ХУЛОСА ВА ТАКЛИФЛАР
Хулоса қилиб айтганда, инфляцияни тартибга солиш зарурати, мамлакат рақобатбардошлигини ошириш ва унинг жаҳон иқтисодиётига самарали интеграциясини мустаҳкамлашни талаб килувчи глобал муносабатлар билан боғлиқдир. Ўзбекистонда Марказий банк ва бошқа ҳукумат идораларининг инфляцион таргетлашни жорий этиш учун институционал, ҳуқуқий ва иқтисодий ислоҳотларни (янги солиқ концепцияси, ахборот ошкоралигини таъминлаш, молия бозорини ривожлантириш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш учун қўшимча чора-тадбирлар) ишлаб чиқиш учун ҳаракат қилишига карамасдан, аҳоли реал даромадларининг паст қўрсаткичлари, инфляцион кутилмаларнинг юқорилиги, солиқ сиёсатининг пул-кредит сиёсати билан номутаносиблиги, Марказий банкнинг мустақил сиёсат юрита олмаслиги Ўзбекистонда пул-кредит сиёсатининг ушбу режимини қўллаш истиқболларини сўроқ остига қўяди. Бошқача айтганда, мавжуд макроиқтисодий ва институционал муҳит, Ўзбекистонда инфляцияни таргетлашни муваффақиятли амалга ошириш учун асосий ва бирламчи тўсиқдир.
Ўзбекистонда ўрта муддатли истиқболда инфляцияни таргетлаш сиёсатини қўллаш ва уни муваффақиятли амалга ошириш ҳамда пул-кредит сиёсатини соғломлаштиришнинг асосий шарти сифатида қуйидаги чора- тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади:
Табиий монополиялар маҳсулотлари ва хизматларининг баҳолари ўсиш суръатларини пасайтириш ва барқарорлигини таъминлаш лозим. Бунинг учун, аввало, табиий монополиялар ҳисобланган компанияларнинг маҳсулотлари ва хизматларининг таннархини калькуляция қилиш зарур. Кейин эса улар маҳсулотлари ва хизматлари баҳоларининг ўсишини илмий жиҳатдан асосланган йиллик прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқиш лозим.
Инфляцион кутилмаларни аниқлашда конкрет эконометрик моделлардан самарали фойдаланиш зарур. Мукаммал эконометрик моделлар кутилаётган инфляция даражасини янада аниқроқ белгилаш имконини беради. Бу эса инфялациянинг мақсад кўрсаткичларини белгилашни янада осонлаштиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |