Марказий Осиё -инсоният цивилизациясининг кадимги ўчокларидан бири


Мирзо Улуғбекнинг асл исми Муҳаммад Тарағай


Download 1.34 Mb.
bet40/97
Sana21.06.2023
Hajmi1.34 Mb.
#1638075
1   ...   36   37   38   39   40   41   42   43   ...   97
Bog'liq
Ўзб тарих семинар

Мирзо Улуғбекнинг асл исми Муҳаммад Тарағай бўлиб, у 1394 йилда Султонияда таваллуд топган. Бобоси Амир Темур унга катта меҳр билан қараб ёшлигидан ўз тарбиясига олган. Улкан туғма истеъдод, ақл-заковат соҳиби бўлган Улуғбек (Соҳибқирон хонадонида уни шундай ном билан эркалашган) давлат бошқарувини пухта эгаллашдан ташқари диний ва дунёвий билимларни ҳам етук даражада ўзлаштирган. У Мовароуннаҳр тахтини эгаллаганида энди 15 ёшга тўлган эди. Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги (1409-1449) темурийлар салтанатининг анъанавий ривожи ва муҳим ижтимоий ўзгаришлар йўлидан илгарилаб беришида алоҳида даврни ташкил этади. Негаки, бунда донишманд ҳукмдорнинг катта саъй-ҳаракатлари, тўғри йўналтирилган сиёсати туфайли мамлакат дахлсизлиги, тинчлиги ва осойишталиги нисбатан таъминланди. Бу эса унинг иқтисодий, маданий ва маънавий равнақига сезиларли ижобий таъсир кўрсатди. Ўша давр тарихчиларининг якдил фикрича, Улуғбек бобоси давридаги бошқарув тизимини, барча тартиб-қоидаларни тўла сақлашга ҳаракат қилган. Солиқ ва молия сиёсатида ҳам бунга амал қилган. Тўғри, Улуғбек Амир Темур сингари жангу жадалларга қизиқмади. Бу соҳага унинг ортиқча рағбати ҳам бўлмаган. Фақат зарурият тақоза қилгандагина у ҳарбий юришларга отланган. Масалан, 1414 йилда Фарғона ҳукмдори шаҳзода Аҳмад итоатдан бош тортишга уринган пайтда у катта қўшин тортган ва бу юриши билан нафақат Аҳмадни итоатга келтириб қолмай, айни чоғда шарқий Туркистон ерларини ҳам ўз давлати таркибига қўшиб олишга муваффақ бўлган. 1425 йилга келиб Улуғбек Мирзо Иссиқкўл тарафга юриш қилиб, у ердаги исён кўтарган маҳаллий мухолифатчи кучларни бартараф этиб, мамлакатнинг шарқий чегараларини анча мустаҳкамлашга эришади. Бироқ ҳукмдорнинг 1427 йилда Сирдарёнинг қуйи оқимидаги Сиғноқ ва унинг атрофида ҳудудий даъволар билан бош кўтарган Дашти Қипчоқ аслзодаларидан саналган Бароқхонга қарши юриши унинг учун кутилмаганда муваффақиятсиз якун топди. Бу мағлубият Улуғбекни ҳокимиятдан маҳрум бўлишига ҳам олиб келаёзганди. Отаси Шоҳрухнинг катта қўшин билан етиб келишигина уни яна ўз ҳукмронлигини қайта тиклашига имкон берди. Шундан сўнг Улуғбек Мирзо уруш ҳаракатларидан кўра кўпроқ ўз фаолиятини мамлакат ишлари, унинг ички сиёсати масалалари билан шуғулланишга қаратади. Шу боисдан ҳам эндиликда унинг фаолиятида мамлакат ободончилиги, юрт тинчлиги, фаровонлиги, илм-фан равнақига оид масалалар асосий ўрин эгаллайди. Мамлакатда савдо-сотиқ, ҳунармандчилик ва зироатчилик аввалгидек ривожланишда давом этади. Кўплаб сунъий суғориш иншоотлари барпо этилади. Мамлакат Буюк ипак йўли орқали ҳалқаро карвон савдосида фаол иштирок этади. Самарқанд, Бухоро, Шахрисабз, Шош ва бошқа шаҳарларда кўплаб ҳашаматли мадрасалар, масжиду мақбаралар, карвонсаройлар қад ростлайди. Унинг бевосита раҳнамолигида қурилган тенгги йўқ меъморий иншоот - расадхона ўша давр илм-фани ва техникасининг энг сўнгги ютуқларини ўзида мужассам этган эди.
Улуғбекнинг 1428 йилда ўтказган пул ислоҳоти ҳам мамлакатда савдо-сотиқ ва пул муомаласини, молия сиёсатини йўлга қўйишда муҳим воқеа бўлган. Улуғбек муомалага чиқарган янги вазндаги танга пуллар ўз қадри, қиммати билан иқтисодий ҳаётни жонлантириш, савдо-сотиқни ривожлантиришда алоҳида роль ўйнади. Унинг даврида ҳам юқори табақа вакилларига, ҳарбий саркардалар, олий руҳонийларга аввалгидек алоҳида имтиёзлар бериш тартиби ҳукм сурди. Бундан ташқари давлатнинг катта маънавий таянчи ҳисобланган диний муассасалар ихтиёрида ҳам улкан миқёсдаги вақф ерлари тўпланган эди.
Темурийлар даврида аҳоли тўлайдиган турли-туман солиқлар орасида хирож (ер солиғи) алоҳида ажралиб турарди. Деҳқонлар етиштирган ҳосилнинг камида учдан бир қисми хирож солиғига тўланган. Бундан ташқари ушр (даромаднинг ўндан бир қисми), тамға (савдо-сотиқ, ҳунарманд аҳлидан олинадиган солиқ), закот, тутун солиғи, боғ солиғи, улоқ (давлат хизматидагилар учун), доруғона (ҳарбий қўриқчилар учун), миробона (сув етказиб берувчилар учун), ясоқ (чорва моллари учун), бегор (давлат ҳисобига ишлаб бериш: сарой қурилиши, ариқ, каналлар қазиш учун) ва бошқа солиқ ва мажбуриятлар жорий этилганди.
Улуғбек ўз давлат сиёсатида қанчалик оқил ва изчил сиёсат юритишга, илм-фан аҳлига, дин пешволарига ҳомийлик қилиш, савдо-тижорат ва ҳунарманд аҳлига рағбат кўрсатишга ҳаракат қилмасин, унга қарши мухолифатчи кучлар ҳам анчагина бор эди. Улуғбек катта ер эгаларининг оддий фуқароларга нисбатан суиистеъмолчиликларини чеклаш тадбирларини кўрганда, улар «тахтдаги олим»га қарши чиқдилар. Руҳонийлар орасидаги жаҳолатпараст унсурлар Улуғбекни ислом динига зарар келтирувчи «бетавфиқ ҳукмдор» деб ташвиқот юритдилар. Шу тариқа, жаҳолатпарастлар илмга, ўз манфаатини халқ манфаатидан устун қўйючилар тараққиётга қарши чиқдилар. Улуғбек мамлакатдаги турли ижтимоий-сиёсий гуруҳлар ўртасидаги ички зиддиятларни, мутаассиб, реакцион кучлар мухолифатчилигини охиригача бартараф эта олмади. Бу эса XV асрнинг 40-йиллари охирларига келиб Мовароуннаҳр давлатини беқарорлик ва чуқур ижтимоий ларзаларга дучор этди. Мамлакат қўшинининг жанговор ҳолатда бўлмаганлиги ва турли жойларга сочилганлиги эса Дашти Қипчоқ кўчманчиларининг бу ерларга тез-тез бостириб келиб, юртни талаши учун кенг йўл очиб берганди. Хусусан, 1447 йилда Шоҳруҳ Мирзо вафоти муносабати билан Улуғбекнинг ота тахтига даъвогарлик қилиб Хуросонга юриши, жияни Алоудовла ва бошқа меросхўрлар билан ҳокимият талашиши, унинг йўқлигида Абулхайрхон бошлиқ Дашти Қипчоқликларнинг Мовороуннаҳр ерларини ғорат қилиши ва ниҳоят, қора кучлар иғвоси туфайли ўз ўғли Абдуллатиф билан бошланган низонинг катта жангга айланиб, унда Улуғбекнинг мағлуб бўлиши - булар нафақат унинг фожиали ўлими билан якун топиб қолмай, айни пайтда Темурийлар сулоласи инқирозини янада чуқурлаштиришга олиб келди. Улуғбек академияси тарқалиб кетди, кутубхонадаги китоблар ёндирилди, олимлар боши оққан томонга кетишга мажбур бўлди.
Улуғбек ўлимидан сўнг тез орада оқпадар Абдуллатифнинг ўлдирилиши, ундан кейин Самарқанд ҳокимияти тепасига келган Абусаид Мирзо (1451-1468)нинг давлатни бошқариш ўрнига асосий вақтини Эрон ва Хуросон ҳудудларида ҳарбий юришлар билан ўтказиши, вафотидан сўнг Мовароуннаҳрда ҳукмронлик қилган авлодлари - Султон Аҳмад (1468-1493), Султон Маҳмуд (1493-1494) ва Султон Али Мирзо (1494-1501) даврида юртнинг янада ички зиддиятлару таназзулликка юз тутиши пировард оқибатда Темурийлар ҳукмронлигининг барҳам топишига олиб келди. XV асрнинг 90-йиллари бошларида Фарғона мулкида Умаршайх Мирзо вафотидан сўнг ҳокимият жиловини қўлган олган унинг ўғли навқирон ва шижоатли Бобур Мирзо (1482-1530)нинг Темурийлар салтанатини тиклаш ва сақлаб қолиш йўлида Муҳаммад Шайбонийхонга қарши олиб борган бир неча йиллик жангу жадал ҳаракатлари ҳам натижасиз тугади. Буюк орзулари саробга айланган, вужудини умидсизлик қоплаган Бобур Мирзонинг шундан сўнг Афғон ва Хинд ерлари сари бош олиб кетишга мажбур бўлганлиги боиси ҳам мана шундандир.
Хуросонда XV асрнинг иккинчи ярмида Абусаид Мирзо ўлимидан сўнг (1469) ҳокимиятга келган Хусайн Бойқаро (1438-1506) даврида бу ўлканинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётида кўплаб муҳим ўзгаришлару силжишлар юз берди. Бунинг боиси шундаки, Темурий шаҳзодалар ичида жаъсур ва тадбиркор, салоҳиятли ва маърифатли ҳукмдор бўлган Хусайн Бойқаро ўзининг салкам 40 йиллик ҳукмронлиги даврида Хуросонда катта хайрли ишларни амалга ошириш, салтанат қудратини кўтаришга муваффақ бўлди. Бу улуғвор ишлар ва саъй-ҳаракатларда унинг мактабдош дўсти, буюк донишманд сиймо, ўзбек мумтоз адабиётининг асосчиси Алишер Навоий ҳазратлари (1441-1501)нинг роли беқиёсдир.
Улуғ Навоийнинг Бойқаро саройида биринчи вазир сифатида катта мавқе ва нуфузга эга бўлиши, албатта, кўплаб муҳим давлат масалаларини оқилона, раият фойдасига ҳал этишда қўл келган. Айниқса пойтахт Хирот ва унинг теварак-атрофларида қанчалаб ободончилик ишларини рўёбга чиқаришда, кўплаб салобатли меъморчилик обидалари, халқ хўжалик иншоотларини барпо этишда бу икки улуғ зотнинг баҳамжиҳат саъй-ҳаракатлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган. Тарихчи Хондамирнинг маълумотича, Хусайн Бойқаро даврида бунёд этилган йирик иншоотларнинг сони 40 дан ортади. Хиротда бунёд этилган ўнлаб кўркам масжиду мадрасалар (шу жумладан 403 гумбази, 130 та равоқи ва 44 та устуни бўлган улкан жомеъ масжиди), шифохонаю ҳаммомлар, илм масканлари, сув иншоотлари - булар Хуросон давлатида кечган катта бунёдкорлик ишларидан яққол нишонадир.
Чошмағул мавзесида А.Навоий ташаббуси билан Туруқбанд сув омборининг қурилиши Машҳад ва унинг атрофларини об-ҳаёт билан таъминлашда беназир аҳамиятга эга бўлган. Бироқ неажиб ҳолки, Хусайн Бойқаро даврида Хуросонда ҳам ички зиддиятларнинг кучайиб бориши, бек-амалдорларнинг фитна-фасоди, сотқинлигининг авж олиши, ёш шаҳзодалар ўртасида низоларнинг келиб чиқиши, газак олиб бориши давомида XV аср охирларига келиб инқироз сари юз тутиб борди. Айниқса Хусайн Бойқаронинг севимли набираси шаҳзода Мўмин Мирзонинг фожиали ўлимидан кейин подшо билан унинг ўғиллари ўртасидаги низолар тўхтовсиз кучайиб бордики, уни бартараф этишнинг сира иложи кўринмай борди. Хатто бу ишга қўл уриб, ота-болалар ўртасидаги душманликка нуқта қўйиш, уларни муросага келтириб, салтанат бирлиги, тинчлиги ва осойишталигини қарор топтиришга уринган Алишер Навоийдек буюк зотнинг саъй-ҳаракатлари ҳам беҳуда кетди. Бу эса Мовароуннаҳр ҳудудларини эгаллаб, Хуросон сарҳадларига кўз тикиб турган Муҳаммад Шайбонийхон беклари ва амирлари учун қўл келди. XVI аср бошларига келиб, яъни Хусайн Бойқаро вафотидан сўнг (1506) Хуросон ерлари томон юриш бошлаган Шайбонийхон қўшини Бадиузамон ва Музаффар Мирзо қўшинларини бирин-кетин енгиб, тез орада бутун Хуросон ўлкасини ўз қўл остига киритиб олади.
Худди шу ўринда тарихий асосга қурилган бир ибратли жонли лавҳани муҳтарам талабаларимиз эътиборига ҳавола этмоқчимиз: Бу 1497 йилда содир бўлган эди. Мўмин Мирзо занжирбанд ҳолда Хиротнинг Ихтиёриддин қалъасида махбусликда эди. У Қуръони Каримнинг «Ёсин» сурасини қироат қиларди. Бобоси Хусайн Бойқаронинг ўз набираси Мқмин Мирзони бўғиб ўлдириш тўғрисида муҳри босилган фармонни (уни шоҳнинг сармастлигидан фойдаланиб Хадичабегим бошлиқ фитначилар қўлга киритган эдилар) кўтариб хонага 4 жаллод ярим тунда кириб келади.
Мўмин Мирзо бобоси фармонини ўзи ўқиб кўришини, муҳрини ўзи аниқлашини амирона талаб қилади. Жаллодлар розилик беришади. Шаҳзода «Бобом муҳри чекилган бул фармон мен учун табаррукдир» дея фармонни аввал кўзига суртади, ўпади ва кейин эса ўқийди. Фармонда, жумладан, шундай мудҳиш сатрлар бор эди:
«Нишон етиши ила пайсалга солмай Муҳаммад Мўмин Мирзони камон ипига тортиб, йўқлик чиллахонасига жўнатилсин». Мўмин Мирзо ўзини дадил, мардона тутиб, жаллодларга бундай дейди: «ишингиз битгач, бобомнинг бул фармонини ўша камон ипининг бир қаричи ила боғлаб ўзларига қайтариб беринг. Бул менинг сўнгги васиятимдир. Уларга айтингки, ўз авлоди ила муросага келолмай, жаллод хизматига муҳтож подшоҳ салтанати узоқ чўзилмайди. Бобо, эҳтиёт бўлинг! Ал-қасосу минал ҳақ!». Шу сўзларни айтиш асносида у ердан кишан занжирини олиб боши узра айлантиради, икки жаллодни яралайди, бироқ кучлар нисбати тенг эмасди. Қолган икки жаллод уни йиқитиб, фармонда айтилган камон ипи билан бўғиб ўлдирадилар.
Зотан, 1506 йилда Хусайн Байқаронинг хушидан кетиши, ўлди деб кўмилиши, қабрда хушига келиши, чиқишга уриниши, аммо чиқа олмаганлиги -булар аслида «Ал-қасосу минал-ҳақ» инъикосидир.
Шу тариқа, қарийб бир ярим аср давом этган, ўз даврида Ватанимиз номини шону шуҳратга буркаган, уни ижтимоий тараққиётнинг юксак марраларига олиб чиққан, улуғ аждодларимиз тарихида ўчмас из қолдирган Темурийлар салтанати ҳукмронлиги тарих тақозаси билан ҳалокатга маҳкум бўлди. Бироқ бу мураккаб, зиддиятли тарихий жараён кейинчалик янги-янги авлодлар учун жуда кўплаб ҳаётий масалаларнинг мағзини чақиш, истиқлолни тиклаш йўлида битмас -туганмас сабоқ ва ўрганиш манбаи бўлиб хизмат қилди.

Download 1.34 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   36   37   38   39   40   41   42   43   ...   97




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling