Маҳмудов Фазлиддин Бахриддин ўғли


Меҳнатга ҳақ тўлашда меҳнатнинг миқдор ва сифатини таъминловчи механизм яратилиши ва қўлланилиши


Download 404.5 Kb.
bet11/15
Sana28.01.2023
Hajmi404.5 Kb.
#1137179
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   15
Bog'liq
Iqtisodiyotni modernizatsiyalash sharoitida sanoat korxonalarida mehnatga haq tolash tizimini isloh qilish jonalishlari (1)

2.2. Меҳнатга ҳақ тўлашда меҳнатнинг миқдор ва сифатини таъминловчи механизм яратилиши ва қўлланилиши

Жаҳон иқтисодиётидаги глобал силжишлар ва ўзгаришлар миллий иқтисодиётнинг деярли барча соҳаларда кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширишни талаб қилмоқда. Маъмурий-буйруқбозлик иқтисодиёти шароитида шаклланган бозор таркиби ҳам ўзгармоқда. Олдин ишлаб чиқариш воситалари ва истеъмол товарлари бозори мавжуд бўлган бўлса, эндиликда капитал (қимматбаҳо қоғозлар) бозори, меҳнат бозори каби янги тушунчалар ҳам кундалик ҳаётимизга кириб келди ва иқтисодий фаолиятимизда муҳим ўринларни эгалламоқда.


Иқтисодиётни модернизациялаш шароитлариди меҳнат бозори ҳам ўз ўрни, мазмуни ва моҳиятига эга. Бу бозорнинг объекти нима, яъни унда нима сотилади деган саволнинг туғилиши табиий. Меҳнат бозорида қулдорлик даврида қуллар сотилган. Бозор иқтисодиётига асосланган жамиятда эса бу бозорда инсонлар мустақил бўлиб энди уларнинг иш кучи сотиладиган бўлди. Демак, иш кучи эндиликда товарга айланди, унинг қиймати ва истеъмол қиймати мавжуд. Бу нимада ва қандай баҳоланиши, унинг баҳоси қандай аниқланишининг назарий асоси ҳамон иқтисодий адабиётларда етарли даражада ёритилмаган.
Адабиётларда иш кучининг қиймати ва баҳоси ҳақида ҳар хил қарашлар мавжуд. Баъзи муаллифлар бу икки тушунчани фарқламайдилар. Баъзилари эса иш кучининг қийматини унинг баҳоси билан, баҳосини эса қиймати билан алмаштириб, чалкаштириб изоҳлайдилар. Бунга объектив сабаблар мавжуд. Хусусан, иш кучи маъмурий-буйруқбозлик иқтисодиёти шароитида товар сифатида қаралмас эди. Унинг баҳоси, яъни иш ҳақи марказлашган тарзда аниқланар ва у эса иш кучининг реал қийматини белгиламас эди, чунки иш ҳақининг миқдорига иш кучининг баҳоси сифатида қаралмаган. Оқибатда унга тœланадиган иш ҳақи унинг қийматини умуман белгиламаган, ундан жуда узоқда эди. Масалан, савдо корхоналарида иш ҳақи фондининг ташкил бўлишини олиб қарайлик.
Биринчидан, узоқ йиллар давомида иш ҳақи фонди савдо корхоналарида товар оборотига нисбатан фоиз ҳисобида белгиланиб келди. Бу албатта, маъмурий-буйруқбозлик иқтисодиёти талабига жавоб берар эди, чунки у пайтларда савдо корхоналари учун товар обороти асосий директив кўрсаткич сифатида қўлланилар эди. Бу усул ходимларнинг иш сифатини, меҳнат унумдорлигини, савдо хизмати сифатининг даражасини инобатга олмаган. Фақат миқдор, ҳажм кўрсаткичларининг яхшиланиши, кўпайиши рағбатлантирилган. Савдо ходимларини ҳар томонлама рағбатлантириш учун моддий рағбатлантириш фонди ташкил қилинар эди. Аммо бу фонднинг миқдори ҳам товар обороти ва фойда ҳажмига нисбатан ташкил қилиниб жуда оз миқдорда эди. Бу фонддан рағбатлантириш иш ҳақининг умумий миқдорига нисбатан 40 % дан ошмайдиган қилиб чегараланган эди. Бу ҳам фақат товар обороти ва фойда режасининг бажарилганлиги учун тўланган. Бошқа сифат кўрсаткичлари инобатга олинмаган.
Иккинчидан, собиқ иттифоқ даврида бошланган қайта қуриш жараёни иқтисодий дастакларнинг энг муҳимларидан бири бўлган, меҳнатни рағбатлантириш усулини такомилаштириш заруратини туғдирди. Натижада иш ҳақи фонди ва моддий рағбатлантириш фондлари бирлаштирилиб ягона меҳнат ҳақи фонди ташкил қилинди. Бу фонд товар обороти ҳажмига нисбатан эмас, балки корхонанинг даромадига нисбатан белгиланган нормативда (меъёрда) ташкил қилинадиган бўлди. Бу албатта, кўп жиҳатдан корхонанинг мустақиллиги, унга тўла хўжалик ҳисоботини жорий қилинишини таъминлади. Бу эса ўз навбатида ҳар бир корхона даромадининг ўсишини, ҳаражатларнинг камайишини рағбатлантирди. Аммо белгиланадиган меъёр ўта марказлаштирилганлиги туфайли қўйи хўжалик буғинларининг хусусиятлари, уларнинг реал аҳволи инобатга олинмас эди. Марказлаштирилган ушбу усул ҳам ўзини оқламади. Хуллас, ҳар бир корхонанинг ўз хусусиятларидан келиб чиқиш лозим бўлди.
Учинчидан, меҳнат ҳақи фонди истеъмол фондига алмаштирилди. Бу фонднинг ташкил бўлиши, айнан, шу мақсад учун ўтган йилги ҳажмни товар обороти ўсиш суръатига нисбатан маълум фоизда ўстириш орқали белгилайдиган бўлди. Бу усул микроиқтисодий ўсишни рағбатлантирди. Аммо бозор иқтисодиёти шароитига бу ҳам унчалик тўғри келмасдан қолди, чунки унинг ҳажми молиявий кўрсаткичларининг бирортаси билан ҳам боғлик бўлмади ва уларнинг яхшиланишини рағбатлантирмади. Аммо ушбу усул ўзимизда ҳамон сақланиб қолмоқда. Давлат ва тижорат банклари корхонанинг меҳнат ҳақи фондининг ўсишини шу тамоилга асосан назорат қилмоқда.
Ҳозир кўпгина ишлаб чиқариш корхоналарда меҳнат ҳақи фонди харажатлар таркибида белгиланган меъёрга асосан ташкил қилинмоқда. Савдода эса ҳамон ўтган йилги ҳажмини товар обороти ўсишига мос равишда маълум фоизга ўстириш йўли билан аниқланмоқда. Фикримизча, бозорли иқтисодиёт шароитида корхоналар, мулк шаклидан қатъий назар, меҳнат ҳақи фондини икки хил йўналишда аниқласалар мақсадга мувофиқ бўлар эди. Биринчидан, меҳнатга ҳақ тўлашда ишбай усули қўлланиладиган бўлса қайси кўрсаткич учун ҳақ тўланса (масалан, савдода товар обороти), ўша кўрсаткичнинг ўсиш суръатига мос равишда ушбу фонд миқдорини ҳам кўпайтириш мақсадга мувофиқ.
Меҳнат ҳақининг иккинчи қисми лавозимига қараб қатъий белгиланган ягона тариф туридаги тариф коэффициентлари асосида оладиган ойликларидир. Меҳнат ҳақининг бу қисмини аниқлашда тасдиқланган штат жадвалидаги ходимлар ва уларга тўланадиган ойлик миқдори олиниши мақсадга мувофиқ.
Айни шароитиларда иш ҳақининг жуда кўп жиҳатлари нуқтаи назаридан таҳлил қилишга тўғри келади. Биринчидан, у ишлаб чиқариш (муомала) ҳаражатларининг бир моддаси, элементи сифатида намоён бўлади. Бу билан у бевосита ишлаб чиқариш ҳажмига ва фойда сўммасига таъсир қилади. Иш ҳақини ўзгартирмасдан туриб ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш эвазига ёки ўша ишлаб чиқариш ҳажми ўзгармаган ҳолда иш ҳақига кетган харажатларни камайтириш йўли билан ҳам фойда сўммасини кўпайтириш мумкин.
Иккинчидан, меҳнат ҳақи фонди меҳнат қилаётган аҳолининг иш кучи баҳосини, яъни уларнинг яшаш даражасини белгилайди. Тенг шароитда нарх ўзгармасдан иш ҳақининг ўзгариши яъни кўпайиши аҳоли фаровонлигининг яхшиланишига ижобий таъсир қилади. Шу туфайли барча мамлакатларда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам иш ҳақи ва унинг даражаси давлатнинг социал-иқтисодий сиёсатида энг муҳим марказий ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда.
Учинчидан, иш ҳақи товар, иш ва хизматларга бўлган талаб даражасини белгилайди. Иш ҳақининг даражаси қанча паст бўлса товарга бўлган талаб таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари устувор бўлади. Аҳоли ўзи эплай олмайдиган энг зарур хизмат турларидангина фойдаланади, холос. Аксарият хизматни ўзлари бажарадилар.
Тўртинчидан, аҳолининг иш билан бандлик даражаси ҳам ўша иш ҳақи ҳажмига боғлиқ. Меҳнат унумдорлиги паст бўлган мамлакатларда иш кучининг қиймати, шунга боғлиқ равишда меҳнаткашларнинг турмуш даражаси ҳам паст бўлади. Бундай жойларда иш кучининг қиймати арзон бўлади, яъни иш ҳақи жаҳон даражасига нисбатан паст бўлади. Демак, меҳнат унумдорлиги, турмуш даражаси ва иш ҳақи бир-бири билан диалектик боғлиқ категориялардир. Бу категорияларнинг бирини иккинчисидан ҳоли равишда таҳлил қилиб бўлмайди. Меҳнаткашларнинг турмуш даражасини кўтариш учун энг аввало уларнинг меҳнат унумдорлигини оширишга эришмоқ лозим. Бусиз иш ҳақини ҳам ва шундан келиб чиққан ҳолда меҳнаткашларнинг турмуш даражасини ҳам ошириб бўлмайди. Иш ҳақини меҳнат унумдорлиги ўсишига мувофиқ равишда ошириб борилса унинг даражаси ҳам ўсишдан тўхтайди. Бироқ, Ўзбекистон ижтимоий йўналтирилган социал-бозорни шакллантириш йўлини танлади. Бу аҳолининг давлатга муҳтож қисмини кучли ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган. Ҳозирги иқтисодий қийинчилик шароитида ҳам иш ҳақининг даражаси ижтимоий меҳнат унумдорлиги даражасига нисбатан тез усмоқда. Лекин бу аҳвол билан узоққа бориб бўлмайди. Ижтимоий меҳнат унумдорлигининг ошишига эришмоқ давр тақозаси.
Шундай қилиб, иш ҳақи иқтисодиётни модернизациялаш шароитлари мазмуни жиҳатидан тубдан ўзгарди ва бозорнинг муҳим категорияларидан бирига айланиб қолди. Демак, энди уни бозор концепциясига мос тамоиллар асосида ўзгартиришга, янгидан шакллантиришга ва ривожлантиришга тўғри келади. Аммо бу борада ҳам назария амалиётдан орқада қолиб кетганлигини эътироф этиш лозим.
Тенг ҳолда, иш ҳақининг энг кам даражаси иш кучи эгасининг минимал яшаш шароитини таъминлаши лозим. Аммо ҳозирги шароитда булар ўртасидаги боғлиқлик илмий жиҳатдан асосланмаган, назарий концепцияси ишлаб чиқилмаган.



Download 404.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   15




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling