САВОЛ
(Шоир - Рустам Мирвоҳид устозга!)
Устоз, дунёда наҳот шеърдан азиз неъмат йўқ?!
Инсондек фоний, ҳайҳот, ашъордек ғанимат йўқ?!
Бор бўлса гар не эрур қайноқ мисрадан бўлак,
Севги томган шеър қиммат, молда нега қиймат йўқ?!
Гарчи қиммат бўлмаса - шоирмас ҳамма нега?
Наҳот бу чипқон бўлса пишмас яра устига!
Балки Ҳазрат Навоий, Машраб яна керакдир,
Алар йўқлиги сабаб, ҳозир шеърбоз урчиган...!
Айб этманг жон устозим, мендай - бетгачопарга,
Сиздан олар жавобим - дилим оғзин ёпарга!
«Қонсин кўнгил чанқоғи...» деб, боғлабон белимни,
Чиқдим адабиётдек улуғ йўлга - сафарга!
Хастаман Рустам оға, қалбимда ҳаловат кам,
Фақат шу бўстондадир ғамимни куйдирган шам.
Аммо баъзан юракни тирнар бўстон тақдири -
Унда «Қўчқор»лар талай, фидойи «Аломат» кам...!
Устоз, дунёда наҳот шеърдан бўлак йўқ надим?
Жавоб топмайин, ҳайҳот, энди сизга йўлладим.
Мен ўйлардим - оқибат, меҳр устиндир деб бироқ -
Яқинлардан кечдиму, шеъримдан кечолмадим...!
ВАТАНИМ
(ҚАСИДА)
Ватан десам томиримда тўхтаган қон ўйнаб кетди.
Юраккинам бир силкиниб, мудраган жон ўйнаб кетди.
Адрлардан боққан эдим шудгор бўлган сарҳадингга,
Тиним билмас тегирмоним, лиқ-лиқ хирмон ўйнаб кетди.
Бошим қўйсам шаҳидларнинг кўксин ўпган тошларингга,
Садо келар: «фарёд чекма, ёш қўшилсин ёшларингга...»
Алар даркор ушбу элга, қайтариб бер Роббим, десам,
Алар энди Жаннатда деб, ҳуру ғилмон ўйнаб кетди.
Онам куяр бир чеккада телбанамо ҳолатимдан,
Тушунгайсан, ишқинг билан хушдан озган болангдирман.
Залолатда қолган каслар менинг жоним қирқар десам,
Гоҳ нураб, гоҳ гуллаб турган илму-ирфон ўйнаб кетди.
Соғинаман нетай ахир Алишеру, Машрабингни,
Алардек ким қондиролди ашъор деган матлабингни?
Кўрурсан, мен ёртигайман маёқ бўлиб мазҳабингни,
Йўқ, тўкмадим кўзимдан ёш - дилда ҳижрон ўйнаб кетди.
Ўзим тўқдир, кўзим тўқдир, бўлса сиқим тупроқ керак,
Фақат зиё деган нурдан юрагимга кўпроқ керак.
Ўтган кунлар ўтиб бўлди, қалб қабрига кўммоқ керак...
Сўзим тугатмасимдан ҳам бутун жаҳон ўйнаб кетди.
«Сенга - фақир, ўзга юртга - шаҳзодадек кўрингайман,
Умрим етган дамга қадар ривожингга урингайман.
Каъбамдирсан, тош отганнинг йўлига минг тўр илгайман,
Туркистон...» деб, наъра қилсам, еру осмон ўйнаб кетди.
Do'stlaringiz bilan baham: |