Жамоат хавфсизлиги деганда, жамият ҳаётининг хавфсиз шароити, яъни шахсларнинг дахлсизлиги, фуқароларнинг ҳаёт ва соғлиғи, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий манфаатлари, ҳар қандай давлат ёки жамоат бирлашмаларининг бир меъёрда иш олиб бориши тушунилади.
3. Уюшган жиноятчилик – бу иерархик ташкилий тузилиши, аниқ жиноят асосида (бандитлик, конститутицияга қарши, контрабанда-валюта, миллий ва ҳоказо), жипслашганлиги, конспирация ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан ҳимояланишнинг йўлга қўйилган тизими, коррупциялашганлик, жиноий фаолият миқёсининг кенглиги, шу жумладан хорижга чиқа олиш ва халқаро жиноий уюшмалар билан алоқаси орқали ажралиб турувчи турғун жиноий уюшмаларнинг фаолияти.
4. Жиноий уюшманинг белгилари қуйидагилар ҳисобла-нади:
¨ унинг аъзоларининг турғунлиги ва ҳамжиҳатлиги;
¨ умумий жиноий қасд асосида бирлашганлиги;
¨ иерархик тузилма (раҳбарлар, оддий ижрочилар мавжудлиги, аъзолар ўртасида мажбурият ва вазифалар тақсимланганлиги);
¨ икки ёки ундан ортиқ шахс жиноий фаолиятни амалга ошириш учун бирлашган уюшган гуруҳдан фарқли ўлароқ, жиноий уюшмада бир нечта уюшган гуруҳлар бирлашади. Уюшган жиноий гуруҳ жиноий уюшманинг таркибий бўлимидир.
(Жиноий уюшма белгилари ҳақида ЖК 29-моддаси шарҳига қаранг.)
5. ЖК 29-моддасининг 5-қисмига мувофиқ, икки ёки ундан ортиқ уюшган гуруҳнинг жиноий фаолият билан шуғулланиш учун олдиндан бирлашиши жиноий уюшма деб топилади. Жиноий уюшма икки ёки бир нечта уюшган гуруҳлардан ташкил топади. Жиноий уюшманинг характерли белгиси – жиноий фаолият вазифаларининг жиноий уюшма гуруҳлари ўртасида тақсимланиши ва айнан шу белги роллар аъзолар ўртасида тақсимланган уюшган гуруҳдан асосий фарқидир.
6. Объектив томондан ЖК 242-моддасининг 1-қисмида жавобгарликни назарда тутувчи жиноий уюшма ташкил этиш жинояти қуйидагиларда ифодаланади:
¨ жиноятлар содир этиш учун жиноий уюшмани ташкил этиш;
¨ шундай уюшма ёки унинг таркибига кирадиган тузилмаларга раҳбарлик қилиш;
¨ жиноий уюшма мавжуд бўлиши ва иш олиб боришини таъминлашга қаратилган фаолиятни амалга ошириш.
7. Жиноий уюшма ташкил этиш унга аъзоларни жалб қилиш, жиноий мақсадларни аниқлаш, алоҳида вазиятларда уюшмада аъзоликни формал равишда содиқликка қасам ичиш йўли билан тасдиқлашни назарда тутади.
8. Жиноий уюшма ёки унинг таркибий бўлимларига раҳбарлик қилиш жиноий фаолиятнинг умумий режаларини ёки алоҳида жиноят режаларини тузишдан, уюшма тузилмалари ўртасида мажбуриятларни тақсимлашдан, жиноий тажовуз объектларини аниқлашдан, оддий аъзоларга кўрсатма ва вазифалар беришдан иборат.
9. Жиноий уюшманинг мавжуд бўлиши ва вазифаларининг бажаришини таъминлашга қаратилган фаолиятни амалга ошириш жиноий уюшма аъзоларини моддий таъминлашда, жиноий уюшмага ҳар қандай ёрдам кўрсатишда, масалан, транспорт воситаларини беришда, қалбаки ҳужжатлар, техник воситалар билан таъминлашда, жиноий фаолият натижасида олган молиявий маблағларни легаллаштиришда ва, умуман, жиноий уюшма ёки унинг тузилмаларининг турғун мавжуд бўлиши, вазифаларини хавфсиз ва доимий бажариши учун шарт-шароит яратишда ифода этилиши мумкин.
10. Жиноий уюшмани ёки унинг бўлинмаларини тузиш ёки унга раҳбарлик қилиш, шунингдек, уларнинг мавжуд бўлиши ва ишлаб туришини таъминлашга қаратилган фаолиятни амалга ошириш, уюшма ўз жиноий фаолиятини амалга оширганлиги ёки оширмаганлигига қарамасдан тугалланган жиноят ҳисобланади.
11. ЖК 242-моддасининг 1-қисмида жавобгарликни назарда тутувчи жиноят субъектив томондан тўғри қасд шаклидаги айб билан тавсифланади. Айбдор жиноий уюшмани ташкил қилаётганлиги ёки унга раҳбарлик қилаётганлигини билади ва бундай фаолиятни жиноий уюшма мавжуд бўлиши ва иш олиб боришини таъминлаш мақсадида амалга оширишни давом эттиришни хоҳлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |