Наманган давлат университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи phD


Демократик сиёсий анъаналар ҳали чуқур илдиз отмаганлигии


Download 490.6 Kb.
bet9/11
Sana17.06.2023
Hajmi490.6 Kb.
#1530163
TuriДиссертация
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   11
Bog'liq
Соҳибов Автореферат

Демократик сиёсий анъаналар ҳали чуқур илдиз отмаганлигии. Аксар мамлакатларга хос бўлган муаммолардан бири демократик қадриятларнинг шаклланмаганлиги ва демократик сиёсий анъаналар ҳали чуқур илдиз отмаганлиги ва ривожланмаганлиги билан боғлиқ.

  • Фуқаролик жамиятининг заифлиги, жамият ҳокимиятдан ажралиб қолганлиги. Ривожланган мамлакатларда фуқаролик жамиятининг қарор топганлиги ва ҳукумат ҳалқ учун ҳизмат қилиши анъанаси уларда коррупцияга қарши кураш самарадорлигини ҳам намоён қилади.

  • Ҳокимият институтларининг самарали эмаслиги. Давлат бошқаруви ҳокимиятнинг бўлиниш тамойилига асосланади ва улар ўзаро тенг ва бир биридан мустақил фаолият олиб боради.

  • Қонунчилик лозим даражада ривожланмаганлиги ва унинг номукаммаллиги. Жамиятда қонунчилик асосларининг мустаҳкамлиги ва қонунларнинг тўлиқ ишлаши барча ҳуқуқбузапрликлар учун энг самарали кураш усулидир, аслида. Ҳар қандай ижтимоий муаммолар қонунларнинг яхши ишламаслиги ва ёки қонунчиликдаги бўшлиқларнинг кўплиги билан боғлиқ бўлади.

  • Иқтисодий таназзул ва сиёсий беқарорлик. Мамлакатнинг ижтимоий тараққиёти ва барқарорлиги унинг иқтисодий асосларини мустаҳкамлиги ва сиёсий институтнинг барқарорлигига боғлиқ бўлади.

    Хулоса қилганда, коррупцияга қараши кураш учун давлат хизмати тизимини тегишли тарзда ўзгартириш ва коррупцияга қарши қонун ҳужжатларини қабул қилиш йўли билан курашиш мумкин. Коррупцияни вужудга келтирувчи муаммолар қаторига Ўзбекистон Республикасигагина эмас, балки модернизация жараёнларини бошдан кечираётган, аввало марказлашган иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтаётган аксарият мамлакатларга хос бўлган муаммолар киради. Биринчидан, коррупция сабабларининг турли талқинлари бир-бирига зид келади, иккинчидан, уларнинг бирортасини ҳам камчиликлардан холи деб айтиш мушкул. Коррупцияни вужудга келтирувчи сабаблар ва шарт-шароитларни лозим даражада ўрганиш йўли билангина уни камайтириш ва чеклаш бўйича муайян чора-тадбирларни белгилаш ва ишлаб чиқиш мумкин.
    Диссертациянинг «Коррупцияга қарши кураш миллий стратегиясини ишлаб чиқишнинг ижтимоий-фалсафий жиҳатлари» деб номланган иккинчи бобида коррупцияга қарши курашда давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилишнинг янгича механизмалари ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва ҳуқуқий таълим ва тарбия тизимини такомиллаштириш масалалари тадқиқ қилинган.
    Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичида коррупцияга қарши кураш янги босқичга олиб чиқилди. Бу иллатга қарши курашишнинг комплекс механизмларини яратишга доир ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу жараёнда коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз фаолиятини олиб борувчи давлат органларининг ҳуқуқ ва ваколатлари, амалга оширадиган ишларининг кўлами ва ўзаро интеграцион фаолиятини самарадорлигини ижтимоий-фалсафий жиҳатларини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, «Transparency international» ташкилотининг «Коррупцияни қабул қилиш» индексида 2020 йилда Ўзбекистон 2019 йилдагига нисбатан 7 поғона юқорилаб, индекс баҳосида қаторасига 4 йил давомида барқарор ўсишга эришди. Коррупцияга қарши кураш бугунги кундаги дунё ҳамжамияти олдида турган энг долзарб масалалардан бирига айланди. Унинг давлатлар ва минтақа иқтисодиёти, сиёсати, ижтимоий ҳаётига ҳалокатли таъсирини айрим мамлакатлар инқирози мисолида кўришимиз мумкин»10. Шунингдек, Корупция тўғрисидаги хавотирли мулоҳазалар дунёнинг энг юксак минбарларида ҳам тез-тез янграмоқда. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш жаҳон ҳамжамияти коррупция туфайли ҳар йили 2,6 триллион АҚШ доллари миқдорида зарар кўраётганини таъкидлашининг ўзиёқ масаланинг моҳиятини намоён этиб беради.
    Бугунги кунда жамоатчилик назоратини янги босқичга кўтариш, хусусан, коррупцияга қарши курашишда унинг имкониятлардан унумли фойдаланиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Боиси, жамоатчилик назоратини ҳар соҳада кенгайтириш жамият тараққиётининг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва гуманитар соҳаларида катта самара бериши шубҳасиз. Мазкур ҳодиса ҳозирги ижтимоий тараққиётнинг муҳим тенденцияси десак ўринли бўлади. Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб, қуйидагиларни таъкидлади: «Коррупцияга қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак. Шунинг учун ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз ички дастурлари бўлиши шарт»11.
    «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида» ги қонунга кўра мазкур иллатга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари қуйидагилардан иборат:

    • Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси;

    • Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати;

    • Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;

    • Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги;

    • Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти;

    • коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга оширади.

    Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссия давлат сиёсати йўналишларини амалга ошириш ва коррупцияга қарши кураш соҳасида дақвлат дастурларини амалга оширишга бошчилик қилади. Шу билан бирга коррупцияга қарши курашни амалга оширувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштиради, шунингдек, коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар ва уларни бартараф этишга доир чора-тадбирларни амалга оширади. Шунингдек, мазкур комиссия коррупцияга қарши курашда мониторинг амалга оширади, миллий қонунчиликни такомиллаштириш фаолиятини йўлга қўяди. Кейинроқ, коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари этиб қайта ташкил этилди12. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тузилди ва у мазкур миллий кенгашнинг ишчи органи этиб белгиланди.
    Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қуйидагиларга ваколатли ҳисобланади:

    • «бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, давлат харидлари, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва давлат дастурлари бажарилиши билан боғлиқ материалларни талаб қилиш, олиш ва ўрганиш;

    • ўз ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан НҲҲ қабул қилиш;

    • жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш;

    • давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида коррупция ҳолатини ўрганиш;

    • коррупцияга оид жиноятлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, тизимли коррупциянинг ривожланиш тенденцияларини таҳлил қилиш мақсадида қонунчиликка мувофиқ жиноят ишлари материалларини ўрганиш;

    • ўрганиш ва бошқа тадбирлар натижалари бўйича тўпланган материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органларига тақдим этиш;

    • коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий суриштирувлар ўтказиш;

    • ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари қарорларида коррупция белгилари аниқланган ҳолларда уларнинг ижросини тўхтатиш ёки бекор қилиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни киритиш;

    • давлат органлари, ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахсларига коррупцияга оид ҳуқуқбузарликка йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантиришлар ҳамда коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимномалар киритиш»13. Шу билан бирга коррупцияга қарши курашда давлат органлари ва агентлик фаолиятини шаффофлигини кўрсатиб бериш учун, оммавий ахборот воситалари имконияталридан тўғри фойдаланиш ҳам муҳим ҳисобланади. «Оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерлар эркинлигини таъминлашга, давлат идораларининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари учун очиқ бўлишига, раҳбарларнинг кундалик фаолиятида журналистлар билан яқин мулоқот ва ҳамкорлик ўрнатишига қаратилган амалий чора-тадбирлар кўрилди. Натижада мансабдорларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати жамоатчилик кўз олдида бор ҳолича намоён бўла бошлади. Зеро, очиқлик-ошкоралик мавжуд жойда коррупцияга қўл уриш мураккаблашади»14. Коррупцияга қарши курашда жамиятда муросасизликни шакллантириш ва очиқ-ошкораликни яратиш энг кучли қуроллардан бири эканлиги халқаро тажрибадан маълум. Шу боис оммавий ахборот воситаларидан халқ билан давлат органлари фаолиятини боғловчилик воситасидан фойдаланиш, шу билан бирга уларнинг ижтимоий муносабатлардаги шаффофликни шакллантиришдаги фаолиятини рағбатлантириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

    Бугунги кунда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш давлат сиёсатининг устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Бу борада жамиятимизнинг янги тараққиёт босқичида кўплаб таълимий ва ташкилий ҳамда қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш билан боғлиқ ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони ҳам мазкур тизимни такомиллаштириш, коррупцион хавфсизликни шакллаентиришни янги босқичга чиқаришга қаратилган ишларнинг бир қисми ҳисобланади.
    Шунингдек, жамиятда коррупцияга қарши муросасизликни шакллантиришда, коррупцион муносабатларни оммалашиб кетмаслигида ижтимоий онгда ҳуқуқий маданиятни ривожлантириш ва ҳуқуқий таълим-тарбия самарадорлига боғлиқ эканлиги маълум бўлмоқда. Чунки кўп ҳолатларда коррупцион муносабатлар инсонларнинг ҳуқуқий маданиятсизлиги асосида юзага келмоқда. Ёки мазкур муносабатнинг қонунчлик билан жазоланишидан беҳабарлик ёки ундан қўрқмаслик, аксар холатларда жазо чораларининг қатъий эмаслигида эканлиги келиб чиқмоқда.
    Ҳуқуқшунос Зайниддин Жўраевнинг фикрича, «коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг содир этилиш сабаблари ва шарт-шароитларини ўрганиш эса бу турдаги жиноятларнинг асосий сабабларидан бири аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти етарли даражада ривожланмаганлиги, ҳуқуқий таълимнинг заифлиги билан боғлиқлигини кўрсатмоқда. Чунки берувчи бўлмаса, олувчи ҳам бўлмайдида. Эркин ва демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини, шунингдек, ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш ҳар доим долзарб вазифалардан бири ҳисобланиб келган. Шундай экан, мазкур тушунчалар ҳуқуқий таълим жараёнида вужудга келади ва такомиллашади»15. Демак, ҳуқуқий таълим деганда, нафақат махсус таълим муассаларидаги, балки, таълим тизимининг барча босқичларига хос бўлган билим олишни тушуниш лозим. Жумладан, ҳуқуқий таълим нафақат юридик кадрларни тайёрлашда, балки, бутун аҳолининг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини оширишга қаратилади. Шу билан бирга, коррупцияга қарши кураш ўз ичига нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига тааллуқли, балки бутун жамият аъзоларининг ҳамкорликдаги иштирокини талаб этувчи кўпқиррали мураккаб жараён бўлиб, комплекс чора-тадбирлардан иборат.
    Шу билан бирга коррупцион хавфсизликни шакллантиришда ҳуқуқий таълимнинг ўрни ҳам юқори ҳисобланади. Чунки ҳуқуқий таълим жамиятда ва ижтимоий дунёқарашда ҳуқуқий саводхонликни шакллантиради. «Ҳуқуқий саводхонлик ва билимларни амалий ҳаётда қўллай олиш кўп жиҳатдан ҳуқуқий таълимнинг мазмун-моҳиятига боғлиқдир. Шу нуқтаи назардан қараганда, ҳуқуқий таълим ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқларини билиши ва ҳимоя қилишини таъминлашнинг зарурий шарти ва асосий омилларидан бири ҳисобланади. Бу эса ёшларнинг ҳуқуқий онгини шакллантиришнинг муҳим омили бўлган ҳуқуқий таълимни ташкил этиш билан боғлиқ жараёнларни мунтазам ўрганиб бориш, илмий таҳлил қилиш ҳаётий-амалий аҳамиятга эгалигини кўрсатади»16. Бунда ҳуқуқий таълим-тарбия, ҳуқуқни ўқитиш, ҳуқуқий саводхонлик, ҳуқуқий билим, кўникма ва малаканинг ўрни билан алоқадор масалаларни ўрганиш муҳимдир. Ёшларнинг хуқуқий маданияти уларнинг хуқуқий саводхонлик даражаси, қонунларга бўлган хурмати, хуқуқий нормаларни ижро этиш хаётга тадбиқ эта олиш кўникмаси, хуқуқ бузарликларга нисбатан муросасизлик, қонунлари ижоаткорлик, хуқуқий фаоллик хамда ташаббускорлик даражасидир. Ёшларни юксак хуқуқий маданияти жамиятимиз тараққиётини таъминлайди.
    «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонунга кўра, манфаатлар тўқнашувини олдини олиш учун «давлат органларининг ходимлари мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги»17 кераклиги аниқ белгиланган. Бу эса, давлат органлари ходимлари, мансабдор шахслар фаолиятини тартибга солиш заруратини ҳам келтириб чиқаради. Унга кўра, мансабдор шахсларни турли соҳаларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни чеклаши, ёки яқин қариндошларини тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишига доир аниқ қоидаларни ҳам ишлаб чиқишни талаб этарди. Мазкур қонунга кўра, давлат органлари ходимлари ёки мансабдор шахслар фаолиятида «манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, бевосита раҳбарни дарҳол хабардор қилиши керак. Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олган раҳбар бу тўқнашувнинг олдини олиш ёки уни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чоралар кўриши шарт»лиги белгиланган бўлсада, бу қоида бажарилмаганда қандай ҳуқуқбузарликлар содир бўлиши, қандай жазо қўлланиши аниқ белгилаб қўйилмаган. Шунинг учун коррупция хавфсизлигини шакллантиришда манфаатлар тўқнашуви холати кузатилиши мансабдор шахс фаолиятини сўроқ остида қолдирадиган даражада муносабатга тортилса, жамоатчилик мониторинги бундай холатларда юқори масъулият билан ишлса мақсадга мувофиқ бўларди.
    Жамиятда коррупцион хавфсизликни шакллантиришда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланиши, уларнинг фаолиятига ҳеч бир тўсиқлар мавжуд бўлмаслиги, мавжуд муаммолар доирасида йўлланган мурожаатлар очиқ ва шаффофлик билан, қонун талаблари асосида олиб борилиши талаб этилади. Бу эса уларда ўз фаолиятини тўғри йўлга қўиш учун ишонч, уни ҳимоя қила оладиган қонун мавжуд эканлиги ҳамда эркинликларини кафолатланганини амалиётда кўриш имкониятини яратади. «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонунга кўра, «давлат органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши, мурожаатларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши, улар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликларини тиклаш ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўрилиши устидан назоратни таъминлаш»18 ҳам кўзда тутилган. Бу коннучилик асослари орқали жисмоний ва юридик шахслар ва давлат идоралари ёки органлари ўртасидаги муносабатлар назоратга олинади, рақамлаштирилади ва қонунлар билан қатъий тартибга солинади. Бу эса уларнинг фаолиятида коррупцион муносабатларни юзага келтирмайди. Бундан келиб чиқадики, қонунлар ўз вазифасини аниқ бажарган ва фуқаролар томонидан уни бузиш имконияти умуман қолмаган шароитда жамиятда унга нисбатан ҳурмат билан бирга мустаҳкам ишонч ҳам шаклланди.
    Давлат органлари фаолиятида манфаатлар тўқнашуви холатларини юзага келмаслигини назорат қилиш, коррупция хавфсизлиги шакллантиришда ҳуқуқий-норматив ҳужжатларнинг ўзро бир-бирига зид келиб қолмаслигини олдини олиш, уларни экспертизадан ўтказиш механизмларини такомиллаштириш ва бу орқали манфаатлар тўқнашувига ҳуқуқий асос бўлувчи қонунчилик нормаларини тизимли тўғрилаб бориш масалалари ҳам долзарблик касб этмоқда. Бугунги кунда қонунчлиликдаги «бўшлиқ»лар ёки тўлдирилмаган жиҳатлар асосида коррупцион хавфсизликка таҳдидлар келиб чиқмоқда ки очиқ-ойдин манфаатлар тўқнашуви холатлари кузатилмоқда. Бу эса, коррупция хавфсизлиги яратишга доир қонунчлилик асосларини ривожлантириш, муттасил такомиллаштириб боришни талаб этади. Бу эса, «норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ташкил этишни, давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимларининг самарали ижтимоий ҳимоя қилинишини, моддий таъминот олишини ва рағбатлантирилишини таъминлаш»19ни долзарб вазифалардан бирига айлантиради.
    Шунингдек, бугунги ислоҳотлар шароитида ижтимоий-иқтисодий ривожланишг ва тадбиркорликни қўллаб қуватлашга доир чора-тадбирлар тизимини ҳам ишлаб чиқиш ва мавжуд ислоғотларни ривожлантириш талаб этилади. Бу орқали иқтисодий муносабатлар ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ бўлувчи турли маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, рўйхатга олиш ёки рухсат бериш билан боғлиқ турли ҳизматлардаги коррупцияни тугатишга қаратилган тизимли ишларни ҳам амалга ошириш керак бўлади. Жамиятимизнинг янги тараққиёт босқичида турли маъмурий ва бюрократик тўсиқлар олиб ташланди, қоғозбозлик ва тули маълумотномалар йиғиш ишларига чек қўйилди. Кўплаб давлат ҳизматлари рақамлаштирилди, «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонунга кўра, ижтимоий иқтисодий ривожланишга эришиш учун «маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, рўйхатга олиш, рухсат этиш ва лицензияга доир тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда уларнинг тезкорлигини ошириш, давлат органларининг назорат-текширув вазифаларини мақбуллаштириш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш тизимини такомиллаштириш, уларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашишга йўл қўймаслик, давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг масофавий шаклларини кенг жорий этиш» га доир бир қанча ташкилий-ҳуқуқий масалаларга ечим топилди ва мавжуд илдизлари чуқур ижтимоий масалаларга бориб тақаладиганларига секин-асталик билан ечимлар ишлаб чиқилмоқда. Бу эса давлат хизматлари фаолиятидаги турли коррупцион муносабатларни бартараф этиш, таниш-билишлик, ошна-оғайнигарчилик каби иллатларни йўқ бўлиб кетишига шароит яратди.
    Коррупцияга қарши кураш тизимини такомиллаштириш, жамиятда коррупцияга муросасизлик муносабатини шакллантиришда коррупцияга доир илмий тадқиқот ишларини ривожлантириш, ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш ва уларни коррупцияга қарши миллий кураш стратегияга олиб кириш, шу билан бирга коррупция хавфсизлигини шакллантиришга қаратилган қонунчилик асосларини такомиллаштириш ҳам долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмқода. «коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонунга кўра, «коррупциянинг ҳолатини, хусусиятини, миқёсларини, ўзгаришларини ва тенденцияларини, шунингдек коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг амалга оширилиш самарадорлигини ўрганиш давлат органлари томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари, шунингдек фуқаролар билан ҳамкорликда социологик, махсус, илмий тадқиқотлар ҳамда бошқа турдаги тадқиқотлар ўтказиш йўли билан» мустаҳкамлаб борилиши, ишлаш смарадорлигига эришиш мумкин бўлади.
    Диссертациянинг учинчи боби «Жамиятда коррупция хавфсизлигини шакллантиришда давлат сиёсатининг истиқболдаги вазифалари» деб номланади. Мазкур бобда коррупцияга қарши курашда давлат сиёсатининг истиқболдаги стратегияси ва маъсулияти ҳамда коррупцияга қарши курашда раҳбар кадрлар ва давлат ҳизматчиларини «халоллик вакцина»си билан эмлаш самарадорлиги асосланган.
    Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичида ижтимоий барқарорликни шакллантириш учун коррупцион хавфсизликни яратиш, бу иллатга қарши курашишнинг устувор йўналишларини белгилаб олиш, давлат сиёсатида бу иллатга қарши курашнинг йўналишларини аниқлаштириб олиш масалалари долзарблик касб этади. Шу боис коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги янги қонунчиликда давлат сиёсатининг усутувор вазифалари сифатида қуйидагилар келтириб ўтилган: «аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш; давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш; коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш»20. Мана шу устувор вазифалар асосида жамиятда коррупцияга қарши муросасизликни қарор топтириш, коррупцияга қарши қонунчилик ва жазо чораларини қатъийлаштириш мақсад қилинган. Зеро, «коррупция ҳар қандай давлат ва жамият тараққиётига жиддий путур етказади. Қолаверса, фуқароларнинг ижтимоий адолат, ҳақиқат ҳамда давлат органларига бўлган ишончини йўқотади. Шунинг учун ҳам янги тараққиёт босқичида мазкур иллатга қарши курашиш, унга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш йўлида қатъий ишлар олиб борилмоқда»21.
    2017 йил 2 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2752-сонли қарори мамлакатда коррупцияга барҳам бериш ва унга қарши курашда муҳим аҳамият касб этди. Қарорга асосан «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларининг самарали ижросини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида «2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури тасдиқланди, коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилди. Бу комиссиянинг асосий вазифалпри сифатида қуйидагилар белгиланди:
    ─коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларининг ва бошқа дастурларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш;
    ─коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлигини таъминлаш;
    ─аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш;
    ─коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, уларни аниқлашга, уларга чек қўйишга, уларнинг оқибатларини, шунингдек уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар самарадорлиги оширилишини таъминлаш;
    ─коррупциянинг ҳолати ва тенденциялари тўғрисидаги ахборотни йиғиш ҳамда таҳлил этиш;
    ─коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳадаги мавжуд ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмларнинг самарадорлигини баҳолаш;
    ─коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва ушбу соҳадаги ишларни яхшилаш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
    ─коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш»22.
    Бугунги кунда жамиятларда коррупцион хавфсизликни шакллантириш долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Чунки коррупция жамиятни барқарорликдан беқарорликка олиб борадиган, уни емирадиган жамият аъзоларини ахлоқий жиҳатдан тубанлаштирадиган ва уларда ҳалолликка доир қарашларини ўзгартириб юборадиган ижтимоий иллатдир. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида «Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак», деб таъкидлаган эди.
    Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босиқчида юқори интеллектуал салоҳиятга, теран тафаккур ва кенг дунёқарашга эга бўлиш билан бирга юксак ахлоқий сифатларни ўзида мужассам этган кадрларни тайёрлаш долзарб вазифалардан бирига айланмоқда. Сабаби юксак ақлий салоҳиятга эга ёки теран тафаккурли раҳбар кадрлар ва мансабдор шахслар билан боғлиқ коррупцион ҳолатлар ва жиноятлар кадрлар тайёрлаш масаласига янгича ёндашувни ва махсус методикани заруратга айлантирмоқда. Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев ҳам янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ватанпарвар, ҳалол кадрларни танлаш ва тайёрлаш бўйича самарали тизим яратилмас экан, давлат бошқарувида сифат ўзгариши юз бермаслигини алоҳида таъкидлаб келмоқдалар23. Шундай экан, ижтимоий фалсафа доирасида ҳалол ва садоқатли кадр категорияларини тадқиқ этиш ҳам муҳим вазифалардан бирига айланмоқда.
    Коррупцияга қарши курашда раҳбар кадрларда ва давлат ҳизмачиларида юксак ахлоқий фазилатларни шакллантириш долзарб вазифалардан биридир. Чунки коррупцион муносабатлар давлат ҳизматлари ёки раҳбар кадрлар билан касбий муносабатларда кўпроқ юзага келади. Шу билан бирга коррупция ҳизмат ваколатини суиъстимол қилиш орқали юзага келса, раҳбар кадрлар ва давлат ҳизматчиларида юксак ахлоқий фазилатлар, хусусан, ҳалоллик, виждонлилик ва масъулиятни ошириш орқали кураш йўлларини кенгайтириш керак бўлади.
    Ҳалол кадрларнинг янги авлодини яратиш учун инсон капиталига алоҳида эътибор қаратиш, ёшларни том маънода маърифатли қилиш, илмли ва дину-диёнатли қилиб тарбиялаш лозим. Инсон капиталини ривожлантириш учун мамлакатимиз илмий ва гуманитар салоҳиятидан кенг фойдаланиш лозим. Шу муносабат билан илмий ва инновацион фаолиятнинг устувор йўналишлари бўйича шерикликнинг яхлит тизимини шакллантириш керак бўлади.
    Шунингдек, сифатли давлат хизмати тизимини яратиш ва унинг фаолиятининг асосий тамойилларини, давлат хизматининг кадрлар таркибини шакллантиришга, давлат хизматига ишга киришга бўлган талабларни, уни ўташни ва якунлашни тартибга солувчи «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши ҳам давлат органлари фаолиятини шаффофлаштириш, ҳалол кадрлар тайёрлаш тизимини яратиш йўлидаги муҳим одимлардан бири бўлди. Зеро, «ҳозирги вақтда давлат ҳокимият идораларида кўп ҳолларда кадрлар салоҳиятидан фойдаланиш, уларнинг вазифа ва ваколатлари тақсимоти оқилона ва самарали йўлга қўйилмаганлиги сезилмоқда. Энг ёмони бу ҳолат ишимизга халал бермоқда. Бир идорани қарасангиз, юзлаб одам нимага ишлаб турибди. Бошқа бир идорани қарасангиз иш кўп, вазифа кўп, ишлайдиган одам кадр етишмайди»24. Дарҳақиқат, самарасиз кадрлар менежменти ҳам жамиятимизда мутахассисларнинг самарали фаолиятини чекловчи механизмга айланиб қолганлиги маълум бўлмоқда.
    Хулоса қилганда, мамлкатимизда кадрлар тайёрлаш ва уларнинг меҳнатидан самарали фойдаланишда ушбу жараёнга таъсир қиладиган объектив ва субъектив омилларни чуқур ўрганиш лозим. Бир холатда кадрларга адолатли шарт-шароитнинг мавжуд эмаслиги муаммо бўлса, бошқа вазиятда кадрлар даражасига яраша маош тўланмаслиги уларнинг салоҳиятидан етарлича фойдалана олмасликни келтириб чиқармоқда. Бошқа томондан ақлий салоҳияти юқори кадрларда ахлоқий фазилатлар, юксак виждон, инсофнинг етишмаслиги уларнинг коррупцион холатларга алоқадорлигини келтириб чиқармоқда. Бундай вазиятда янгича кадрлар авлодини яратиш ва уларнинг моддий имкониятларини ҳисобга олиш ва уларда юксак ахлоқийлик сифатларини шакллантириш долзарблик касб этади.


    ХУЛОСА
    «Жамиятда коррупция хавфсизлигини: ижтимоий-фалсафий таҳлил» мавзусидаги диссертация тадқиқ асосида қуйидаги хулоса ва таклифлар ишлаб чиқлди:

    1. Коррупция давлат хизмати тизимидаги ҳодиса сифатида давлат хизматчилари ёки уларнинг воситачилари ёрдамида мулкий бойлик орттиришга қаратилган, ўз мавқеидан қонунга ҳилоф равишда фойдаланиш, давлат хизматчиларини, жисмоний ва юридик шахсларни сотиб олиш каби турли ҳуқуққа зид ҳаракатларни ўз ичига олиши сифатида таърифланиши аниқланди.

    2. Ислом динида ҳам пора бериш ва олиш қораланганлиги ва бундай иллатларга алоқадорлик гуноҳ амал эканлиги турли шаклларда қайд этилган. Шу билан бирга, ислом динида бир инсон бошқа бир инсоннинг молини олиб қўйиши, уни норози қилган ҳолда ўзлаштириб олиши, бирор бир ишга масъул қилинган инсоннинг ҳалолу-пок бўлиб ишлаши, ишни ташкил этиши, белгиланган миқдордан ортиқча ҳизмат ҳақи олиши ҳаром эканлиги белгилаб қўйилганлиги келиб чиқади.

    3. Ривожланган давлатлар, давлат ҳизматлари билан боғлиқ барча амалиётларни рақамлаштириш орқали коррупцион муносабатларга асос бўлувчи шароитларни минималлаштиришга алоҳида эътибор қаратишади ва инсон омилини имкон даражасида чеклаш ишларига алоҳида урғу бериш юқори смарадорликни намоён қилиши маълум бўлади.

    4. Коррупцияга қарши курашда мансабдор шахсларнинг ўз вазифаларини бажариши учун аниқ стандартларнинг ишлаб чиқилганлиги ва уни бажариш юзасидан ходим устидан қатъий назорат ўрнатилишни таъминлашнинг мавжудлиги, назоратни таъминлаш учун кўпинча автоном ишлайдиган махсус бўлимлар ташкил қилиниши муҳим эканлиги хулоса қилинди.

    5. Коррупцияни вужудга келишида икки томонлама диалектик боғланишлар мавжуд: Бир томондан, коррупцияга қарши курашиш унинг таъсирини ва зарарини камайтириши мумкин, бошқа томондан бу иллат кенг тарқалган ўтиш даври муаммоларини ҳам кескинлаштиради. Шундай экан коррупцион хавфсизликни уни келтириб чиқарувчи муаммолар ва шарт-шароитларни йўқ қилиш билан бартараф этиш мумкин бўлади. Бунинг учун эса, коррупцияга қарши курашда барча соҳаларда комплекс кураш механизмлари ишлаб чиқиш ва жамиятда бу иллатга қарши кескин муросасизликни юзага келтириш керак бўлади.

    6. Коррупцион муносабатларнинг ўзига хос хусусияти унинг хуфёни ва муносабатга киришувчи ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлиши билан белгиланади. Яъни, корупция жинояти бу муносабатга киришган томонларни ўзаро манфаатли келишиувчи асосида содир этилади. Шунинг учун кўп ҳолатларда тегишли курашувчи органларга шикоят қилинмайди. Шу билан бирга бугунги кунда кўп давлатларда коррупцияга қарши курашиш тизимига ишончсизлик шаклланиб қолганлиги учун ҳам пора сўраш холатларига тегишли оранларга шикоят қилинмайди.

    7. Коррупция холатлар кўп холларда давлат органлари фаолиятини тушунмаслик асосида келиб чиқади ҳам. Яъни маълум бир давлат органининг ишлаш тизими, ваколатлари ва тартибини яхши билмайдиган фуқаро мазкур фаолият мутахассиси томонидан қўйилган барча талабларни бажаради. “Бундай бўлиши мумкин эмас” деган фикрга келмайди. Шунинг учун ҳам жамият аъзоларининг ҳуқуқий саводхонлигини юқори бўлиши, давлат органлари фаолияти ва ваколатлари тўғрисида билимга эга бўлиши, давлат хизматлари тўғрисида уларда дастлабки репрезентатив маълумотлар мавжуд бўлиши жуда муҳим ҳисобланади.

    8. Жамиятда қонунчилик асосларининг мустаҳкамлиги ва қонунларнинг тўлиқ ишлаши барча ҳуқуқбузапрликлар учун энг самарали кураш усули ҳисобланади. Аслида, ҳар қандай ижтимоий муаммолар қонунларнинг яхши ишламаслиги ва ёки қонунчиликдаги бўшлиқларнинг кўплиги билан боғлиқ бўлади. Қонунларни такомиллаштирилмаслиги ва етарли даражада қонунчлик тизими ривожланмаганлиги коррупцион муносабатлар учун йўл очиши маълум бўлади.

    9. Ижтимоий ўзгаришлар жамият онгини ўзгартириш, яшашга, илм олишга, санъатга бўлган муносабатини ўзгартириш асосида бўлади. Бу жараёнда инсонларнинг ижтимоий-сиёсий дунёқараши ўзгариши билан бирга ҳуқуқий маданияти ҳам ривожланиб боради. Инсонларнинг ҳуқуқий маданиятини ривожланиши уларда ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиш, ҳуқуқбузарликларга муросасизлик билан муносабатда бўиш, сўз ва виждон эркинлигига, коррупцион хавфсизликни шакллантиришга ҳаракатларида намоён бўлади.

    10. Жамиятда корруцион хавфсизликни шакллантиришда инсонларнинг ҳуқуқий фаоллигини ҳам ошириш талаб этилади. Ҳуқуқий фаоллик қонунларни ижроси, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва ҳуқуқларни эътироф этилишини назорат қилинишига асосланади. Шу маънода, ҳуқуқий фаоллик шахсни фаол ҳаётий позицияда туришига ундовчи омилдир.

    11. Коррупцияга қарши курашда мансабдор шахслар ва давлат ҳизматчиларининг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажарилиши самарадорлиги мезонларини, стандартларини ва унинг сифатини баҳолаш тизимларини жорий этиш ва бу орқали уларнинг фаолиятига баҳо бериш юқори натижаликни намоён этиши асосланди.

    12. Давлат органи ходимларида адолатлилик ва холисликни шакллантириш, халол хизматни олиб боришга доир ахлоқий таъсир ва тарбия механизмларини яратиш, шунингдек, давлат ҳизматларида очиқлик ва беғразлик, шаффофликни шакллантиришга доир янгича ишлаш усулларини тадбиқ этилаётганлиги ҳам муҳим манфаатлар тўқнашувини олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

    13. Жамиятда манфаатлар тўқнашувини олдини олишда мансабдор шахсларни турли соҳаларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни чеклаши, ёки яқин қариндошларини тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишига доир аниқ қоидаларни ҳам ишлаб чиқишни талаб этади.

    14. Ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини кучайтириш, жамоатчиликнинг коррупцияга қарши муросасизлик кайфиятини шакллантириш ҳамда ижро ҳокимияти органлари фаолиятининг янада очиқ ва шаффофлигини таъминлаш учун шарт-шароит яратиш, қолаверса, фуқаролик жамияти институтлари томонидан жамоатчилик назоратини кучайтириш каби саъй-ҳаракатлар ҳам коррупцияга қарши курашда давлат сиёсатининг истиқболдаги устувор вазифалари сифатида белгиланиши маълум бўлмоқда.

    15. Юксак ақлий салоҳиятга эга ёки теран тафаккурли раҳбар кадрлар ва мансабдор шахслар билан боғлиқ коррупцион ҳолатлар ва жиноятлар кадрлар тайёрлаш масаласига янгича ёндашувни ва махсус методикани заруратга айлантирмоқда. Бу эса, Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босиқчида юқори интеллектуал салоҳиятга, теран тафаккур ва кенг дунёқарашга эга бўлиш билан бирга юксак ахлоқий сифатларни ўзида мужассам этган кадрларни тайёрлаш заруратини юзага чиқармоқда.

    16. Ҳалол кадрларнинг янги авлодини яратиш учун инсон капиталига алоҳида эътибор қаратиш, ёшларни том маънода маърифатли қилиш, илмли ва дину-диёнатли қилиб тарбиялаш механизмларини такомиллаштириш талаб этилмоқда. Нафақат кадрлар тайёрлашда, балки кадрларни ўз лавозимига тайинлашда ҳам ижтимоий адолат мезонларини ишлаб чиқиш лозим. Чунки ҳалол ва садоқатли кадрлар авлоди ҳалоллик ва қадр мавжуд бўлган ижтимоий муҳитда шаклланади. Ҳалоллик қадрланмайдиган жамиятда улғайган авлодлардан халолликни талаб қилишнинг ўзи адолатсизлик эканлиги хулоса қилинди.

    17. Мамлкатимизда кадрлар тайёрлаш ва уларнинг меҳнатидан самарали фойдаланишда ушбу жараёнга таъсир қиладиган объектив ва субъектив омилларни чуқур ўрганиш асосида икки жиҳат кўзга ташланади: Бир холатда кадрларга адолатли шарт-шароитнинг мавжуд эмаслиги муаммо бўлса, бошқа вазиятда кадрлар даражасига яраша маош тўланмаслиги уларнинг салоҳиятидан етарлича фойдалана олмасликни келтириб чиқармоқда. Бошқа томондан ақлий салоҳияти юқори кадрларда ахлоқий фазилатлар, юксак виждон, инсофнинг етишшмаслиги уларнинг коррупцион холатларга алоқадорлигини келтириб чиқармоқда.




    Download 490.6 Kb.

    Do'stlaringiz bilan baham:
  • 1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   11




    Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
    ma'muriyatiga murojaat qiling