Жиноят-процессуал кодексига


Download 0.79 Mb.
bet418/491
Sana18.06.2023
Hajmi0.79 Mb.
#1565152
TuriКодекс
1   ...   414   415   416   417   418   419   420   421   ...   491
Bog'liq
Jinoyat-protsessual kodeksiga sharh

49713- модда. Апелляция инстанция судининг ваколатлари


Суд ишни апелляция тартибида кўриб, ўзининг ажрими билан:
1) биринчи инстанция судининг ҳукмини ўзгаришсиз, ши­коят ёки протестни эса қаноатлантиришсиз қолдиришга;
2) биринчи инстанция судининг айблов ҳукмини бекор қилиш ва оқлов ҳукми чиқаришга;
3) биринчи инстанция судининг айблов ҳукмини бекор қилиш ва ишни тугатишга;
4) биринчи инстанция суди ҳукмини ўзгартиришга;
5) биринчи инстанция судининг ҳукмни бекор қилиш ва ушбу Кодекс 419-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган асослар бўйича ишни қўшимча тергов юритиш учун юборишга;
6) биринчи инстанция судининг ҳукмини ёки ажримини бекор қилиш ва ишни янгитдан судда кўриш учун юборишга ҳақли.
Агар биринчи инстанция суди иш юзасидан камчилик­ларга ёки суд терговини бир томонлама олиб боришга ёхуд жиддий бўлмаган процессуал қоидабузарликларга йўл қўйган бўлса, апелляция инстанцияси ишни биринчи инстанция судига янгитдан судда кўришга юбормай, камчиликларни тўлдириш, процессуал қоидабузарликларни бартараф этиш чораларини кўради ҳамда кўриб чиқиш натижаларини инобатга олган ҳолда ҳукмга ўзгартиришлар киритади.
Апелляция инстанцияси суди қарорида қандай асосларга кўра биринчи инстанция судининг ҳукми тўғри деб, шикоят ёки протестнинг важлари эса асоссиз деб топилганлиги, биринчи инстанция судининг ҳукмини бекор қилишга ёки уни ўзгартиришга нималар асос бўлганлиги кўрсатилиши керак.
Апелляция инстанцияси қарор қабул қилаётганда биринчи инстанция суди томонидан текшириб кўрилган ва ишончли деб топилган далилларга апелляция шикоятлари, протестларини кўриб чиқишда текширилган янги далил­ларни қўшган ҳолда таянишга ҳақлидир.
Қарор ушбу Кодекснинг 473-моддаси қоидалари асосида эълон қилинади.

1. Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди чи­қарган ҳукмнинг қонунийлиги, асосланганлиги ва адолатлигига шубха бўлмаган ҳамда шикоят ёки протестда баён этилган важлар ҳукм билан аниқланган ҳолатлар ва ишдаги далиллар билан рад этилади деб топган ҳолда ҳукмни ўзгаришсиз, шикоят ёки протестни эса қаноатлантиришсиз қолдиради.


2. Апелляция инстанцияси суди далилларни суд мажлисида ўтказилган бевосита текшириш натижалари асосида айблов ҳукмини бекор қилиши ва судланувчига нисбатан оқлов ҳукми­ни чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин, башарти:
жиноят иши қўзғатилишига ва суд муҳокамаси ўтказилишига сабаб бўлган жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса;
судланувчи содир этган қилмишда жиноят таркиби бўлмаса;
жиноят содир этилишига судланувчи дахлдор бўлмаса (ЖПК 83-моддаси).
3. Апелляция инстанцияси суди оқлов ҳукмини ажрим шаклида чиқаради. Айблов ҳукмини бекор қилиш ва судланув­чини оқлаш тўғрисидаги ажримда айблов ҳукмини бекор қилиш асослари ҳамда судланувчини оқлаш сабаблари кўрсатилади.
4. Апелляция инстанция суди ҳукмнинг тўла ёки унинг муайян бир қисмини бекор қилишга ёки ўзгартиришга ҳақли.
Судланувчи жиноятлар мажмуи бўйича ҳукм қилинганда иккинчи инстанция суди бу жиноятлардан бири иш бўйича тўпланган далиллар билан тасдиғини топмади ва унга таал­луқли янги далиллар тўплаб бўлмайди деган хулосага келган тақдирда, апелляция инстанциясида ҳукмни муайян қисми бўйича бекор қилиш, бошқа жиноятларга нисбатан улар тўлиқ исботланганлиги сабабли ўзгаришсиз қолдириши керак. Бундай ҳолларда апелляция суди ҳукмнинг бир қисмини (ЖКнинг тегишли моддалари бўйича) ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида ҳамда ҳукмнинг бошқа қисмини (ЖКнинг тегишли моддаси бўйича) бекор қилиб, ишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқаради.
Ҳукмни ўзгартириш тўғрисида ажрим чиқарилмайди. ЖПКнинг 468-моддасида белгиланган қоидага биноан, биринчи инстанция суди ҳукмнинг қарор қисмида судланувчи қайси моддалар бўйича оқланганлиги ва қайси моддалар бўйича ҳукм қилинганлигини кўрсатиши шарт. Агар биринчи инстанция суди қонуннинг бу талабини бажармаган бўлса, апелляция инстанцияси ЖПКнинг 468-моддасига мувофиқ иш тутиши, яъни ҳукмни бир айбловга нисбатан бекор қилиб ишни туга­тиши (бу оқловга тенг), бошқа айбловга нисбатан эса ўзгариш­сиз қолдириши керак.
5. Агар апелляция суди жиноят учун таъқиб қилиш муддати ўтганлиги, афв этилиш оқибатида ёки амнистия акти муноса­бати билан ҳукм бекор қилиниши, иш эса тугатилиши керак деган хулосага келган бўлса, ишнинг ана шу асосларга кўра тугатилишига маҳкум қарши эмаслигини аниқлаши шарт. Шу сабабли маҳкум суд мажлисига чақиртирилиши керак. Маҳкум тарафидан эътирозлар бўлган тақдирда, мазкур асослар бўйича иш апелляция инстанциясида тугатилиши мумкин эмас.
ЖПКнинг 491-моддасида назарда тутилган ҳолларда апел­ляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳукмини ўзгартиришга ҳақли. ЖПКнинг 419–моддасида кўрсатилган ҳолатлар аниқланганда апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳукмини бекор қилиб ишни қўшимча терговга юборади.
Апелляция инстанция суди иш ҳолатлари биринчи инстанция суди томонидан атрофлича текширилмаган деган хулосага келган ва бу камчиликни апелляция тартибида иш кўришда бартараф қилиш имкони бўлмаса ҳамда иш юзасидан жиддий процессуал қоида бузарликларга йўл қўйилганлиги аниқланган ҳолларда биринчи инстанция судининг ҳукмини ёки ажримини бекор қилиб, ишни янгитдан судда кўриш учун юборишга ҳақли.
6. Апелляция тартибида иш кўриш жараёнида биринчи инстанция суди иш юзасидан йўл қўйилган камчиликларни ёки жиддий бўлмаган процессуал қоида бузарликларни бартараф этиш ҳамда суд терговини тўлдириш имкони бўлса апелляция инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судига янгитдан кўришга юбормай, камчиликларни тўлдириш, процессуал қоида бузарликларни бартараф этиш чораларини кўриши ҳамда ишни апелляция тартибида кўриб чиқиш натижаларини инобатга олган ҳолда ҳукмга ўзгартиришлар киритиши лозим.
7. Апелляция инстанцияси судининг ажрими асослантирил­ган бўлиши керак. Унда биринчи инстанция судининг ҳукми тўғри деб, шикоят ёки протест важлари асоссиз деб топил­ганлиги, ҳукмни бекор қилишга ёки ўзгартиришга нималар асос бўлганлиги кўрсатилиши шарт. Ҳукмни бекор қилиб ишни қўшимча тергов юритиш учун ёки янгитдан судда кўриш учун юборишда апелляция инстанцияси суди айнан қайси ҳолатлар ҳукмни бекор қилишга асос бўлганлигини, дастлабки тергов ёки биринчи инстанция суди томонидан йўл қўйилган камчиликлар ҳамда процессуал қоида бузарликларни қандай бартараф қилиш лозимлигини кўрсатилиши лозим.
8. Апелляция инстанцияси иш юзасидан қарор қабул қилиш­да биринчи инстанция суди томонидан текшириб кўрилган ва ишончли деб топилган далилларга, апелляция инстанцияси суди мажлисида тўлиқ ёки қисман ўтказилган суд тергови жараёнида текширилган янги далилларга таянади.
9. Апелляция инстанцияси судининг ажрими ЖПКнинг 473-моддаси қоидаларига риоя қилинган ҳолда эълон қилинади. Бунда ажрим устидан назорат тартибида шикоят қилиш ҳуқуқи тарафларга тушунтирилади.



Download 0.79 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   414   415   416   417   418   419   420   421   ...   491




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling