Объект коди – бошланғич матннинг машина кодига айлантирилиши натижасида юзага келган дастур.
Бошланғич матн – дастурлаш тилида тасвирланган маълумотларни қайта ишлаш ёки уларни бошқариш алгоритми.
Декомпиляция қилиш учта мажбурий шарт мавжуд бўлганда қонуний ҳисобланади:
¨ ўзаро ҳамкорликда ишлаш учун зарур бўлган, илгари бошқа манбалардан олиш мумкин бўлмаган ахборот;
¨ ушбу ҳаракатлар ЭҲМ учун яратилган декомпиляция қилинган дастурнинг фақат ҳамкорликда ишлашни йўлга қўйиш учун зарур бўлган қисмлари бўйича амалга оширилади;
¨ декомпиляция натижасида олинган ахборотдан ЭҲМ учун яратилган, декомпиляция қилинаётган дастурга жуда ўхшаш бўлган ЭҲМ дастурини ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ёки тарқатиш учун фойдаланилмаса ёхуд бундай ахборот муаллифлик ҳуқуқини бузадиган бошқа ҳар қандай ҳаракатни амалга ошириш учун ишлатилмаса.
Ушбу учта мажбурий шартларга ёки улардан бирига риоя этмаслик декомпиляция сифатида эмас, балки ўзгартириш қилиш сифатида квалификация қилиниши лозим.
15. Ахборотни қасддан йўқотиш деганда, ахборотнинг тегишли эгаси қўлидан чиқиб, фойдаланишга рухсати бўлмаган шахслар қўлига тушиб қолиши тушунилади. Бундай ҳолатларда маълумот ўзгартирилмайди, йўқотилмайди, балки унинг қаердалиги номаълумлиги ва пароли йўқотилганлиги учун ундан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлинади.
Агар йўқотилган маълумот ахборот тизими эгаси ёки бошқа қонуний эгалловчиси томонидан охир-оқибат топилган ёки қайта тикланган бўлса, айбдор ҳаракатлари маълумотларни йўқотишга суиқасд қилиш сифатида ЖК 25-моддаси 2-қисми ва 174-моддаси 1- қисми бўйича квалификация қилинади.
16. Ахборотни олиб қўйиш деганда, ахборотнинг айбдор ёки у билан бирга ишлайдиган бошқа шахс томонидан дискетга ёзиб олиниши тушунилади. Маълумотларни олиш уни машина ташувчилари (магнит тасмалари, дисклар, дискетлар ва бошқа шу каби электрон ҳисоблаш машиналари тизими ёки уларнинг тармоғи кабилар) хотирасига ўтказишда ифодаланади.
Маълумот айнан қаерга ўтказилганлиги қилмишни квалификация қилишга таъсир этмайди. Қонун бўйича маълумотнинг олинганлик фактини унинг сақланиши лозим бўлган жойда эмаслиги билан белгилаш лозим. Бундан ташқари, ушбу маълумот ўша ҳудудда яширилмаганлигини ҳам тўлиқ текшириб қўриш лозим. Ушбу икки талаб қаноатлантирилганда маълумот олиб қўйилган ҳисобланади.
Айбдорнинг ахборотдан фойдаланишининг қийинлашувида ёки бунинг мумкин эмаслигида ифодаланган хатти-ҳаракатини, айбдор бундай фойдаланишни тўсиқсиз амалга ошириши мумкинлиги шарти билан, ахборотни олиб қўйиш деб баҳолаш керак. Лекин, агар айбдорнинг ўзи бирон-бир вазият (машинада ташувчини, паролни ва ҳоказоларни йўқотиб қўйиши) туфайли кейинчалик ахборотдан фойдалана олмаса, бундай хатти-ҳаракатни ахборотни йўқотиш сифатида квалификация қилиш лозим.
17. Ахборотни йўқ қилиб юбориш деганда, компьютер ахборотининг мавжудлиги тўхтагани, ундан вазифасига кўра фойдаланиб бўлмаслиги тушунилади. Бунда йўқотилган маълумот қайта тикланмайди ва мақсадига кўра фойдаланишнинг иложи йўқ. Шахсни жиноий жавобгарликка тортиш учун маълумот тўлиқ ёки қисман олинганлиги аҳамият касб этмайди.
Маълумотни йўқотишни уни ўчириб ташлашдан ажратиш лозим.
Йўқотиш – шундай ҳолатки, бунинг натижасида маълумот қайта тикланмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |