Суд тиббиёти фанидан ян саволлар 1 Суд тиббиёти, таъриф. Суд тиббиёти ва суд-тиббий экспертиза. Суд тиббиёти фани


Киндикнинг узунлиги ва йўлдошнинг массаси бўйича гестацион ёшни аниқлаш


Download 0.89 Mb.
bet16/38
Sana31.01.2023
Hajmi0.89 Mb.
#1143584
1   ...   12   13   14   15   16   17   18   19   ...   38
Bog'liq
ЯН Умумий саволларга жавоб

Киндикнинг узунлиги ва йўлдошнинг массаси бўйича гестацион ёшни аниқлаш

Хомила ойи

Киндикнинг узунлиги (см.)

Йўлдошнинг массаси (г.)

VI

38

250

VII

42

340

VIII

46

410

IX

47

470

X

50

500

Гестацион ёшни аниқлашда суякларлардаги суякланиш ўзакларини текшириш ҳам аҳамиятга эгадир. Соннинг пастки эпифизида суякланиш ўзаги (Бекляр ядроси) IX ҳомила ойида вужудга келиб, кул ранг фонда қизғиш думалоқ ёки овал шаклда, диаметри 0,5-0,7 см. бўлади. Товон суягида суякланиш ўзаги V ҳомила ойида шаклланади, диаметри 0,8-1,1 см. бўлади. Ғалтаксимон суякда суякланиш ўзагининг диаметри 0,7-1,0 см. бўлиб, VII ҳомила ойида вужудга келади. Бинобарин, ҳомиладорлик давридаги турли патологик ҳолатлар, зарарли одатлар (чекиш, алкоголь ва наркотик моддаларни истеъмол қилиш) суякланиш ўзакларининг шаклланишига салбий таъсир кўрсатади. Бу ҳолларда суякланиш ўзаклари кечроқ вужудга келиши, баъзан эса умуман бўлмаслиги мумкин.


Ҳомилада ютиш рефлекси VIII ҳомила ойида пайдо бўлади. Тук сочлари бўлган қоғоноқ сувлари ютилиши сабабли, меконийда тук сочлари (А.И.Шибков – И.В.Марковин белгиси ) аниқланади.
Ҳомиланинг ҳаётга лаёқатлилигини аниқлаш.
Ҳаётга лаёқатлик тушунчаси гўдакнинг она организмидан ташқарида яшаш қобилиятини англатади. Айрим ҳолатларда тирик туғилган гўдак ҳаётга лаёқатсиз бўлиши мумкин. Хусусан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мезонларига биноан узунлиги 25 см.дан, вазни 500 г.дан кам бўлган гўдаклар ўта норасолиги сабабли ҳаётга лаёқатсиз деб ҳисобланади. Бу ҳолларда патого-анатомик текширувда мурда очилмайди, фақат ташқи текширув ўтказилади, мурданинг вазни ва тана узунлиги ўлчанади.
Ҳомиладаги баъзи ривожланиш нуқсонлари ҳам ҳаётга монелик қилиши мумкин. Анэнцефалия (бош миянинг бўлмаслиги), икки камерали юрак ва ички аъзоларнинг шу каби жиддий нуқсонлари аниқланганда гўдак ҳаётга лаёқатсиз бўлади. Таъкидлаш лозимки, аксарият ҳолатларда ички ва ташқи нуқсонлар биргаликда кузатилади. Шу сабабли янги туғилган чақалоқ мурдасининг ташқи текшируви жараёнида нуқсонлар (масалан, олтинчи бармоқ, қуён лаб, қўл бармоқлари орасида парданинг мавжудлиги ва бшқ.) аниқланганда, ички нуқсонларни истисно қилиш мақсадида бош мия ва ички аъзолар синчиклаб текширилиши лозим. Туғруқ травмаси ҳам гўдакнинг яшаб кетишига монелик қиладиган ҳолатлар қаторига киради. Туғруқ даврида гўдакка ҳаёт билан номутаносиб жароҳатлар (масалан, бош миянинг мажақланиши, орқа миянинг шикастланиши билан бўйин умуртқаларининг синиши) етказилиши мумкин.

Ҳомиланинг туғилгандан сўнг қанча яшаганлигини аниқлаш.


Гўдак ҳаётининг давомийлиги қатор морфологик ва бошқа ўзгаришларнинг динамикасини ўрганиш орқали аниқланади. Хусусан, киндик асосидаги демаркацион ҳалқа биринчи сутканинг охирига келиб шаклланади. Айни шу даврда гўдак организмидан меконий чиқиб кетади. Туғруқ шиши 2–3–кунларда сўрилади. Ўпка альвеолаларидаги гиалин мембраналари вужудга келиши учун гўдак камида 1–2 соат яшаши керак. Ўпканинг иккиламчи ателектази камида 5–6 соатдан сўнг ривожланади. Одатда ҳаётнинг 2–3–кунларида янги туғилганларнинг сариқлиги ривожланиб, 7– 10– кунларида ўтиб кетади. Ошқозон, ичакларда ҳавонинг мавжудлиги бўйича ҳам гўдак ҳаётининг давомийлигини аниқлаш мумкин. Ҳаво фақат ошқозонда бўлса, гўдак 3 соатдан кам яшаган бўлади. 5–6 соатга келиб ҳаво ингичка ичакни тўлдиради, 6 соатдан сўнг ҳаво йўғон ичакка ўтади.
Янги туғилган чақалаоқлар мурдаси суд-тиббий экспертизасининг хусусиятлари.
Ташқи текширувда мурда билан тақдим этилган ашёлар, йўргак, мурдадаги кийим–бош ўрганилади. Антропометрик текширувлар ўтказилади: тананинг узунлиги, вазни, бошнинг ўлчамлари (айланаси, катта қа кичик эгри, тўғри, тепалараро ўлчамлар), кўкрак қафаси ва елканинг айланаси ўлчанади. Танада қон излари, мўмсимон қоплама, туғруқ шишининг мавжудлиги, лиқилдоқларнинг ҳолати, терининг ранги, қулоқ ва бурун тоғайларининг қаттиқлиги, жинсий аъзоларнинг ҳолати, қўл–оёқларда тирноқларнинг узунлиги, орқа чиқарув тешиги атрофидаги терининг меконий билан ифлосланганлиги, ривожланишнинг ташқи нуқсонларининг мавжудлигига эътибор берилади. Ташқи текширувда сон суягининг пастки эпифизида, товон ва ғалтаксимон суякларда суякланиш ўзаклари ўрганилади. Айни пайтда мурда билан бирга тақдиим этилган йўлдош (вазни, шакли, ўлчамлари, чекка ва юзалари, тўқимасининг ҳолати) ва киндик (узунлиги, қалинлиги, намлиги, ялтироқлиги, тугуннинг мавжудлиги) ҳам синчиклаб текширилади.
Ички текширувни кўкрак ва қорин бўшлиқларидан бошлаш тавсия этилади. Оғиз бўшлиғи, жумладан танглайнинг ҳолатини ўрганиш учун асосий ўрта кесма иякдан эмас, пастки лабдан бошланади. Киндик қон томирларининг бутунлигини бузмаслик учун асосий кесма киндикка етмасдан икки– қов бойламлари томонига давом эттирилади. Тирик туғилганликни аниқлаш учун ўпка ва ошқозон–ичак сузиш синамалари ўтказилади. Ошқозонда сут ёки бошқа массанинг, йўғон ичакда меконийнинг мавжудлигига эътибор берилади.
Калла бўшлиғининг текширувида мия қаттиқ пардасининг ўроқсимон ўсимтаси ва синуслари, мияча чодири бутунлиги бузилмаслиги учун икки томонда пешона, тепа, чекка суяклари қайчи билан кесилиб, калла гумбазида дарчалар очилади. Ўроқсимон ўсимта, мияча чодири ва синусларнинг ҳолати, улардаги жароҳатлар ўрганилади. Ҳомила ва янги туғилган гўдаклар танасида шикастланишлар аниқланганда, ушбу жароҳатларнинг етказилиш механизмини аниқлаш ўта аҳамиятли. Суд–тиббий экспертизада жароҳатларнинг туғруқ травмасида, туғаётган аёл томонидан ёки бошқа шароитда етказилиши масаласига аниқлик киритиш талаб этилади. Мурданинг ташқи ва ички текширувлари қўшимча лаборатория текширувларига материаллар олиш билан якунланади. Бунда асосан гистологик ва қоннинг гуруҳий мансублигини аниқлаш учун суд–биологик текширувлар ўтказилади. Гистологик текширув учун мурда ички аъзоларидан ташқари, йўлдош ва киндикдан бўлакчалар олинади.
Янги туғилган чақалаоқларнинг ўлим сабаблари.
Ҳомиланинг ўлими антенал (туғруқдан олдин), интранатал (туғруқ пайтида) даврларда содир бўлиши мумкин. Янги туғилган гўдакнинг ўлими постнатал (туғруқдан кейин) даврда, педиатрлар нуқтаи назаридан илк неонатал даврда содир бўлади.
Ҳомила ва янги туғилган гўдакларнинг зўраки ва нозўраки ўлим ҳолатлари фарқланади. Нозўраки ўлим ҳолатлари анте–, интра– ва постнатал даврларда бўлиши мумкин. Зўраки ўлим эса асосан постнатал даврда кузатилади. Ҳомиланинг зўраки ўлими, яъни анте– ва интранатал даврларда жуда камдан–кам ҳолларда учрайди.
Антенатал даврда нозўраки ўлим асосан йўлдошнинг олдин жойлашиши, унинг инфаркти ёки муддатдан олдин кўчиши, киндикнинг сиқилиб қолиши, бўйин атрофида ўралиб қолиши ёки унда чин тугунннинг мавжудлиги билан боғлиқ ҳомила ичи асфиксиядан вужудга келади. Шундан келиб чиққан ҳолда, ушбу ҳолатларда ҳомила мурдасидан ташқари йўлдош, киндикни ҳам текшириш мақсадга мувофиқ.
Бу ҳолатларда ҳомила мурдасининг текширувида тез содир бўлган ўлим белгилари, қоғоноқ сувларининг аспирацияси ҳамда қоғоноқ сувларида кўп миқдорда меконий топилади. Айрим ҳолатларда мия қон айланишининг бузилиши сабабли, асосан миянинг юмшоқ пардаларига, баъзан бош мия тўқимаси ва қоринчаларига қон қуйилишлар кузатилиши мумкин. Бу қон қуйилишлар кўпинча симметрик тусга эга бўлади.
Агар одатда етук ҳомиланинг йўғон ичак бўшлиғи кенг (диаметрда бир неча см.гача), меконийга тўла бўлса, ҳомила ичи асфиксиясида меконийнинг ичакдан тўлиқ ёки қисман чиқиши ҳисобига йўғон ичак бўшлиғи анча тораяди.
Бундан ташқари ҳомиланинг антенатал нозўраки ўлимига ҳомиладор аёлнинг касалликлари (ўткир инфекцион касалликлар (биринчи навбатда респиратор вирус инфекцияси), захм, декомпенсация ҳолатидаги юрак нуқсонлари), ҳомиладорлик токсикози, ҳомиладаги ривожланиш нуқсонлари олиб келиши мумкин.
Интранатал даврда нозўраки ўлимнинг асосий сабаби туғруқ травмаси бўлади. Баъзи ҳолатларда (тор тос, йирик ҳомила, туғруқ фаолиятининг сустлиги ва ш.к) ҳомила бошининг туғруқ йўлларида узоқ туриб қолиб қисилиши натижасида калла гумбази суякларининг синиши, калла ичи қон қуйилишлар вужудга келади. Аксарият ҳолатларда тепа ва пешона суяклари шикастланади. Бунда тепа суякларида радиал, тепа ва бош суякларида ботиқ синиқлар аниқланади. Туғруқ травмасида бош мия парда ва тўқимасига қон қуйилишлар кузатилиб, улар айниқса мияча чодири ва қаттиқ мия пардасининг ўроқсимон ўсимтасининг ёрилишида кучли намоён бўлади. Таъкидлаш лозимки, бошқа турдаги шикастланишлардан фарқли равишда, туғруқ травмасида ташқи жароҳатлар, шу жумладан яралар ҳосил бўлмайди.
Туғруқ пайтида туғаётган аёл ўзига ёрдам кўрсатиш, яъни туғруқни тезлаштириш мақсадида қўллари билан ҳомилага шикаст етказиши мумкин. Бу ҳолатда ҳомиланинг юз, бўйин соҳаларида шилинма, қонталашлар, оғиз бурчаларининг ёрилиши вужудга келади.
Постнатал даврда янги туғилган гўдакнинг нозўраки ўлимига ўта норасолик, ҳаёт билан номутаносиб ривожланиш нуқсонлари, янги туғилганларнинг гемолитик касаллиги, туғма токсоплазмоз, пневмопатиялар ва бошқалар олиб келиши мумкин.
Қайл этилганидек, зўраки ўлим асосан постнатал даврда кузатилиб, актив ва пассив гўдак ўлдириш фарқланади. Актив гўдак ўлдиришда янги туғилган гўдакка нисбатан муайян ҳаракат содир этилади. Бунда аксарият ҳолатларда қўл ёки сиртмоқ билан бўғиш, нафас тешикларини ёпиш, чўктириш, кўкрак ва қорин аъзоларининг қисилиши, баъзан эса механик жароҳатлар етказиш, оловга ташлаш кузатилади.Пассив гўдак ўлдиришда янги туғилган гўдак қаровсиз қолдирилади. Гўдакларнинг ўлими киндик бойланмаган ҳолатда ташқи қон кетишдан, бошқа ҳолларда – совуқ қотиш, очликдан содир бўлади.
Ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар учун ушбу ҳолатларда актив ёки пассив гўдак ўлдиришни аниқлаш эмас, балки ҳар бир конкрет ҳолатда ўлимнинг аниқ сабабини кўрсатиш аҳамиятли.Ҳомиланинг антенатал зўраки ўлими ҳолатлари нисбатан анча кам учрайди ва асосан ҳомиладор аёлларга механик жароҳатлар етказилиши, уларнинг заҳарланиши билан боғлиқ бўлади.

Download 0.89 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   12   13   14   15   16   17   18   19   ...   38




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling