Гўдак тушунчамда Ватан деб билдим
Кўзни қамаштирган кўм-кўк боғингни.
Кўрганда қирғоқдан кетолмай қолдим,
Ойга кўзгу бўлган соф булоғингни.
Кўкси хазинага бой баланд тоғлар,
Пахта водийларинг чексиз, бепоён.
Кунда қизиб ётган қумликларинг ҳам
Ажиб жилва билан боқди меҳрибон.
Ердан бош кўтарган ҳар бир гиёҳга,
Боғбон муҳаббати, меҳри-ла боқдим.
Ҳар ғунчанг, ҳар гулинг кўзим эркалаб,
Мен ғамсиз, аламсиз қўшиқ-ла оқдим.
Боғларинг гулларга бурканган баҳор,
Илк севги қалбимга кирди яширин.
Салқин кечаларни ўтказиб бедор,
Тошқин сувларингга айтдим ишқ сирин.
Тонгда булбулларинг хониш қилганда,
Мени мафтун этди ажиб бир ҳаёт.
Ниҳол соз тутқаздинг менинг қўлимга,
Қўшиғим туғилиб чиқарди қанот.
Фақат сени дедим қалб қўшиғини,
Эй азиз Ватаним атадим сенга!
5-ўқувчи: Гўзалликка иштиёқ ёш Зулфиянинг қалбида туғён урарди. Бу туғён қиш оқшом-ларида бутун оила сандал атрофида тўпланганида ва онаси – Ҳадича хола катта рўмолни аста очиб, унинг ичидаги бирор халқ китоби ёки баёзни варақлаб, шеър ёки жангномани ўқиганда тобора аланга олар эди. Навоий, Бедил, Фузулий шеърларини биринчи марта онасидан эшитган орзуманд қалбда “Мўъжизалар яратишга қодир, жаҳонни кўзга кенг очувчи, инсонни гўзаллик сари етакловчи Сўз”га, адабиётга, шеъриятга ҳавас-муҳаббат туйғуси уйғонди.
6-ўқувчи: Шу тарзда ҳаёт дорилфунуни билан таниша бошлаган Зулфия 1931 йили Ўқчи маҳалласидаги хотин-қизлар билим юртига қабул қилинди. Бу даврда у ўқитувчи бўлишга аҳд қилган эди. Аммо “донолик ва билимнинг сира туганмас конлари” – Навоий ва Ҳофиз, Пушкин ва Байрон асарлари билан танишар экан, ўзи ҳам... қандайдир жуфтланган, оҳангдош сатрларни тўқий бошлаганини сезди. Энди уни шеърият аталмиш сеҳрли олам тамомила асир этган, қоғоз қоралаб, шеър бита бошлаган эди.
7-ўқувчи: Шукур Саъдулла, Тошпўлат Саъдийлар бошлиқ адабиёт тўгараги унга адабиёт тилсим-ларини тобора очаётгандек эди. Айниқса, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Уйғун ва бошқа шоирларнинг ижод кечаларида бутун вужуди қулоққа айланиб, таниқли ўзбек шоирларининг шеърларини завқ билан тингларди.
8-ўқувчи: Ниҳоят, истеъдод булоғи кўз очди.Ёш ижодкорнинг “Мен иш қизи”деган биринчи шеъри 1931 йил 17 июль куни “Ишчи”газетасида босилди.Ижоди намуналари ўша даврдаги бир қатор матбуот нашрларида чоп этила бошланди. 1932 йили эса илк шеърий тўплами - “Ҳаёт варақлари” нашрдан чиқди. Бу китоб сўз санъаткори Ҳамид Олимжоннинг ҳам назарига тушди.
Do'stlaringiz bilan baham: |