Маданиятшунослик фанидан маърузалар матни биринчи боб маданият назарияси


Download 423 Kb.
bet66/85
Sana07.02.2023
Hajmi423 Kb.
#1175217
1   ...   62   63   64   65   66   67   68   69   ...   85
Bog'liq
маданиятшунослик1

Мусиқа. XVI-XIX асрнинг биринчи ярмида мусиқий ҳаёт асосан пойтахт ва йирик шаҳарларда жонланди. Моҳир мусиқачилар худди аввалги даврлардаги каби ҳукмдорлар саройида тўпланган. Ўтмиш анъаналарига садоқат, ворисийлик, моҳирона ижрочилик санъати туфайли Бухоро ва Самарқанд Ўрта Шарқнинг мусиқа марказларига айланди.
XVI аср бошида Хуросоннинг, Ҳирот ва бошқа шаҳарларидан Мовароуннаҳрга кўплаб мусиқачилар келди. Бухорога Ҳусайн Удий, Ғулом Шоди ва бошқа атоқли қўшиқчилар, созандалар, мусиқа назариётчилари кўчиб келди. Бу маълум даражада маҳаллий мусиқа-ижрочилик ва мусиқий-назарий фаолиятнинг жонланишига олиб келади. XVI-XVIII асрда мақом жанри тараққий этди. XVIII аср ўртасида Бухоро (тожикча-ўзбекча) Шашмақоми шаклланди.
Мовароуннаҳр мусиқачилари Ҳиндистон, Туркия, Эрон, Афғонистон, Хитой, Русия давлати билан мусиқий алоқалар ўрнатганлар. Ушбу мамлакатларнинг мусиқачилари ва шоирлари ижоди Ўрта Осиё шаҳарларининг мусиқий ҳаётини қандайдир маънода бойитишга хизмат қилди.
Бу даврнинг мусиқий ҳаётида Нажмиддин Кавкабий, Жаъфар Қонуний, Али Дўст Найи, Ҳофиз Маҳмуд, Ҳофиз Мираклар машҳур бўлишган. Хусусан, Нажмиддин Кавкабий мусиқашунос, шоир, бастакор бўлиб, мусиқа илми ва амалиётининг турли масалаларига доир илмий қисмлар ёзган. «Рисолаи мусиқий» асарида илми мусиқий, ўн икки мақом тизимига оид назарий тушунчалар бериб, турли зарб-усулларининг номини келтириб таърифлаган, куйнинг амалиётидаги хиллари ҳақида маълумот берган. Кавкабий мақомларни кеча-кундузнинг қайси соатларида ижро этилиши ва ҳар хил руҳий ҳаловатдаги кишиларга таъсири масалаларини баён этган. Айниқса Дарвиш Али Чангий шуҳрат қозонган. Унинг «Рисолайи мусиқий» асарларида XV аср охири - XVII аср бошида Мовароуннаҳрда яшаган, ижод этган ижрочилар, бастакорлар ҳақида батафсил маълумот тўпланган.
Шундай қилиб XVI-XIX аср биринчи ярмида ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг ривожланиши бир мунча сусайган бўлсада, Мовароуннаҳр аҳолисининг маданий даражаси нисбатан юқорилигича қолган.
Театр. XVI-XVIII асрларда масхарабозлик театри нафақат пойтахт шаҳарлар - Бухоро, Хива, Қўқонда, балки бошқа шаҳарларда ҳам фаолият олиб борган. Турли хонликлардаги театр гуруҳлари бир-биридан ижро усули, маҳорати, репертуари ва тақдим этиш шакллари билан фарқ қилишган.
Бухоро воҳасида XVIII-XIX асрларда Сайфулла масхара, Зокир масхара, Эргаш масхара ва бошқалар ўз спектакллари билан томоша кўрсатганлар.
Қўқон хонлигида XVIII аср бошида қизиқчилик театри фаолият юритган. Муҳаммад Солиҳ Бидиёршум кўплаб оғзаки пьесалар ижро этган. Бидиёршум труппасида 30 дан ортиқ актёрлар, қизиқчилар (Баҳром қизиқ, Мўмин қизиқ, Давлатёр қизиқ ва бошқалар) бўлган. Улар шаҳарнинг Чорсу майдонида, баъзан хон саройида қизиқчилик қилганлар.
XVI-XIX асрнинг биринчи ярмида Ўрта Осиёда қўғирчоқ театри кенг тарқалган. Унинг «Қўл қўғирчоғи», «Чодир хаёл» каби турлари бўлган. Уларнинг ҳар иккисида биттадан асосий пьеса - Полвон качал («Қўл қўғирчоқ») ва «Саркардалар» - «Амалдорлар» («Чодир хаёл») бўлган. XIX асрда Ўзбекистон ҳудудида Шосолиҳ, Ғафур, Халфаранг (Қўқон), Орифжон қўғирчоқбоз, Азим бурун, Дониёр (Тошкент), Жўра Қайроқ, Ҳамро қўғирчоқ боз (Самарқанд), Шариф Сайёҳ, Қори Ҳожи (Бухоро) ва бошқа уста-қўғирчоқбозлар ўз мактабларини яратганлар.
Бу даврда рақс санъати ҳам юксак ривожланган. Халқ-рақс санъатининг Фарғона мактаби ўз таркибига қуйидаги рақс турлари ва гуруҳларини олган: «Катта ўйин», «Хонаки ўйин», «Ялла» ва бошқалар. Шулардан «Катта ўйин» мураккаб рақс композициясига эга бўлиб, 60 усулдан ташкил топган.
Хоразмда «Мақом ўйин», «Лазги», «Қайроқ ўйин», «Ялла» ва бошқа рақс турлари тарқалган.
Бухорода рақс мактаби еттита катта ва кичик шакллардан ташкил топган: «Мақом ўйин», «Қайроқ ўйин», «Хонаки ўйин», «Занг бози», «Ялла» ва бошқалар.
XVI-XIX асрнинг биринчи ярмида сайёр цирк артистлари - дорбозлар, акробатлар, кўзбойлағичлар, жонглёрлар, ҳайвон ўргатувчилар ва бошқалар шаҳар ва қишлоқлар майдонларида томоша кўрсатиб ўзларининг маҳоратларини намойиш этишган.
XVIII аср охири - XIX аср бошида Ўрта Осиё хонликларида анъанавий театр фаолиятида ўзига хос услубий кўринишлар пайдо бўлди. Бухоро амирлигида, масалан, масхарабоз, қўғирчоқбоз, раққос ва бошқаларнинг уюшмалари вужудга келди, бу ўз навбатида уларнинг репертурарлари бойишга ва ижрочилик маҳоратининг ошишига олиб борди. Хоразм анъанавий театрида 2 туркум томошалар- «Тўқма» ва «Хатарли» ўйин яхши шаклланди. Фарғона ва Тошкентда қизиқчилик ва аския тараққий этиб, сўз санъатига алоҳида эътибор берилди.
Шундай қилиб XVI-XIX асрнинг биринчи ярмида Ўрта Осиё хонликлари тарихи фақат ўзаро урушлар, ички низолардан иборат бўлиб қолмаган. Хатто шундай оғир кезларда ҳам мамлакатда маданий ҳаёт ўз ривожланишида давом этган. Гарчи XIV-XV асрлардаги каби юксак даражага эришилмаган бўлсада, унинг ютуқларини сақлаб қолишга, уни янги ғоялар билан бойитишга ҳаракат қилинган.
Шундай қилиб, XVI-XIX асрнинг биринчи ярмида Ўрта Осиё жамияти ҳаёти нотекис ривожланган; айрим ўн йилликларда эришилган ютуқлар, кўпинча ўзаро низолар туфайли юзага келган навбатдаги таназул даври билан алмашган. Бироқ ана шундай оғир дамларда ҳам ўзбек халқининг ижодкорлик фаолияти тўхтамаганидан фақат фахрланишимиз мумкин. Қишлоқ, шаҳарлар қайта қад кўтарган. Ҳунармандчилик турлари ривожланган. Халқ усталари томонидан бунёд этилган маҳобатли меъморий обидалар бутун дунёга машҳур бўлган. Ҳар қандай оғир, ноқулай шароитларда ҳам халқимизнинг ижодий тафаккури ривожланишда давом этган. Улар орасидан кўплаб иқтидорли олимлар, мутафаккирлар, қўшиқчилар, мусиқачилар, рассомлар, меъморлар ва қурувчилар етишиб чиқди.
Ўзбекистон маданиятининг бир қатор арбобларининг исмлари инсоният ҳаёти солномасига абадий ёзиб қўйилган.



Download 423 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   62   63   64   65   66   67   68   69   ...   85




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling