Жиноятчини яшириш – бу унга бошпана, транспорт воситалари бериш, қалбаки ҳужжатлар билан таъминлаш, ташқи қиёфасини ўзгартиришда ёрдам бериш.
Жиноят содир этиш қуроли ва воситаларини яшириш – жиноят содир этилган қурол ва бошқа нарсаларни яшириш, беркитиш ёки уларни йўқ қилиш ёки ўзгартириш.
Жиноят изларини ёки жиноят йўли билан олинган нарсаларни яшириш, уларни беркитиш, бошқа жойга олиб бориш, йўқ қилиш ташқи кўринишини ўзгартириш, завод тамғаси детал номерини қалбакилаштириш йўли билан амалга оширилади.
15. Шахс жиноятчини жиноят содир этиш қуроли ва воситаларини, оғир ёки ўта оғир жиноятни содир этиш натижасида олинган нарса ва қимматбаҳо буюмларни яширишга йўналтирилган ҳаракатларни амалга оширганда жиноят тугалланган деб топилади.
16. Ёрдамчи тарзидаги иштирокчиликдан фарқли равишда, мазкур модда маъносида яшириш оғир ёки ўта оғир жиноят содир этилгандан сўнг айбдор томонидан амалга оширилади, шунинг учун у содир этилган жиноят ва унинг оқибатлари билан сабабий боғланишда эмас. Бундан ташқари, оғир жиноят ёки ўта оғир жиноят содир этилгунча айбдор у ҳақида билмайди ва жиноят изларини олдиндан йўқ қилишга ваъда бермайди.
17. Агар яшириш доимий хусусиятга эга бўлса, бу бажарувчига жиноятни содир этишда ёрдамлашишни ҳисобга олиши учун асос бўлади ва унинг ҳаракатларини иштирокчилик сифатида квалификация қилиш лозим.
18. Субъектив томондан жиноят тўғри қасд билан тавсифланади. Шахс оғир ёки ўта оғир жиноятни яшираётганини билади ва буни хоҳлайди.
Жиноятнинг мотиви турлича (ғаразгўйлик, жиноятчидан қўрқиш, одил судлов органларидан ўч олиш, яширилаётган шахс билан қариндошлик, яқин дўстлик муносбаатлари ва ҳоказолар) бўлиши мумкин.
Яшириш мақсади ва мотиви жиноят таркиби чегарасидан ташқарида бўлади ва суд томонидан жазо тайинлашда ҳисобга олинади.
19. Ўн олти ёшга тўлган ҳар қандай ақли расо шахс яшириш субъекти бўлиши мумкин.
О л т и н ч и б ў л и м
ЖамОАт хавфсизлиги ва жамоАт
тартибига қарши жиноятлар
XVII боб. ЖамоАт хавфсизлигига қарши жиноятлар
242 - м о д д а. Жиноий уюшма ташкил этиш
Жиноий уюшма ташкил этиш, яъни жиноий уюшма ёхуд унинг бўлинмаларини тузиш ёки унга раҳбарлик қилиш, шунингдек, уларнинг мавжуд бўлиши ва ишлаб туришини таъминлашга қаратилган фаолият -
ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Уюшган қуролли гуруҳ тузиш, шунингдек унга раҳбарлик қилиш ёки унда иштирок этиш -
ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Жиноий уюшма, алоҳида ижтимоий хавф бўлиб, жамият ва унинг аъзоларига таҳлика туғдирувчи, жамиятда шаклланган тартибга тажовуз қилувчи жиноятларнинг ўта оғир турларидан биридир. Жиноятнинг ўта хавфлилиги бундай уюшма жиноий фаолият билан профессионал шуғулланиш учун ташкил қилинганлигидадир.
2. Шарҳланаётган жиноят объекти – жамоат хавфсизлиги, тартиби, ҳокимият органларининг бир меъёрда фаолият кўрсатиши.
Do'stlaringiz bilan baham: |