«Темур тузуклари»нинг биринчи қисми – ҳарбий юришлар ҳақидаги тарихий, географик-автобиографик қайдлардан иборат. Шунингдек, унда Амир Темурнинг ўз давлатини барпо этиш, мустаҳкамлаш, мукаммал қуролланган қудратли қўшин тузиш бобидаги режалари ва татбиқ этган тузуклари ҳамда махсус жадваллар асосида қўшиннинг жанговор сафланиш тартиби ҳам кўрсатиб берилган. Жумладан, қўшин қўмондонлари, қабила ва улуслар бошлиқлари, вазирлар, олий руҳоний намоёндалар билан марказлашган давлат тузиш борасидаги ўтказилган кенгаш ва тадбирлар баён этилади.
Бинобарин, Амир Темур қўшинни – давлат бирлиги ва қудратини белгиловчи таянчи ва кафолати, деб билганлиги боис, уни ташкил этиш ва мустаҳкамлашга асосий эътиборни қаратган.
«Темур тузуклари»нинг иккинчи қисми – ўзига хос ҳарбий низомдан иборат. У кучли давлатни қуриш, қўшинни ташкил этиш, душман қўшинини енгиш ҳамда тинчлик даврида ва ҳарбий юриш пайтидаги бошқарув масалалари юзасидан амалга оширилган ва кейинги авлодга ўгит тариқасида айтилган тузуклардан ташкил топади.
Чунончи, мазкур даврда феодал тарқоқлик ва ўзаро жанжалларга барҳам бериш, мустаҳкам ҳокимият ўрнатиш ҳамда маҳаллий ҳокимларнинг ўзбошимчаликларига чек қўйиш, аҳолидан олинадиган солиқлар ва мажбуриятларнинг аниқ миқдрини белгилаб қўйиш талаб этилган.
Натижада, давлат бошқарувини ташкил этиш ва одил судловни амалга оширишга жиддий аҳамият берилган. Унда қуйидаги масалалар, жумладан: давлат дахлсизлиги муҳофаза қилиш; ҳукмдор ҳокимиятининг чекланмаганлиги ва мустақиллиги; вазирларнинг мажбурияти ва вазифалари; улус амирлари ва туман ҳокимларининг вазифалари; давлат кенгаши; давлат хавфсизлиги, жамоат тартиби ва мамлакат осойишталигини сақлаш; аҳолидан олинадиган солиқ (хирож ва закот)ларнинг миқдорини белгилаш; қўшин қўмондонларини тайинлаш, лавозимини ошириш, рағбатлантириш ва уларга маош белгилаш; вазирлар, амирлар ва сипоҳий (ҳарбий аскар)ларнинг шаҳарлар, вилоятлар ва мамлакатларни забт этишда кўрсатган жонбозликларини рағбатлантириш; қўшиннинг ҳарбий юриш ва жангларда жойлашуви ва унинг ажратиб турувчи алоҳида белгилар каби масалалар баён этилган.
Хулоса
Do'stlaringiz bilan baham: |