1.3. Минерал ўғитларнинг ассортименти, асосий таркиби ва хоссалари.
Минерал ўғитлар ассортименти барча турдаги ўғитлар: азотли, фосфорли, калийли, микроўғитлар, мураккаб ўғитлар, оҳакли ва бошқа материалларни қамраб олади.
Давлат стандартлари (ДСТ) ёки техник шартлар (ТШ) асосида минерал ўғитлардаги бир ёки бир неча таъсир этувчи моддаларнинг минимал миқдори белгилаб берилади. Шу билан бир қаторда ушбу стандартларда ўғитдаги намлик ва ўғитлар таркибидаги ўсимликларга зарарли, шунингдек физик-кимёвий ва механик хоссалари кўрсаткичларига салбий таъсир этувчи қўшимчалар миқдори чегараланади. Намликнинг ортиши ўғитнинг ёпишқоқлигини оширади ва бир бутун масса ҳолатида қотиб қолишга олиб келади. Бундан ташқари, намлик ўғит таркибидаги озуқа моддалар миқдорини камайтирувчи балласт ҳисобланади.
Қуйида минерал ўғитлар асосий турларининг ассортименти келтирилган.
Азотли ўғитлар қаттиқ ва суюқ ҳолатда ишлаб чиқарилади. Қаттиқ азотли ўғитлар орасида энг концентрланган ўғит — таркибида 45...46% N тутган карбамид, ундан кейин таркибида 33,6...34,6% N тутган аммиакли селитра ҳисобланади. Кам концентрацияли ўғит — таркибида 20...21% N тутган аммоний сульфат нисбатан кўп миқдорда ишлаб чиқарилади.
Суюқ азотли ўғитлар орасида энг концентрланган ўғит — таркибида 82% N бўлган сувсиз аммиак
ҳисобланади. Кам концентрацияли аммиакатлар ва азотли эритмалар таркибида 30...36% N ва аммиакли сув таркибида 20...21% N бўлади.
Барча азотли ўғитлар, улар таркибидаги азотнинг шаклига қараб, бешта: аммиакли, аммонийли, нитратли, аммонийли-нитратли ва амидли гуруҳларга бўлинади.
Аммиакли ― азот эркин аммиак хилида мавжуд. Уларга сувсиз аммиак, сувли аммиак киради.
Аммонийли ― азот бунда азот кислота қолдиғи билан боғланган аммоний иони (NH4)+ билан кўрсатилган: аммоний сульфат, аммоний-нитрат сульфати.
Нитратли ― азот нитрат кислота тузлари хилида (NO3-) оксидланган шаклида бўлади: натрийли селитра NaNO3, кальцийли селитра Ca(NO3)2.
Do'stlaringiz bilan baham: |