Суправитал реакциялар.ўлимнинг муддатини аниқлашда кенг қўлланилади.
Ўлимдан кейинги 1–2 соат оралиғида механик таъсир остида қўл ва оёқ мушаклари қисқариши мумкин. Кейинроқ 10 соатгача бўлган даврда мушаклар қисқармайди, лекин таъсир жойида “идиомускуляр ўсма” – бурма шаклидаги шиш пайдо бўлади. Дастлаб ушбу бурма зич, баланд (2 см.гача) бўлса, вақт ўтган сари унинг зичлиги ва баландлиги пасаяди. Ўлим кейин 10–11 соатда таъсир жойида чуқурча ҳосил бўлади. Кўпинча текширувлар елка мушакларида ўтказилади, механик таъсир неврологик болғачанинг банди ёки металл чизғич билан етказилади. Электр токининг таъсири остида ўлимдан кейинги 2–3 соат оралиғида юз, бўйин, қўл, оёқ мушаклари қисқаради. Кейинроқ 3–5 соатгача бўлган оралиқда оғизнинг айлана мушаклари, 11–12 соатгача бўлган даврда эса фақат кўз мушаклари қисқаради. Булардан ташқари игнасимон электродлар билан кўз ичи мушакларининг электр токининг таъсирига реакцияси текширилиши мумкин. Бунда қорачиқларнинг шакли ва ўлчамларининг ўзгаришига эътибор қаратилади. Даслабки 6 соатда қорачиқлар торайса, 7–12 соатда қорачиқларнинг торайиши ҳамда деформацияси, кейинроқ (30 соатгача ) – фақат қорачиқларнинг деформацияси кузатилади (В.В.Билкун, 1986). Бу текширувлар махсус электр мосламалари ёрдамида ўтказилади. Кимёвий таъсир остида қорачиқларнинг торайиши ёки кенгайиши ҳам аҳамиятли. Ўлимдан кейинги дастлабки 5–6 соатда кўзга 1% атропин томизилса, қорачиқлар кенгаяди, 1% пилокарпин таъсирида улар тораяди. Бу эритмалар (0,1 мл) ингичка игна билан кўзнинг олдинги камерасига юборилганда қорачиқларнинг ўзгариши 24 соатгача бўлган даврда аниқланиши мумкин (К.И.Хижнякова, 1968). Бунда қорачиқларнинг диаметри ва уларнинг кенгайиши (торайиши) давомийлиги ўлчанади. Мазкур давомийлик ўлимнинг муддатига боғлиқ бўлиб, муддат ошган сари қорачиқлар шаклининг ўзгариши давомийлиги ҳам ортади. Кимёвий таъсир остида тер безларининг реакцияси ҳам ўрганилади. Бунинг учун сон ёки билак соҳасига йоднинг спиртдаги 2% эритмаси сурилади. Ушбу соҳа қуригач, крахмал ва кастор мойининг аралашмаси сурилиб, унинг марказига тери остига 1% адреналин ёки 2% пилокарпин эритмаси (1 мл) юборилади. 0,5–1,0 соатдан сўнг тер ажралиши ҳисобига кўк рангли доғ пайдо бўлади. Бу усул ўлимдан сўнг 30 соат оралиғида қўлланилиши мумкин (M. Wada, 1957).
Do'stlaringiz bilan baham: |