ундирилган жарималар ва суд чиқимлари;
6) юридик ёрдам кўрсатилиши учун шахс томонидан юридик маслаҳатхонага тўланган пул, шунингдек, унга нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида қилинган бошқа ҳаражатлар. (ЎзР 30.08.1997 й. 485-I-сон Қонуни таҳриридаги қисм)
Реабилитация этилган шахс вафот этган тақдирда ушбу модданинг 1, 3, 4, 5 ва 6-бандларида назарда тутилган зиённи ундириш ҳуқуқига унинг меросхўрлари, 2-бандида назарда тутилган зиённи ундириш ҳуқуқига эса боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланиши лозим бўлганлар жумласига кирувчи оила аъзолари эга бўладилар.
1. Қонунга хилоф ҳаракатлар билан етказилган қуйидаги мулкий зиёнлар тўла ҳажмда қопланиши лозим:
1) реабилитация этилган шахснинг иш ҳақи ва меҳнат билан топадиган даромадлари ҳамда яшаши учун кетадиган маблағлари. Бунда фуқарони таъқиб қилиш пайтидан бошлаб ўзгарган минимал иш ҳақи миқдори ҳисобга олинади. Шахснинг ноқонуний ушлаб турилгани, қамоққа олингани, жазо ўтагани, мансабидан четлаштирилгани ишлаган иш вақти ҳисобланади.
2) пуллар, пул жамғармалари ва уларга тўланадиган фоизлар, давлат заёми облигациялари, уларга чиққан ютуқлар, акция ва бошқа қимматли қоғозлар, суд ҳукми ёки ажримига (қарорига) асосан мусодара қилинган ёхуд давлат фойдасига ўтказилган ашёлар ва йўқотилган мол-мулк қиймати;
3) эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган уй-жойлари, агар илгариги уй-жойини қайтариш имкони бўлмаса, унга тенг бўлган уй-жой билан таъминлаш;
4) суриштирув, дастлабки тергов органлари ёки суд томонидан олинган, йўқотилган мол-мулк қиймати;
5) суд ҳукмини ижро қилиш чоғида ундирилган жарималар, суд чиқимлари, бориш-келиш, квартира тўловлари, суткалик ҳаражатлар ва ҳ.к.;
6) ҳимоячига кўрсатилган юридик ёрдами учун адвокатлар бюросига, хайъатига ёки фирмасига тўланган пул, шунингдек, унга нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида қилинган бошқа ҳаражатлар.
2. Реабилитация қилинган шахс вафот этган тақдирда унинг пенсия ёки нафақасиданташқари, барча зиённи ундириш ҳуқуқи меросхўрларга ўтади. Пенсия ва нафақани ундириш ҳуқуқига боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланиши лозим бўлган оила аъзолари эга бўлади.
Мулкий зиённи қоплаш ҳақида даъво қилишнинг умумий муддати уч йил. Мулкий даъвонинг айрим турлари бўйича қонун билан алоҳидамуддат белгиланиши мумкин. Бу муддат умумий муддатдан камроқ ёки кўпроқ бўлиши ҳам мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |