Режа Жаҳон иқтисодиётида глобаллашув тушинчаси


Глобаллашув шароитида ўтиш иқтисодиётили мамлакатларда давлат молия сиёсати


Download 1.28 Mb.
bet26/33
Sana09.06.2023
Hajmi1.28 Mb.
#1468913
1   ...   22   23   24   25   26   27   28   29   ...   33
Bog'liq
глобалтекст (2)

7.3. Глобаллашув шароитида ўтиш иқтисодиётили мамлакатларда давлат молия сиёсати
Глобаллашув жараёнлари жаҳон хўжалигида иштирок этувчи ҳар бир мамлакат иқтисодиётига маълум миқдорда таъсир этади. Бозорнинг турли иштирокчилари ўз манфаатлари йўлида ҳаракат қилиб, занжирсимон жараённи вужудга келтирадилар. Уларнинг фаолият юритиш услуби доимий тарзда ўзгариб туриши сабабли жаҳон хўжалиги соҳаларининг бир-бирига боғлиқлик даражаси ошиб бормоқда. Георг Фишернинг таъкидлашича, жаҳон хўжалигида глобал ўзгаришлар тарқалишининг техник механизми мавжуд.
Бунга ―Буюк депрессия‖ мисол бўлиб, инқироз бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга кўпинча занжирсимон шаклда тарқалган: бозорнинг пасайиши – капиталнинг бой берилиши – талабнинг қисқариши, ишлаб чиқаришни қисқартириш – давлат томонидан импорт қилувчиларга нисбатан божхона тўсиқларининг ўрнатилиши – халқаро савдо камайиши – савдо-сотиқ бўйича ҳамкор мамлакатларда ишлаб чиқаришнинг пасайиши – товар сифатини божхона тўсиқларини ўрнатилишини ва хоказо.
Бундан ташқари, бозор иштирокчилари кўпчилик мамлакатларда тарқалган бизнес юритишнинг тамойилларини қайта шакллантирмоқдалар. Улар гўёки фаолият майдонида ўзларининг ташкилий ва техник тўрларини ёйиб ташламоқдалар. Бу каби корпоратив тўрлар билан биргаликда диаспоравий, диний, мафиозли ва мегаполисли тўрлар ҳам шаклланган. Товар ва пул оқими билан ҳамоҳанг бу каби тармоқлар трансмиллийлашув ва ўзаро боғлиқлик даражасининг янада кучайишигаолиб келмоқда. Маҳаллий ҳукуматларнинг халқаро миқёсидаамалгаоширадиган вазифалари ўзгармоқда. Нодавлат бирлашмаларининг халқаро муносабатларга шиддат билан кириб келиши давлатлар ҳукуматларининг халқаро миқёсидаги монополлигига тўсқинлик қилиб, сиёсий хокимиятни барча масалалар – иқтисодиётдан тортиб диний ва маданий масалаларгача жамият фикри билан муроса қилишга мажбур қилмоқда.
Глобаллашув шароитида бу каби жараёнларнинг содир бўлиши шубҳасиз, ўтиш иқтисодиётили мамлакатларда тегишли иқтисодий сиёсатни олиб боришини тақозо этади. Бу вақтда иқтисодий сиёсатнинг вазифаси нафақат жаҳон ҳўжалиги жараёнларида иштирок этишдан олинадиган нафни максималлаштириш, балки ушбу вазиятда келиб чиқиши мумкин бўлган хавфни ҳам минималлаштиришдан иборатдир.
Ҳар бир давлатнинг йиллар давомида шаклланган ўз тарихий, иқтисодий, ижтимоий-маданий ривожланиш хусусиятлари мавжуд бўлиб, бошқа мамлакатларнинг тажрибаларини кўр-кўрона кўчириб олиш, ёки халқаро ташкилотлар томонидан тавсия этиладиган, иқтисодий ривожланишнинг ҳамма учун умумий ретсептларини қўллаш самарасиз бўлиши ва иқтисодий вазиятни издан чиқариши мумкин.
Кўпгина ривожланган мамлакатлар ҳам глобаллашув жараёнида муносиб сиёсат юритиш устида бош қотириб, миллий иқтисодиётнинг рақобатдошлик даражасини оширишнинг турли чора-тадбирларини ишлаб чиқади. Глобаллашув шароитидаамалгаошириладиган вазифаларнинг бозор тамойилларига қатъий амал қилиши муҳим аҳамиятга эга.
Хусусийлаштириш. Глобаллашув шароитида хусусийлаштириш ва унга хос мулкчиликнинг миллий иқтисодиёт рақобатдошлигини оширишдаги ўрни тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўз даромадини максималлаштиришдан манфаатдор мулкдорлар синфининг шаклланиши иқтисодиётда рақобат муҳитини яратиш, товарлар сифатини ошириш, маҳсулот таннархини пасайтириш ҳамда хорижий инвеститсияларни жалб этишда энг муҳим омил бўлиб ҳисобланади.
Барқарор иқтисодий муҳитда хусусий мулкчилик истеъмолчилар талабига муносиб жавоб беради, рақобатдошлик устуворликларига фаол таъсир ўтказади, иқтисодиётни таркибий жиҳатдан қайта қуришга сабабчи бўлади, иқтисодий ўсиш суръатларига ҳамоҳанг фаолият олиб боради ҳамда илмийтехник тараққиётни жадаллаштиради. Хусусий корхона раҳбари ҳар қандай шароитда фаолият билан боғлиқ масъулиятни тўла қонли равишда ўз зиммасига ола билади. Корхонанинг юқори даромадли фаолият юритишидан биринчи ўринда манфаатдор ҳисобланган раҳбар ички имкониятларни тўғри баҳолаш, стратегияни аниқ белгилаш, кутилиши мумкин бўлган хавфни пухта англаб йетиш имкониятига эга бўлади. Бунда устувор йўналишлар корхона салоҳиятини тўлиқ англаб йетиш имкониятидан холи ҳисобланган юқори ташкилотлар томонидан эмас, балки бевосита мутасадди раҳбар томонидан белгиланади.
Ресурсларнинг мутаносиб равишда тақсимланиши, ишлаб чиқариш воситаларидан энг самарали ва тежамкор ҳолда фойдаланилиши мулкчиликка хос хусусиятлардандир.
Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш. Хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ бўлиб ҳисобланган муаммолардан бири бу – молиявий тизимга ишончсизлик оқибатида фонд бозорининг тўла қонли равишда шаклланмай қолиши, корхоналарни рентабеллик даражасининг пастлиги ва қимматли қоғозлар эгаларида хақиқий мулкчилик ҳиссининг йўқлигидир. Макродаражадаги молиявий барқарорлик (буджет танқислигининг қисқариши, фоиз ставкалари реал қийматининг ижобий ўзгариши, инфлятсия даражасининг пасайиши), ишлаб чиқариш ликвидлик даражасининг ошиши, соҳаларда таркибий жиҳатдан қайта ташкиллаштириш натижасида корхоналар молиявий аҳволининг яхшиланиши ҳамда инвеститсиялар самарадорлик даражасининг ўсиши кўп жиҳатдан инвеститсион фаолликнинг ошиши ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг энг муҳим омили бўлиб ҳисобланади.
Иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакат хўжалигининг жаҳон ҳамжамиятига интегратсиялашув даражасини ошириш пайтида ички имкониятларнинг чекланганлиги ҳамда ташқи қарзнинг идора этиб бўладиган даражадаги меъёрини таъминлаш саноат сиёсатини олиб боришда мавжуд ресурслардан оқилона ва самарали тарзда фойдаланишни тақозо этади.
Ташқи савдони эркинлаштириш шароитида молиявий қийинчиликка учраган барча соҳалар учун субсидиялар ажратиш давлат буджети учун мушкул ҳисобланади. Шу сабабли қайси тармоқлар рақобатда ютиб чиқа олади, қайси тармоқларга давлат томонидан субсидиялар ажратилиши керак, ва қайси тармоқлар ишчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан кифояланиб қолиш кераклиги чуқур таҳлил қилинмоғи лозим. Бундан ташқари глобал рақобат ва халқаро меҳмат тақсимоти шароитига иқтисодиётнинг мослашуви натижасида юз берадиган таркибий ўзгаришлар мавжуд тизимни қайта шакллантиришга туртки бўлиши ҳамда давлатнинг ҳал қилувчи лойиҳаларга ҳомийлик қилишини тақозо этиши мумкин. Умуман олганда, хусусий тадбиркорликка давлат аралашувини қисқартириш зарур. Давлат фаол мулкдорлик ҳиссидан воз кечиб, самарали иқтисодий сиёсат ишлаб чиқиш ва ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосини таъминлаб бериши керак.
Монетар сиёсат. Глобаллашув шароитида монетар сиёсат мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожида муҳим ўрин эгаллайди. Тўғри монетар сиёсат макроиқтисодий барқарорликни, банк тизимига ишонч ошишини, молия бозорларининг кенгайиши ва мустаҳкамланиши, қулай инвеститсион муҳит вужудга келиши ва мамлакатга хорижий инвеститсияларнинг кириб келишини таъминлайди. Шубҳасиз, бу жараёнлар иқтисодиётни қайта қуриш жараёнларини тезлаштириб миллий хўжалик тизимининг рақобатбардошлик даражасини оширади, натижада мамлакатнинг глобаллашув жараёнларида фаол иштирок этиш эвазига ютуққа эришишини таъминлайди.
Таъкидлаш жоизки, глобаллашув шароитида барқарор пул бозорининг шаклланиши муҳим аҳамиятга эга бўлиб, у марказий банкнинг мақбул ҳамда ҳар томонлама ишончли ва самарали пул-кредит сиёсатини олиб боришни таъминлайди.
Банклар томонидан белгиланган фоиз ставкалари ва олиб борилаётган валута сиёсатини кўп томонлама иқтисодий ривожланишини белгилаб беради. Масалан, фоиз ставкасининг ҳаддан ташқари кўтарилиб кетиши банк даромадларининг камайиши, шунинг натижасида кредит оператсиялари миқдорининг қисқаришига олиб келади. Валута курсини бошқариш натижасида монетар сиёсатда қаттиқ шартларнинг вужудга келиши ички активлар нархларининг бир хил ҳолатини таъминласа, шу вақтнинг ўзида келажакда валута курсининг пасайишида хавфли ҳисобланган ташқи қарзнинг ошишига сабаб бўлади.
Молиявий секторни ислоҳ қилиш. Ривожланган ва маълум мувозанатга эга молиявий тизим глобаллашув шароитида муҳим аҳамият касб этувчи иқтисодиётнинг таркибий жиҳатдан қайта қурилиши ва миллий хўжалик рақобатбардошлик даражасининг ошишида иқтисодий ўсиш имкониятларини кенгайтиради, жамғаришнинг самарали тарзда инвеститсияга айлантирилишини таъминлайди.
Ҳукумат томонидан ҳисоб-китоб юритиш ва уни бошқарувининг тўғри ҳамда ҳуқуқий тизимини таъминлаши самарали фаолият юритувчи молиявий тизимга асос солади. Молиявий тизимнинг эркинлаштирилиши натижасида унинг кўзланган мақсадга эришиши бир неча шартларга боғлиқ. Бу каби шартлар молиявий тизимни эркинлаштиргунга қадар амалга ошириладиган вазифалар бўлиб, улар сирасига макроиқтисодий ва институтсионал ислоҳот олиб бориш ҳамда умумий барқарорликни таъминлаш киради.
Иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ислоҳот олиб бормасдан туриб молиявий тизимни эркинлаштириб бўлмайди. Акс ҳолда мақсадга мувофиқ бўлмаган капитал ҳаракати, фоиз ставкаларининг ошиб кетиши ҳамда молиявий корпоратсияларнинг қисқа вақт ичида тушкун аҳволга учрашига сабаб бўлади. Глобаллашув шароитида мамлакат иқтисодиётининг жадал ривожланиши кўп жиҳатдан молиявий сиёсатга боғлиқ. Ҳар қанча эркин молиявий сиёсат бозор механизмларини ишга солса, глобал рақобат эса унинг вазифаси нечоғлиқ мураккаб эканлигини кўрсатади. Бундай вазиятда ташқи ва ички ўзгаришларга мос валута сиёсатини юритиш маъқул кўрилади.
Маршал-Лернер теоремасига кўра экспорт-импорт ва ташқи қарзга хизмат кўрсатишда валута курсининг муносиб равишда оптимал танланиши мамлакат манфаатларидан ҳоли эмас. Глобаллашув шароитида жаҳон хўжалигига сезиларли таъсир кўрсатишга қодир мамлакат ва минтақалардаги вазиятни доимий тарзда ўрганиб туриш мамлакат молиявий тизимига масъул раҳбарларнинг энг машаққатли вазифасидир. Молиявий тизимни эркинлаштириш жараёнлари тўлов қобилиятига эга бўлмаган банклар ва корхоналарда таркибий ўзгартиришлар олиб бориш, иқтисодиётда ҳуқуқий ва рақобатдош муҳит яратиш ҳамда мақсадга мувофиқ бўлган бошқарув ва назорат тизимини жорий этиш билан биргаликда олиб борилиши ислоҳотларнинг кўзланган мақсадларга эришишини кафолатлайди.
Турли хил валута айирбошлаш курсларининг мавжудлиги мамлакат монетар сиёсатини олиб боришда ўзига хос қийинчиликлар туғдиради, экспорт ва импорт сиёсатига салбий таъсир этади ва пировард натижада капиталнинг четга чиқиб кетишига олиб келади. Турли хил валута курслари, шунингдек, иқтисодий агентларга «ёлғон» нишона бериб, ишлаб чиқариш ресурсларининг самарасиз равишда тақсимланишига олиб келади. Масалан, хорижий валутанинг ратсионаллаштирилиши уни эркинлаштириш натижасида норентабел деб топиладиган импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқаришнинг ошишига туртки бўлади. Валута курсини унификатсиялаштириш экспортимпорт сиёсатида муҳим аҳамиятга эга, чунки миллий валутанинг девалватсияси экспорт ҳажмини сунъий равишда оширади, шунингдек, импорт имкониятларини чеклайди. Аксинча, миллий валута айирбошлаш курсининг ошиб кетиши экспорт маҳсулотларининг рақобатдошлик кўрсаткичларига салбий таъсир этади ва экспорт ҳажмининг ошишига олиб келади. Ўз навбатида бу ўзгаришлар мамлакат ташқи савдо айланмасида салбий салдога олиб келади.
Фискал сиёсат. Глобаллашув шароитида юқори солиқ тўловлари нафақат миллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларининг рақобатбардошлик даражасини пасайтиради, даромадларнинг яширилиши ва ноқонуний иқтисодиётнинг шаклланиши, ишлаб чиқариш ва экспортнинг диверсификатсиялашув жараёнини сусайтиради, балки капитал ва малакали ишчи кучининг четга чиқиб кетишига ҳам олиб келади. Ушбу муаммоларнинг ижобий ҳал қилиниши фискал сиёсат олиб боришнинг қай даражада оптимал эканлигига ҳам боғлиқ. Маълумки, солиқ тизими тўлов ва имтиёзлар ёрдамида сиёсат олиб бориш ва шу йўл билан иқтисодий тараққиётга раҳнамолик қилиш хусусиятига эга.
Еркин рақобат муҳити ва ҳуқуқий асосланган хўжалик тизимини яратиш учун солиқлар миқдори ва имтиёзлар шундай белгиланиши керакки, у соҳаларга нисбатан мутаносиб равишда тақсимлансин. Бунинг учун соҳалар орасида солиштирма таҳлил олиб борилиб, уларнинг қай бирида солиқ миқдорини оширилиши эвазига бошқа соҳаларга имтиёз ажратилиши самарали эканлиги аниқланади.
Шу тарзда глобаллашув жараёнларининг мамлакат иқтисодиётига ўтказаётган таъсири кучайиб бораётган бир пайтда солиқ тизими фискал сиёсат вазифасини эмас, балки рағбатлантирувчи омил вазифасини ўташи ҳамда тўловларнинг пасайтирилиши ва солиққа тортиш тизимининг соддалаштирилиши орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатдошлик даражасини оширишга хизмат қилиши талаб этилади.
Инвеститсия сиёсати. Глобаллашув шароитида фаол инвеститсия сиёсати ҳамда қулай инвеститсион муҳитни яратиш иқтисодиётни эркинлаштириш, ишлаб чиқариш ва экспортнинг диверсификатсиялаш орқали миллий иқтисодиётнинг жаҳон хомашё бозорининг беқарор конъюнктурасига боғлиқлик даражасини пасайтирувчи ва аҳоли даромадларини ошишини таъминловчи муҳим омиллардан бири бўлиб ҳисобланади.
Жамғариш ва инвеститсияларнинг меъёри миллий иқтисодиётнинг узоқ келажакдаги рақобатдошлигини белгиловчи муҳим омил бўлиб бораётганлиги сабабли унинг ўрни ва аҳамиятини аниқлаш ўта мушкулдир. Қолаверса, инвеститсия сиёсати иқтисодиётнинг бошқа воситалари орасида энг мураккаб бўлиб ҳисобланади. Чунки, инвеститсия сиёсатини олиб бориш иқтисодий сиёсат юритишнинг бошқа воситаларига қараганда тўла қонли равишда мамлакат ихтиёрида мавжуд ресурсларга боғлиқ. Ушбу ресурслар бўлмаса инвеститсия ҳам бўлмайди.
Ўтиш иқтисодиётили мамлакатларда инвеститсияларга бўлган талаб юқори бўлиб, у иқтисодий тараққиётнинг мезони сифатида ўрганилади. Ушбу соҳадаги сиёсат ресурсларнинг мамлакат қиёсий афзалликларига эга ёки устуворликка эришиш мумкин бўлган соҳаларга ўтиб боришини таъминлаш, иқтисодиётда таркибий ўзгартиришларни олиб боришга йўналтирилиши зарур. Шунингдек, жамғаришни рағбатлантирувчи қулай инвеститсион муҳитни яратиш ҳамда инвеститсиялардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга йўналтирилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши керак. Бу ўз навбатида иқтисодиётнинг турли тармоқлари – солиқ-буджет, пулкредит ва ташқи иқтисодий соҳаларда комплекс тадбирлар олиб боришни тақозо этади.

Назорат учун саволлар:


1. Глобал молия бозорларининг шаклланиш хусусиятлари нимадан иборат?
2. Халқаро молия муносабатларини тартибга солишдахалқаро молия ташкилотлари қандай ўринга эга?
3. Глобаллашув шароитида ўтиш иқтисодиётили мамлакатларда давлат молия сиёсатини олиб бориш хусусиятларини тушунтиринг.
4. Халқаро молия муносабатларида ривожланаётган мамлакатларнинг иштирок этиши қандай хусусиятларга эга?


Download 1.28 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   22   23   24   25   26   27   28   29   ...   33




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling