Суд тиббиёти фанидан ян саволлар 1 Суд тиббиёти, таъриф. Суд тиббиёти ва суд-тиббий экспертиза. Суд тиббиёти фани


Download 0.89 Mb.
bet15/38
Sana31.01.2023
Hajmi0.89 Mb.
#1143584
1   ...   11   12   13   14   15   16   17   18   ...   38
Bog'liq
ЯН Умумий саволларга жавоб

Танада қон излари. Ташқи ҳароҳатлар бўлмаган тақдирда танада қон изларининг топилиши янги туғилганлик белгиси сифатида баҳоланади. Улар туғруқ йўлларидаги юмшоқ тўқималарнинг ёрилиш, дарз кетиши туфайли ҳосил бўлади. Туғилгандан сўнг гўдак танаси ювилганда, қон излари йўқолади.
Мўмсимон қоплама. Гўдак танасининг юзасида оқимтир-кулранг ярим қуюқ –ярим қаттиқ мўмсимон масса билан қопланган бўлади. Бу қоплама теридаги ёғ безлари секрети (ушбу безлар V ҳомила ойидан фаолият кўрсата бошлайди), кўчган эпидермис ҳужайралари, тук сочлари, қоғоноқ сувларининг аралашмасидан иборат бўлиб, бачадон ичида ҳомила тери қопламларининг қоғоноқ сувлари таъсирида мацерация бўлишидан ҳимоя қилади. Мўмсимон қоплама айниқса терининг табиий бурмалари, қўлтиқ ости, оралиқ соҳаларида кўпроқ бўлади ва узоқроқ сақланади. Гўдак танаси ювилмаганда мўмсимон қоплама бир ҳафтагача сақланиши мумкин.
Туғруқ шиши. Туғруқ жараёнида ҳомила танасининг олдинги қисми тос ҳалқасига қисилиши билан боғлиқ маҳаллий қон айланишининг бузилиши натижасида юмшоқ тўқималарнинг шишиши вужудга келади. Туғруқ шиши асосан тор тос, турли сабаблар бўйича туғруқ фаолиятининг сустлиги ҳолатларида рўй беради ва кўпинча бош, баъзан думба соҳаларида аниқланади. Туғруқ шиши юмшоқ консистенцияли, кесиб кўрганда қизғиш- сарғимтир рангда (қон аралашмаси билан бўлган сероз суюқликнинг сингиши) бўлади ва одатда 2-3 кун давомида сўрилиб кетади.
Туғруқ шишини кефалогематомадан фарқлаш лозим. Кефалогематома туғруқ травмаси натижасида калла гумбази суяклари суяк усти пардаси остига қон қуйилишда ҳосил бўлади. Ташқи кўздан кечиришда кефалогематома мавжуд бўлганда, шиш одатда бир ёки бир неча суяклар проекциясида бўлиб, суяклараро чоклар билан чегараланади. Туғруқ шиши эса суяклараро чоклар проекциясида ҳам аниқланади. Кефалогематома катталигига қараб 2 ҳафта ва ундан ортиқ муддатда сўрилади.
Меконийнинг топилиши. Меконий (бирламчи нажас) тўқ-яшил, қўнғир-яшил ярим суюқ гомоген масса бўлиб, йўғон ичак, орқа чиқарув тешиги атрофи, думба, сон соҳаларида аниқланадi. Меконий таркибида шиллиқ, ўт пигментлари, кўчган ичак эпителийси ҳужайралари, қоғоноқ сувлари, тук сочлари бўлади. Зеро, ҳомиладорликнинг турли муддатларида меконийнинг таркиби ўзгаради ва бу хусусиятдан ҳомила ёшини аниқлашда фойдаланилади. Одатда туғрукдан кейин 1-2 кун ичида меконий ичакдан тўлиқ чиқарилади. Лекин норасо туғилган гўдакларда бу муддат узоқроқ (3-4 кунгача) бўлади.
Киндик. Бу аъзо ҳомилани йўлдош билан боғлайди. Расо гўдакларда киндикнинг узунлиги 50-60 см., қалинлиги 1,5-2 см. бўлади. Янги туғилганларда киндик нам, ялтироқ, оқимтир-қизғиш ранг бўлиб, қуриш натижасида бужмаяди, қўнғир-сариқ, кейинчалиқ қўнғир-қора тусга киради. Тирик туғилганларда киндик бир текисда қурийди, унинг асосида - киндик ҳалқаси соҳасида бир неча соатдан сўнг, баъзан биринчи куннинг охирида қизғиш ҳошия кўринишида реактив яллиғланиш (демаркацион ҳалқа) вужудга келади. Кейинчалик 5-7 кундан сўнг айни шу чизиқ бўйича киндик ажралади.
Ўпканинг бирламчи ателектази. Нафас олмаган ўпка бирламчи ателектаз ҳолатида бўлади. Табиийки, бундай ҳолатда гўдак бир неча сония яшаши мумкин.

Тирик туғилганликни аниқлаш.


Суд-тиббий экспертизада гўдакнинг тирик туғилганлиги турли синамалар, макро-, микроскопик ва лаборатория текширувлари натижалари бўйича аниқланади.
Ўпка ( К.Гален - К.Раугер - И.Шреер) синамаси. Ушбу синама илк бор суд-тиббий экспертиза амалиётида 1681 йилда И. Шреер томонидан қўлланган. Нафас олмаган ўпканинг солиштирма оғирлиги сувдан катта, 1,05- 1,06 тенг. Нафас олган ўпкада ҳавонинг ҳисобига солиштирма оғирлик камайиб, 1,0 дан паст бўлади. Синамани ўтказишда аввал трахеяга, қизилўнгачнинг юқори ва пастки қисмларига лигатуралар қуйилиб, кўкрак бўшлиғидаги ички аъзолар комплекси сувли идишга солинади. Натижа манфий бўлса, яъни комплекс чўкса, кейинги босқичларда алоҳида кесиб олинган ўпкалар, ўпка бўлаклари, бўлакчалари сувга солинади. Мусбат натижа олинган босқичда синама тўхтилади.
Айрим ҳолатларда (чириган мурдаларда, сунъий нафас олдирилганда, музлагандан сўнг яхши эримаган ўпкаларда) ўпка синамаси сохта мусбат натижа бериши мумкин. Чириш газлари ҳисобига сув юзасига қалқиб чиққан ўпка бўлаклари, бўлакчалари сув остида қўл билан яхши сиқилганда, улар юзага қайта сузиб чиқмайди. Музлаган ўпка тўлиқ эритилганда сувда чўкади. Сунъий нафас олдирилганда ўпка бўлак, бўлакчаларининг сув юзасига чиқиш ҳолати бир хил бўлмайди.
Баъзан ўпканинг иккиламчи ателектази ривожланганда ўпка синамасида сохта манфий олиниши мумкин. Бунда аввал нафас олган ўпка турли сабабларга кўра (яллиғланиш, нафас йўлларининг ёпилиши ва бшқ.) кейинчалик ателектазга учрайди. Бу ҳолатда ўпка синамасини В. Таранухин усулида (1907) ёки бу усулнинг Л. Я. Трахтенберг модификациясида (1958) бажариш тавсия этилади. Бунинг учун ўпка бўлакчаси сувли колбага солиниб, ҳавони тортиб олиш орқали колбада паст босимли шароит яратилади. Иккиламчи ателектазга учраган ўпка бўлакчаси унда қолган ҳаво ҳисобига одатдаги босимда сув тубига чўкса, паст босимда сув юзига қалқиб чиқади.
Ошқозон –ичак (В. Бреслау,1865) синамаси. Бу синама нафас олганда ҳавонинг бир қисми қизилўнгач орқали ошқозон, ичакларга ўтишига асосланган. Синамани ўтказиш учун ошқозоннинг кириш ва чиқиш қисмларига, ичакларнинг ҳаво борлиги гумон қилинган соҳаларига, тўғри ичакка лигатуралар қўйилиб, ошқозон, ичаклар тутқичларда ажратган ҳолда олинади ва сувли идишга солинади. Ҳаво бор бўлган соҳалар сув юзасига сузиб чиқади. Ушбу соҳалар сув остида тешилганда ҳаво пуфакчалари чиқади.
Тирик туғилганларда ошқозон, ичакларга ҳаво аста–секин ўтади. Бундан келиб чиққан ҳолда ошқозон- ичак синамасидан янги туғилган чақалоқнинг қанча вақт яшаганлигини аниқлаш учун ҳам фойдаланса бўлади.
Таъкидлаш лозимки, чириган мурдаларда ошқозон–ичак синамаси чириш газлари ҳисобига сохта мусбат натижа бериши мумкин. Айни шундай ҳолат ўпканинг сунъий вентилляциясида ҳам ҳавонинг бир қисми ошқозонга ўтиши туфайли кузатилади. Шундан келиб чиққан ҳолда чириш, сунъий нафас олдириш ҳолатларида тирик туғилганликни аниқлаш мақсадида ошқозон–ичак синамасидан фойланиш тавсия этилмайди.
Рентгенологик синама мурдани очиб текширишга қадар ўпкалар, ошқозон, ичакларда ҳаво борлигини аниқлашга асосланган. Синама Я.Г.Диллон томонидан 1939 йилда тавсия этилган. Лекин рентгенологик текширувда нафас олган ўпкани сунъий вентилляция қилинган, чириш газлари бўлган ҳолатлардан фарқлаб бўлмайди. Махсус жиҳоз зарурлиги ҳамда диагностик имкониятлари чекланганлиги сабабли, ҳозирги пайтда бу синама суд–тиббий экспертиза амалиётида қўлланмайди.
Макроскопик текширувда тирик туғилган чақалоқларнинг кўкрак қафаси бочкасимон, қобирғалар оралиғи кенг, диафрагма гумбази VI-VII қобирғалар сатҳида бўлади. Нафас олган ўпкалар кўкрак қафасини деярли тўлдириб туради, эластик консистенцияда, юзаси нотекис - бўртиб, ботиб турган соҳалар бўлади. Ўпкалар юзаси мармарсимон тусда - айрим соҳалар оқимтир-қизил, бошқалари тўқроқ рангда бўлади (Буш-Хаберда белгиси). Ўпка тўқимаси қисилганда кесмалардан кўпик аралаш қон ажралади. Ўлик туғилган чақалоқларнинг кўкрак қафаси ясси, қобирғалар оралиғи тор, яхши билинмайди, диафрагма гумбази IV-V қобирғалар сатҳига тўғри келади. Нафас олмаган ўпкаларнинг ҳажми кичик, зичроқ консистенцияда бўлиб, улар умуртқа поғонасига яқин жойлашади. Ўпка юзалари нисбатан текис, бир хил - кўкимтир-тўқ қизил рангда бўлади. Ўпка тўқимаси қисилганда кесмадан озроқ қон ажралади. Янги туғилган чақалоқларда нафас олмаган ўпканинг вазни 55-60г. бўлса, нафас олганда ўпкада қон айланишининг бошланиши ҳисобига ўпканинг вазни 85-90 г. етади. Бундан ташқари тирик туғилганларда чириш нафас олиш аъзоларидан бошланса, ўлик туғилганда бу жараён одатда табиий тешиклар соҳасидан бошланади.
Микроскопик текширувда ўлик туғилганларда ўпканинг альвеолалари ёйилмаган, альвеоляр эпителий кубсимон шаклда, альвеолалараро тўсиқлар қалин, эластик толалар тутамсимон жойлашган, капиллярларда қон бўлмайди (расм 10.3.). Нафас олган ўпкада альвеолалар ёйилган, альвеоляр эпителий ясси шаклда, альвеолалараро тўсиқлар ингичкалашган, капиллярлар тўлақон, эластик толалар маълум тартибда жойлашган бўлади.
Айрим ҳолатларда, асосан тирик туғилган норасо чақалоқларда альвеолаларнинг ички юзасида гиалин мембраналари аниқланиши мумкин. Ушбу мембраналар ўпка капиллярларидан сизиб чиққан қондаги оқсиллардан (альбумин, глобулин, фибрин) иборат бўлиб, гиалин тоғайига ўхшаш бўялиши сабабли улар шундай номланган. Гиалин мембраналари одатда бир неча соат яшаган гўдакларда аниқланади. Нафас олмаган ўпкада гиалин мембраналари бўлмайди. Ўлик туғилган гўдакларда кичик ва ўрта калибрдаги ўпка артерияларининг ичида “куртаксимон”, “ ёстиқсимон” бўртиқлар аниқланади (Н.А.Митяева,1970). Нафас олган ўпкада бу бўртиқлар кузатилмайди.

Гестацион ёшни аниқлаш.


Ҳомиладорлик муддати, яъни гестацион ёш асосан антропометрик текширувлар ва айрим белгилар бўйича аниқланади. Гаазе формуласи бўйича гестацион ёш ҳомила ойларида аниқлаанади. Бунинг учун ҳомиладорликнинг биринчи ярмида ҳомила тана узунлигидан квадрат илдиз чиқарилади, икки ярмида эса тана узунлиги бешга бўлинади. Масалан, ҳомиланинг тана узунлиги 16 см. бўлса, гестацион ёш 4 ҳомила ойи. Тана узунлиги 40 см. бўлса, гестацион ёш 8 ҳомила ойи.
Бальтазар-Дервье индекси 5,6га тенг бўлиб, уни ҳомила танасининг узунлигига кўпайтириб, гестацион ёшни кунларда аниқлаш мумкин. Масалан, ҳомила танасининг узунлиги 40см. бўлса, уни 5,6 га кўпайтирилса 224 кун (8 ҳомила ойи) чиқади.
И.Я.Купов (1981) бўйича гестацион ёшни аниқлаш учун ҳомила бошининг айлана узунлигини 3,4 га бўлиш керак. Масалан, ҳомила бошининг айлана узунлиги 34см. бўлса, уни 3,4 га бўлганда 10 ҳомила ойи чиқади.
Ҳомиланинг тана узунлиги, вазни, айрим ички аъзоларнинг ўлчамлари, вазни, найсимон суякларнинг узунлиги бўйича гестацион ёшни аниқлашга доир қатор жадваллар ишлаб чиқилган. Шу жумладан йўлдошнинг вазни, киндикнинг узунлиги бўйича ҳам гестацион ёшни аниқлаш мумкин (жадвал10.1.).
Жадвал 10.1.

Download 0.89 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   11   12   13   14   15   16   17   18   ...   38




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling