Воқелик - нарса ва ҳодисаларнинг ўтмишда, ҳозирги ва келгусидаги ҳолатларининг мажмуосидир. Воқелик жуда мураккабдир, чунки нарса ва ҳодисаларнинг ҳолати доимо ўзгаришдадир. Табиатдаги нарсалар, ҳодисалар ва жараёнлар, инсон ҳатти - ҳаракатлари, давлат тизими вужудга келади, йўқ бўлади, баъзан улар узоқ вақт сақланиб қолиши ҳам мумкин. Шунинг учун доимо воқеликда вужудга келиш, шаклланиш, мавжуд бўлиш, йўқ бўлишга ўрин бор.
Воқелик - объектив ва субъектив бўлади. Нарсалар, айтайлик тоғ жинсидаги олмос кристали инсон пайдо бўлгунча миллион йиллар илгари вужудга келган бўлиши мумкин. Биз у ҳақда ҳеч нарса билмаслигимиз мумкин. У бизнинг онгимизга боғлиқ бўлмаган ҳолда, ундан ташқарида мавжуд бўлади. Бундай инсон онгидан ташқаридаги барча нарсаларни қамраб олган реаллик объектив воқелик ҳисобланади.
Химик олим олмос кристаллари қандай атом ва ионлардан тузилганлигини, улар ўртасида қандай боғлиқлик мавжудлигини, суньий олмос тайёрлашда бўладиган физикавий, химик, технологик жараёнларни билиши мумкин. Аммо у суньий олмос ҳали табиатда йўқ у фақат олимнинг миясида фикрлар шаклида мавжуд. Демак, бу бизни онгимизда, тафаккуримизда бўлганлиги учун субъектив воқелик ҳисобланади. У фикр, тасаввур, тушунча, тимсол(образ), илмий ва ноилмий билимлар шаклида бўлади.
Борлиқ объектив ва субъектив воқелик бирлигидан иборатдир. Борлиқ моддийликни, маънавийликни, ўтмишни, келажакни, ўлимни, ҳаётни, руҳни ва жисмни қамраб олувчи тушунчадир. Атрофимиздаги одам, олам, табиат, жамият, тафаккур, ғоялар, ўй ҳаёлларимизнинг бири, уларнинг барчаси бирдай мавжуддир, улар турли тарзда ва шаклларда намоён бўлиб, уларнинг ҳаммаси мавжудлик белгиси остида умумлашиб, борлиқ тушунчасига киради. Хулоса сифатида қуйидаги таърифни келтиришимиз мумкин:
Борлиқ–олам ва ҳар қандай турдаги мавжудликни ифодалайдиган фалсафий категория.
Адабиётларда борлиқ тушунчасига таъриф берилаётганда уни мавжудлик ва реаллик тушунчалар билан таққослаган ҳолда таҳлил қилишиб, мавжудликни борлиқнинг ҳозирги пайтда намоён бўлиб турган қисми, реалликни эса мавжудликнинг ҳаммага аён бўлган улар томонидан тан олинган қисми дейишади ва ўз навбатида ҳар иккаласини ҳам борлиқда жамланувчи тушунча сифатида баҳолашади.
Юқорида таъкидлаганимиздек, борлиқ воқеликнинг энг умумий, ички ва ташқи, моҳияти ва мазмунига алоқадор барча жиҳатларини акс эттирса, яна бир категория мавжудлик эса воқеликнинг ташқи, кўзга ташланадиган, шаклига алоқадор ва тажриба воситасида билиб олинадиган томонини ифодалайди. Мавжудлик лотинчада exsisto (экзистенция) сўзидан олинган бўлиб, мавжудман деган маънони англатган. Фалсафада мавжудлик фалсафасини ёқловчи экзистенциализм деб номланувчи бутун бир таълимот бор. Борлиқнинг муайян объектда ва айни вақтда мавжуд холда мужассамланган қисмини ифодалашда реаллик деб аталувчи яна бир тушунча ишлатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |