ЭПИЗОД №13. КОМПЮТЕРХОНА. КУН.
Умид бир ўзи компютерхонага кириб келади. Тўғри Азаматни олдига бориб чўнтагидан анчагина пул чиқаради.
УМИД: Азамат ака мана, уч соатга очиб беринг.
АЗАМАТ: (бир пулга-бир Умидга қараб) Ўҳ-ҳўў, бу сафар анча бақувват бўлиб келибсанми? (пулни олиб) Саккизинчи компютерга бор.
Умид кетади. Азамат уни ортидан қараб қоларкан, олдида ўтирган дўстига гапиради.
АЗАМАТ: Уйидан пул ухлатганми дейман. Ҳар доим ярим соатдан кўпга пули бўлмасди.
ЭПИЗОД №14. УМИДНИ УЙИ. ТУН.
Раъно опа билан Жамшид ака телевизорхонада ўтирибди.
ЖАМШИД АКА: Пул кам чиқди дегин...Ҳар доим санамай оламан. Тўғри чиқарди. Эртага ҳисобчимизга айтиб кўрарман...
РАЪНО ОПА: Балким мен адашгандирман дадаси...
ЖАМШИД АКА: Умиджон келдими?
РАЪНО ОПА: Бугун битта ўртоғимни уйида мактабдаги тадбирга тайёрланамиз, сал кечроқ келсам керак деб рухсат сўраганди.
Жамшид ака индамай ўйланиб қолади.
ЭПИЗОД №15. УМИДНИ УЙИ. КУН.
Раъно опа ошхонада иш қиляпти. Уй кийимидаги Умид онасига бир қараб қўйиб дадасини хонасига киради. Шкафни очиб дадасини кийимини чўнтагига қўл солади ва бир сиқим пул олади. Кейин пулни қўйнига тиқиб, шошиб хонадан чиқади.
ЭПИЗОД №16. КОМПЮТЕРХОНА ОЛДИ. КУН.
Умид ўйнаб бўлиб Азаматни олдига келади.
АЗАМАТ: Мазза қилиб ўйнадингми...(энди қўрсроқ оҳангда) Қани, олдимга келчи!
Умид қўрқа-писа Азаматни олдига келади.
АЗАМАТ: (кўзларини олайтириб) Агар хозир саволларимга тўғри жавоб бермасанг, абжағингни чиқараман! Ҳар куни компютер ўйнагани пулни қаердан оляпсан? Авваллари ярим соатдан ортиқ ўйнамасдинг?
УМИД: (мужмалланиб) Дадам...Дадам беряптилар?
АЗАМАТ: (Умидни ёқасидан ушлаб) Ўвв! Бу гапларингни бориб синфдошларингга айтасан! Уйингдан пул ўғирлаётганингни биламан! Агар мени айтганимни қилмасанг, ҳар куни мактабга бормасдан, кўп пул билан келаётганингни дадангга айтаман!!! Тушундингми?
Do'stlaringiz bilan baham: |