Ўқув мақсадлари соҳалари.
Когнитив (билишга оид) соҳа. Ўрганилган материални эслаб қолиш ва уни такроран айтиб беришдан бошлаб, то ўзлаштирилган билимларни мустақил тўла англаб, уларни олдин ўрганилган услуб, усуллар билан уйғунлаштирилиб тасаввур этишгача бўлган муаммоларни ҳал этилишини ўз ичига олади.
Б.Блумнинг когнитив таксономик тоифаларига билиш, тушуниш, қўллаш, таҳлил, синтез, баҳолаш киради. Бундан ташқари ўқув мақсадларини аффектив ва психомотор соҳадаги тоифалари ҳам мавжуд.
Аффектив (ҳиссиётга оид) соҳа. Оддий идрок қилиш, қизиқиш, қадрият йўналиш ва муносабатларини ўзлаштиришга тайёр бўлишдан бошлаб, то таълим олувчиларни атроф-муҳитга нисбатан ҳиссий-шахсий муносабатда бўлишини шакллантирувчи мақсадлар киради.
Психомотор (ҳаракатга оид) соҳа. У ёки бу ҳаракат фаолиятида, ҳаракат йўналишларини тез ўзгартириш, асаб-мускулларни мувофиқ-лаштириб бошқаришни шакллантиришга оид мақсадлар киради.
Мақсадларнинг аниқ, тартибли ва иерархик туркумини яратиш педагоглар учун жуда муҳимдир. Бунинг сабаблари қуйидагича:
- таълим жараёнида асосий эътиборни мақсадга қаратиш. Педагогик таксономиядан фойдаланган ҳолда нафақат бу мақсадларни, балки асосий вазифаларни, бундан кейинги фаолиятининг тартиби ва боришини ҳам белгилаши мумкин.
- педагог ва таълим олувчилар ҳамкорлигидаги фаолиятнинг аниқлиги ҳамда ошкоралиги. Аниқ мақсадлар педагог учун таълим олувчиларнинг умумий фаолиятидаги асосий йўналишларини тушунтириш, муҳокама қила олиш имкониятини беради.
- таълим натижаларини баҳолаш тизимини яратиш. Фаолият натижалари орқали аниқ ифодаланган мақсадлар, уларни ишончли ва холисона баҳолаш имкониятини яратади.
Таксономия тузиш педагоглар фаолияти самарасини оширишнинг муҳим омилларидан бири бўлиб ҳисобланади. Улар бу усулни қай даражада тезроқ эгалласалар, таълимни илғор тажрибалари билан жадаллаштиришга ўз ҳиссаларини қўшган бўладилар. Блум таксономияси ёрдамида педагог нафақат таълим мақсадларини аниқлаштиришга, балки уларни ўзаро боғлиқ бўлган қатъий кетма-кетликда жойлаштиришга муваффақ бўлади. Мақсадларнинг бундай ифодаланиши натижасида ўзлаштириш мониторинги вужудга келади. Бу таксономия тест топшириқларини тузувчилар учун таълим материали элементларини қайси тоифаларга мувофиқлигини аниқлашга ҳам қулайлик туғдиради. Аввало бу мақсадлар таксономия тоифалари бўйича умумийроқ шаклда аниқланади, сўнгра уларга мос келувчи ва якуний натижани яққолроқ ифодаловчи феъл танланиб, сўнгра тест топшириқлари тузилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |