Мурданинг ҳашаротлар томонидан емирилиши.Мурда сақланган жойига ҳамда атроф–муҳитдаги шароитларга қараб турли ҳашаротлар (пашша, чумоли, қўнғиз, суварак ва бшқ.) томонидан емирилиши мумкин. Емирилишнинг ўлимдан кейин маълум бир вақтдан сўнг бошланиши ва бу жараёндаги кечишидаги муайян кетма–кетлик буйича турли ҳашаротлар учун хос хусусиятлар бор. Бу ҳолатдан ўлимнинг муддатини аниқлашда фойдаланилади. Ҳашаротлар орасида мурданинг хона пашшалари томонидан емирилиши кўпроқ амалий аҳамиятга эга. Ўлимдан сўнг тез орада табиий тешиклар (кўз, бурун, оғиз) атрофига ва яралар юзасига пашшалар оқ, кул ранг майда дон шаклидаги тухумларни қўяди. Хона ҳарорати шароитида 24–30 соатдан кейин тухумлардан личинкалар ҳосил бўлади. Личинкалар майда оқ чувалчанглар кўринишида бўлиб, ўзидан юмшоқ тўқималарни эритадиган протеолитик ферментни ажратади ва натижада юмшоқ тўқималар емирилади (расм 8.3.). Қулай шароитларда пашша личинкалари томонидан катта ёшдаги одамнинг мурдасининг юмшоқ тўқималари 4–6 ҳафтада тўлиқ, скелетгача емирилиши мумкин. Кичик болаларда ушбу муддат янада қисқароқ – 1–2 ҳафта бўлади. 7–10 кундан сўнг личинкалар қўғирчоқларга айланади, 2 ҳафтадан сўнг эса етук пашшалар пайдо бўлади. Кейин пашшалар ривожланишининг янги цикли бошланади. Ушбу циклнинг давомийлиги атроф–муҳитнинг ҳарорати билан узвий боғлиқ. Ҳарорат 15–200С иссиқ бўлганда бу давр 20–30 кунни, 20–250С иссиқ бўлганда – 15–20 кунни, 25–300С иссиқ бўлганда – 9–15 кунни ташкил қилади. Мурда юмшоқ тўқималарининг пашшалар билан емирилиши асосан ўлимдан сўнгги биринчи ойнинг иккинчи ярмига тўғри келади (М.И.Марченко, 1984). Кейинроқ мурданинг юмшоқ тўқималари некрофаг қўнғиз (30–45 кун) ва йиртқич қўнғизларнинг (45–60 кун) личинкалари билан тўлиқ емирилади. Тегишли шарт–шароитларда чумолилар ҳам мурданинг юмшоқ тўқималарини емириши мумкин
Мурданинг қисмланиши.Мурдани қисмлаш одатда ўткир жисмлар ёрдамида амалга оширилади. Сабаби, важлари бўйича дефензив ва оффензив қисмлаш фарқланади. Дефензив ( defence (инглиз) – мудофаа, ҳимоя) қисмлаш жиноятни яшириш, жазодан қутулиб қолиш мақсадида одатда ашаддий жиноятчилар томонидан амалга оширилади. Оффензив ( offence (инглиз) – ҳақорат) қисмлаш кучли эҳтирос остида, қасос олиш, ҳақоратлаш мақсадида қилинади ва унда жиноятни яшириш эмас, аксинча янада ошкор этишга ҳаракат қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |