Яна мен...
Яна мен... Турибман дилингиз чертиб,
Қалбингиз эшигин очмоқ - истагим!
Ишқнинг оташида шамдай эритиб,
Бир пуфлаб, ўчириб қочмоқ - истагим.
Яна ман... Қасд олиш ўйида келдим,
Сиз мени жим севиб, кўп қийнадингиз.
Тили йўқ мужгонга, кўзга севилдим...
Энди мен севайин, бир қийналинг сиз.
Яна мен... Ҳа, яна, яна ва яна,
Кутилмас балодек йўлингиздаман.
Ҳар қандай азобга солингиз, мана,
Жонимни келтирдим, қўлингиздаман...!
Яна мен... Маликам, ёлғизим, эркам,
Не қилай, ўзга ёр сочин таролмам!
Сиз - гулга мубтало айлаган Эгам,
Роббимнинг амрига қарши боролмам!
Яна мен... Майлига, лаънатланг, қарғанг,
Қорайган, торайган ўпкаю, дилни.
Сўққабош бўлсамда Ҳаққа бадарға,
Қўйнимга тиқолмам ўзга бир гулни.
Яна мен... «Сўнгсўз»им айтмайин нега?!
Бир ёнда хотима, бир ён - қалб жанги.
Эҳтимол, кийим-бош эскидир менда,
Сиз учун туғилган ишқим яп-янги...!
Энди сиз... Ҳукм ўқинг, қораланг, оқланг,
Ё отинг, ё осинг, сиз айтган бўлсин.
Сўнг очиқ кўзимни маҳкам қучоқланг,
Кўнглингиз тўлмади, кўксингиз тўлсин!!!
ДEСИНЛАР
Сени шундай севайки, гулим,
Кўрганлар: «бу - бемор...» десинлар.
Фақат сенга чўзайин қўлим,
«Бу - дунёдан безор...» десинлар!
Майли айтсин «бу бир телба» деб,
«Расво бўлди бугун элда» деб.
«Жанон, сен ҳам келсанг келда», деб,
«Бўлма бунча беор...» десинлар!
Иста - эшит, иста - эшитма,
Юрагимни ёқар иситма!
Кетсанг - келма, ва ё кел, кетма,
«Шундай бўлар чин ёр...» десинлар!
Рақибларга битта дарс бергин,
Совуқ ниятига дарз бергин.
Ғанимга ҳам меҳр қарз бергин,
«Ишқсиз дунё - бекор...» десинлар!
Ҳозир менсиз аҳволинг қалай?
Менга ғамлар йиғилди талай.
Юрагимни чертиб куй чалай,
«Даркор эмас чилтор...» десинлар!
Ўзинг бир бор келмасанг зинҳор,
Не керакдир сен берган зуннор?!
«Моҳирбекка дил бермасанг - бор,
Ҳе, садқайи дилдор...» десинлар!
Do'stlaringiz bilan baham: |