Иккинчи жаҳон уруши тугаганига яқинда ярим аср бўлади. Бу уруш ер юзидаги деярли барча халқлар тарихида мудҳиш, фожиали ҳодиса бўлди.
Уйимиз рўпарасидаги ҳарбий казармани мен ана шу урушнинг тугашига муносиб ҳисса қўшган катта бир карвонсаройга ўхшатаман. Шу ердан халқ белини тугиб, душман қаршисига отланди, ўлим билан юзма-юз келди. Ватан, дўстлик, биродарлик қасамига ўзини сафарбар қилди. Даҳшатли уруш ўзбек халқининг бир сўзли халқ эканини, мард, дўстларига содиқ эканини, сабр-тоқатли, заҳматкаш халқ эканини кўрсатди. Шу билан бирга бу уруш қанча одамларнинг ёстиғини қуритди.
Қизим, Умида, мен сенга атаб, мураккаб, катта урушнинг бир кичкина бўлагини қисқача қоғозга туширдим. Лекин шу қисқача ҳикоядан ҳам ўз халқингнинг қандай эканини кўриб турибсан. У билан фахрлан. Мен — даданг каби шу халқни сев, унга содиқ бўл, унинг хизматини қил. Биламан, ишонаман, сен ўз халқингнинг обрўсига обрў қўшадиган, унинг дуосини оладиган ишлар қиласан. Қодирсан шунга, ниятингга ет, омад, бахт ҳамиша сенга ёр бўлсин! (Ў.Умарбеков)
ФЕЪЛ
213-машқ. Ўқинг, феълларни топиб, қандай сўроққа жавоб бўлиши ва маъносини изоҳланг; гапдаги вазифасини айтинг. Кесим вазифасидаги феълни эга билан бирга кўчиринг.
Комила ўртоғининг хонасига кириб, ҳар нарсага зўр қизиқиш билан қаради. Тўшак устида кенг, қордай чойшаб ташланган, содда темир каравот олдидаги янги дубдан ясалган этажеркада тахт-тахт китоблар, кўчага қараган қўш деразадан биринииг олдида қора-қизил ёғочдан ясалган силлиқ ва ихчам стол. Бунинг устида оддий ва қалин дафтарлар ҳам ўзга ёзув ашёлари мунтазам тартиб билан терилган. Одамзод аъзоларининг тузилишини кўрсатувчи карта деразалар ўртасидаги деворга кнопкалар билан ёпиштирилган. Бунга қарши яхлит деворга тиралган пианино қоп-қора ялтирайди. Эшик билан пианино ўртасида оддий, сарғиш фанер гардероб. Стол топ-тоза йилтирайди. Комила қўл тегизмай ҳамма нарсага бир-бир тикилиб, стулга ўтирди-да, бошини аста айлантириб, илжайиб яна томоша қилди. Уй дим эди. Комила ҳар икки деразани очди. Оқшом шабадаси дарров қизнинг юзларига ғир этиб урди. Йўлка бўйлаб, адл, ёш акациялар орасидан оққан ариқнинғ шўхлиги эшитилди. Қаршидаги ҳовлидан, қуюқ, дарахтлар орасидан баян товуши ва “Парень молодой” қўшиғи янгради. Комила столга суяниб, ўткинчларни кўздан кечирди... (О.)
Do'stlaringiz bilan baham: |