Жинсларнинг микроминералогик, микрофауна ва спорагулчангли таҳлили
Бундай таҳлилни амалга оширишда жинсларнинг гранулометрик таркиби фракцияларидан фойдаланилади. Кесимни тавсифлашда оғир минераллар гуруҳи аҳамият касб этади. Фракциядаги оғир минералларни ажратишда зичлиги 2,90 г/см3 бўлган бромоформ, зичлиги 3,17 бўлган Туле суюқлиги, зичлиги 3,33 г/см3 бўлган йодли метилен ва бошқа оғир суюқликлардан фойдаланилади.
Бромоформ билан ишлов беришда унинг юзасига қалқиб чиққан енгил фракция ҳам ўрганилади, биринчи навбатда кварц ва глауконит миқдори аниқланади. Оғир фракцияда ильменит, магнетит, гематит, пироксенлар, амфиболлар, циркон, гранат, пирит ва бошқалар учрайди. Нодир минераллардан топаз, андалузит, дистен, монацит ва бошқа минералларни ҳам ўрганиш зарур.
Аниқланган минераллар микроскоп ёрдамида муфассал ўрганилади. Олинган натижалардан кесимнинг айрим интервалларини тавсифлашда фойдаланилади.
Кон шароитида таҳлил натижаларидан кесимнинг йирик интервалларини ― айрим пачка, свита ва шу кабиларни тавсифлашда фойдаланиш мумкин; кесимнинг кичик қатлари ва қатчаларини бу таҳлил натижаларидан фойдаланиб тавсифлашнинг имкони йўқ. Россиянинг Грозний районидаги конда микроминералогик таҳлил далилларидан фойдаланиб, сурилмаости қатларини таққослашга бўлган ҳаракат ҳам самара бермаган.
Микрофауналарни ўрганиш. Қудуқлар кесимини микрофауналар маълумотлари бўйича ўрганиш амалиётда кенг қўлланилади. Микрофаунани жинсдан ажратиб олиш учун намуна майдаланиб, ювилиб, қуритилади, сўнг лупали бинокулярда текширилади. Барча кўзга кўринган микрожонзотлар (фораминиферлар, остракодлар ва б.) намунадан ажратиб олиниб, микрофауналарни аниқлайдиган жадваллар билан солиштириб кўрилади.
Сўнгра қудуқ кесими бўйича асосий микрофауналарнинг тақсимланиши ўрганилиб, улар учрайдиган свита ва қатламлар ажратилади. Кесимни айрим свита, пачка ва горизонтларга ажратиш микрофауналар турининг ўзига хос шаклларига ёки белгиланган шаклларига ҳамда уларнинг миқдорининг ўзгаришига қараб амалга оширилади.
Қаттиқ жинсларни (оҳактош, доломит ва б.) бурғилашда ясси-параллел шлифлар тайёрланади. Шлифларга нур тушириб, ундаги микрофауна чиғоноқлари синиқлари ва уларнинг шакллари аниқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |