Таълим вазирлиги Андижон Давлат Университети Тарих ва ижтимоий фанлар факультети
Download 0.98 Mb.
|
jahon tarihi seminar (1)
Елизавета I нинг черковга муносабати. Мария Стюартнинг қатл қилиниши. Испания билан денгиз ҳукмронлиги учун кураш, айтиб ўтганимиздек, Англияда реакцион феодал элементлар билан абсолют ҳукумат ўртасидаги ички курашлар билан ҳам боғланиб кетди. Феодал мухолифат католик черковига садоқатини намоён қилиб черков ислоҳотларини тан олмади. Елизавета мамлакатда протестантизмни унинг мўътадил англикан кўринишида тиклади. Унинг давридаги инглиз жамиятидага муҳим ижобий силжишларидан бири целебат (руҳонийларнинг уйланмаслиги)нинг бекор қилиниши ва руҳонийларга уйланишга рухсат берилиши бўлди. Елизавета англикан черкови руҳонийларини жуда тез ва қўпол усуллар билан ўзига бўйсундиради. Қироличанинг уларга муносабати услубларини унинг хатлари орқали билиш мумкин. Мисол учун, 6 декабрь 1559 йилда Елизаветанинг черковдан четлаштирилган руҳонийлар (епископлар)га юборган хати қуйидаги сўзлар билан тугалланади: «Биз сизларни огоҳлантирамиз, агар сизлар бизнинг томонимиздан қаршилик кўрсатганларни жиловлаш (бўйсундирмоқ) учун белгиланган жазони хоҳламасаларингиз ҳеч қачон норозилик оловини ёқманглар» . 1573 йил Елизаветанинг Илийский епископига ёзган хатида ҳам шу каби мазмун бор эди: «Мағрур прелат (англикан ва католик черковларида олий мансабга эга бўлган руҳоний), дейилганди унда, мен сенга ҳозирги даражани берганимга қадар ким бўлганлигингни ўзинг биласан. Агар сен менинг талабларимни ҳозироқ бажармасанг худо номи билан қасам ичаманки сени епископликдан маҳрум этаман».
Бу хатлар инглиз абсолютизмининг энг характерли томонларидан бирини - черковнинг давлатга тўлиқ бўйсунганлигини кўрсатиб беради. Черков давлатнинг қўшимча бир қисми бўлиб қолди, яъни ўзига хос бир диний ишлар бўйича қўмита эди. Черковнинг шахсий мулки ҳам йўқ эди. Киролича хоҳлаган вақтида черковга тегишли ер мулкларни (масалан, боғларни ва ҳ.к.) бир кичик қоғоз ёзиб бериш билан хоҳлаган кишига бериб (ўтказиб) юбора оларди. Елизавета томонидан XVI асрнинг 70-йилларига қадар католик черкови ва католик мазҳабига эътиқод қилувчилар кучли таъқиб остига олинган эмас. Лекин 70-йилларда папа Пий V Англияга Елизаветанинг черковдан маҳрум қилинганлиги тўғрисида буллаларни юборганидан сўнг черков сиёсатида ўзгариш юз берди. Қизиғи шундаки, ҳатто бу булла қироличага қарши очиқ исён кўтаришга инглиз католикларини ундай олмади. Улар қироличага содиқлигича қолавердилар, аммо шу вақтдан бошлаб феодал католик мухолифатининг кучайиши кузатилади ва ҳукуматнинг ҳам католикларга бўлган муносабатида таъқиб кучаяди. Бу даврдан то 80-йиллар ўрталаригача Рим курияси ва Испания қироли Филипп II Англияда католикни тиклаш учун бор кучлари билан ҳаракат қиладилар. Испан католик лагери бу курашни икки йўналишда олиб борди: Англияга қўшни бўлган католикларнинг Елизаветага қарши чиқишларини уюштириш; Англиянинг ичкарисида Мария Стюарт атрофида тўпланган абсолютизмга қарши кучларга ва католик черкови тарафдорларига ёрдам кўрсатиш. Папа Григорий XIII чет давлатларнинг доимий равишда Англия чегарасида низолар чиқариб туришига кўмаклашди. Бунда ирландияликларнинг оғир аҳволи ва уларнинг инглиз мустамлакачиларига бўлган нафратидан ҳам фойдаланилди. Папалик ва Испания ёрдамида ирландияликлар 1580 йилда қўзғолон кўтардилар, аммо бу қўзғолон инглизлар томонидан бостирилди. Қиролликни энг катта ташвишга солган хавф Англиянинг ўзида католик фаолиятининг кучайиши бўлди. Бу аввало махсус иезуитлар мактабининг тузилиши билан боғлиқ эди. 1568 йилда Дуэ шаҳрида ташкил топган бу мактаб кейинчалик Франциянинг Реймс шаҳрига кўчирилди ва унга инглиз, ўзининг диний қарашлари «нотўғрилиги» учун Оксфорд университетидан кувғин қилинган Вильям Аллен бошчилик қилди. Бу семинариянинг тарбияланувчилари Англиядага юқори табақага мансуб католиклар хонадонларининг фарзандлари эдилар. 14 ёшдан то 25 ёшгача бўлган бу ёшлар етти йиллик ўқиш даврида Англиядаги протестант черкови ва қиролича Елизаветага қарши курашга тайёрландилар. Тарбияланувчилар Англияга қайтиш ва у ерда керак бўлса дин йўлида ўлимга ҳам тайёр эканлиги тўғрисида қасамёд қиладилар. 1580 йилда Англиянинг шимолида Реймс шаҳрида тайёргарлик кўрган биринчи инглиз миссионерлари Парсонс ва Кэмпионлар фаол ҳаракатни бошладилар, улар яширин йиганлар уюштириб, Елизаветанинг черков сиёсатига қарши чиқа бошладилар. 1581 йилда яширин босмахона ишга туширилиб, католикларни ҳимоя қилувчи китоблар нашр қилина бошланди. Бундан жиддий хавфсираган ҳукумат, католиклар ва миссионерларга қарши бир қатор қонунлар эълон қилди. Бу соҳада, айниқса, ўлим жазосини қўллаш йўли билан қўрқитиб, 40 кун ичида Англиядан барча иезуитлар семинариячилари ва католик руҳонийларининг чиқиб кетишини талаб қилган акт жуда муҳим аҳамиятга эгадир. Бундан ташқари, барча фуқароларнинг Англиянинг черковига мажбурий равишда ибодатга бориши, агар бормаган тақдирда жуда катта жарима тўлашга мажбур қилиниши тўғрисидаги қарор ҳам эълон қилинди. Кэмпион ва бошқа иезуитлар ҳибсга олин-дилар ва қироличага фитна уюштиришда айбланиб қатл қилиндилар. Католикларни таъқиб қилиш Нидерландияда 1582 йилда Вильгельм Оранскийга муваффақиятсиз уюштирилган суиқасддан кейин кучайтирилди. Айниқса, католикларнинг фитналари натижасида 1584 йил Вильгельм Оранский ўлдирилгач, шу билан бирга бир вақтда Англияда ҳам қироличага қарши католиклар фитнасининг очилиши муносабати билан бу мазҳабда бўлганларга нисбатан жазо тадбирлар кенг қўллана бошланди. Қироличага қарши фитналардан бирига Фрэнсис Трогмартон бошчилик қилди. Унинг мақсади Елизаветани ўлдириш ва испанлар ҳамда французлар католиклари ёрдамида тахтга Мария Стюартни ўтқазиш эди. Трогмартон қатл этилди. Унинг иши бўйича тўпланган маълумотлардан бу фитнага испан элчиси Бернардино де Мендосанинг ҳам иштироки борлиги аниқланди. Инглиз Махфий Кенгашига таклиф қилинган элчи, саволларга жавоб беришдан бош тортди. Бернардино де Мендоса Англиядан чиқариб юборилди ва бу билан инглиз ҳукумати испан қиролига очиқдан-очиқ айб қўйганлигини билдирди. Кўп ўтмай Англияда инглизларнинг қироличаси Елизаветани католиклар суиқасдидан ҳимоя қилиш ассоцияцияси тузилди. Феодалларнинг - асосан Англиядаги шимолий феодалларнинг Елизавета ҳукуматига қарши кураши то 80-йиллар охиригача Испаниядан туриб бошқаридди. Барча норозилик ҳаракатлари шотландиялик қиролича Мария Стюарт атрофида бирлаштирилди. Мария Стюарт 1542 йилда туғилган бўлиб, Шотландия қироли Яков V ва француз Мария Гизларнинг яккаю-ягона қизи эди. Туғилгандан кейин, кўп ўтмай у отасидан маҳрум бўлди ва Шотландия қироличаси деб эълон қилинди. Олти ёшида у Францияга (1548) олиб кетилди ва француз қироли саройида тарбияланди. У француз уйғониш даври руҳида таълим олди ва айни вақтда католик черковининг изчил эътиқодчиси сифатида қолаверди. Сиёсат соҳасида у Гизлар ва Филипп II ларнинг истакларини бажарувчига айланди. Аёл сифатида у чиройли ва назокатли эди. Французларнинг сарой фитначилиги руҳида тарбияланганлиги учун, у ўз ички туйғуларини яшира оладиган ва ўзи билан ким мулоқотда бўлса уни маҳлиё қиладиган сифатларга эга эди. Унинг шахсий ҳаёти Шотландия, Англия ва Франциянинг сиёсий ҳаёти билан чамбарчас боғланиб кетган эди. 23 апрель 1558 йилда Мария Стюарт француз дофени, бўлажак қирол Франциск II га турмушга чиқди. Англия қироличаси Мария Қонхўрнинг вафотидан кейин, отасининг инглиз қироли Генрих VII нинг қизи Маргаританинг ўғли эканлигига таяниб, инглиз тахтига даъвогар бўлиб чикди. 1559 йилда Франциск II отасининг ўлимидан кейин тахтга ўтиргач Мария Стюарт Франция қироличаси деб эълон қилинди. Аммо, 1560 йилда Франциск II тўсатдан вафот этгандан сўнг Шотландия қироличаси сифатида Шотландияга (1561) қайтишга мажбур бўлди. Шотландияда унга абсолют ҳокимиятнинг ўрнатилишидан ва католик эътиқодига қайтишдан қўрққан феодал мухолифат билан тўқнашишга тўғри келди. 1565 йилда Мария Стюарт Елизаветанинг хоҳишига қарши, келиб чиқиши шотланд бўлган инглиз фуқароси лорд Генрих Дарнлей (Дарнли)га турмушга чиқади. Лекин бу никоҳ Марияга бахт келтирмади. У эри Дарнлейни давлатни бошқариш ишларига аралаштирмади ва бунинг устига италиялик мусиқачи Давид Риччио билан яқинлашиб, ўзининг кўп ишларини унга ишониб топширарди. Ундан норози бўлган ва Марияни Давид Риччиодан рашк қилган Дарнлей, 9 март 1566 йилда ўз тарафдорлари билан Мария Стюарт ётоғига бостириб киради ва унинг кўз олдида Риччиони ваҳшийларча ўлдиради. Тезда Мария Стюартнинг янги фаворити пайдо бўлади. У граф Ботвел (айрим адабиётларда Ботсвел ва Босвел тарзида ҳам учрайди) эди. 1567 йилнинг 9 февралидан 10 февралига ўтар кечаси террористлар ҳаракати натижасида Дарнлей яшаган уй портлайди ва у ҳалок бўлади. Бу суиқасддан сўнг хотинидан ажралиб тезда Мария Стюартга уйланган Ботвелдан шубҳаланадилар. Ботвел Англиядан қочиб кетади. Бу воқеадан фойдаланиб исён кўтарган шотланд лордлари бир ой давомида Мария Стюартни уй асирлигида сақлаб турадилар. 19 июнь 1567 йилда Мария Стюарт ўғил туғади. Бу ўғил бўлғуси Шотландия қироли Яков I эди. Елизавета бу ўғилга чўқинтирган она бўлди. 24 июнь 1567 йилда уй асирлигидаги Мария Стюарт Шотландия тахтидан ўз ўғли фойдасига воз кечди. Шундай бўлса-да, у 1568 йил май ойигача лордлар қўлида қолди ва ниҳоят, 1568 йил май ойида лордлар қўлидан қочиб, ўз тарафдорларига қўшилишга муваффақ бўлди. Мария Стюарт тарафдорлари ҳарбий ҳаракатларда енгилгандан сўнг, у Англияга қочиб бориб бекинишга ва Елизаветадан ҳимоя сўрашга мажбур бўлди. Мария Стюартнинг Англияда пайдо бўлиши Елизаветани жуда чигал аҳволга солиб қўйди. Бир томондан, Марияни зўрлик йўли билан Шотландия тахтига тиклаши, шотландиялик лордларнинг қаршилигини келтириб чиқариши ва у ерда Англияга қарши ҳукуматнинг қарор топишига олиб келиши мумкин эди. Иккинчи томондан, Мариянинг Францияга қўйиб юборилиши католиклар партияси қўлига хавфли қурол бериш билан баробар эди. Учинчидан эса, уни Англияда ушлаб туриш ҳам хавфли бўлиб, озодликда бўлган Мария бу ерда феодал католик фитналарининг марказига айланиши мумкин эди. Охири Елизавета уни қаттиқ назорат остида Англияда олиб қолишга қарор қилди. Елизавета учун энг кучли хавф қиролликка қарши бўлган ва инглизлар католик эътиқодининг маркази бўлган Мария Стюартнинг шимолий графликлардаги йирик феодаллар ўртасида таъсирининг кучли эканлиги эди. Дастлаб Елизавета Тюдор ва Шотландия қироллига регенти граф Муррей ва Мария ўртасида маълум бир кели-шувчиликни ўрнатишга уриниб кўрди, аммо бу ҳаракат натижа бермади . Мария Елизаветадан ўзининг бўйсунмас шотландиялик фуқароларига қарши ёрдам беришини ёки Францияга эркин равишда чиқиб кетишга рухсат беришини талаб қилди. Бундан ташқари, у Елизаветадан шахсан у билан учрашишни сўради. Аммо, Елизавета Мария Дарнлей ўлимига ўзи-нинг иштироки йўқ эканлигини исботламагунча, у билан учрашмаслигини биддирди. Шунда Йорк фафлигида Мария Стюартнинг айби йўқлигини аниқлаш масаласини кўриб чиқиш учун махсус комнссия ташкил қилинди. Комиссиянинг бошлиғи қилиб герцог Норфольк тайинланди. Муррей ва Мария конференцияга ўзларининг вакилларини юбордилар. Муррей Марияга қарши далил сифатида Мария Стюартнинг Ботвелга юборган хатлари солинган маъшум «хатлар солинган қутичаси»ни келтирди. Натижада комиссия бу ишларни «ифлос ишлар» деб эълон қилди ва Марияни Елизавета қабул қилмасликка ҳуқуқи бор деган хулосага келди. Йорк конференцияси ҳеч қандай натижасиз тугади. 10 январь 1568 йилда Елизавета икки томоннинг ҳам ҳеч нарсани исбот этолмаганлигини эълон қилди. Унинг учун Мариянинг бошида маълум бир айбнинг осилиб туриши қулай эди. 10 кундан сўнг Марияни Тетбери қалъасига олиб келдилар ва у амалда тўла маънодаги тутқунга айланди. Аммо, тутқунлиқда ҳам Мария феодал католик ва испанлар томонидан бўлган фитна ва суиқасдлар иплари туташадиган марказга айланди. Бу биринчи навбатда герцог Норфолькнинг Мария номзодини Англия қироличаси бўлишда қувватлашини, унга уйланишни ва Елизаветани тахтдан тушириб, ҳокимиятни қўлга олишга қарор қилганлиги билан боғлиқ бўлди. Нияти маълум бўлиб қолган герцог Норфольк тезда қўлга олиниб, Тауэрга ташланди. Герцог Норфолькнинг ҳибсга олинганидан хабар топган Шимолий графликларда Нортумбурленд ва Вестмореланд қироличага қарши қўзғолон кўтарилди. Аммо, 1569 йилда кўтарилган бу қўзғолон тезда қонга ботирилди ва қўзғолон қатнашчиларидан жуда қаттиқ ўч олинди. Бундан кейин ҳам кўтарилган норозилик ҳаракатларининг бостирилиши Елизавета ҳукмдорлигининг мустаҳкамланаётганлигидан дарак берарди. XVI асрнинг 80-йилларидан бошлаб Нидерландиядаги воқеалар Мария Стюарт тақдирига Испаниянинг аралашувига олиб келди. Бу Европада Испания таъсирининг кучайиб кетаётганлиги ва унинг Англия учун бевосита катта хавфга айланаётганлиги билан боғлиқ эди. Нидерландияликларнинг испанлар ҳукмронлигига қарши кураши Ғарбий Европадаги кучлар муносабатига туб ўзгаришлар киритди. Бу ердаги 1566 йилдаги будпарастликка қарши қўзғолон ва унинг бостирилишидан кейин Нидерландиянинг герцог Альба армияси томонидан истило қилиниши, шу билан боғлиқ равишда маркази Нидерландия бўлган Европа савдосининг издан чиқиши ва келгусида бу ердаги диний - инқилобий ҳаракатнинг Англияга ёйилиб кетиш хавфи қироллик томонидан унинг давлат хавфсизлиги ва иқтисодий манфаатларига қаратилган тўғридан-тўғри хавф деб баҳоланди. Бундан ташқари, Англиянинг келгусида Нидерландия ҳудудини Франция билан биргаликда бўлиб олиш нияти ҳам йўқ эмас эди. Бу ниятларни амалга оширишга қаратилган дастлабки қадам унинг Франция билан 1572 йил 19 апрелда Блуа шаҳрида (Францияда) мудофаа иттифоқи тўғрисида шартномани имзолаши бўлди. XVI асрнинг 80-йилларининг ўрталарида Вильгельм Оранский ўлими ва испан қўмондони Александр Пармскийнинг муваффақиятли ғалабаларидан кейин, қирол Филипп II га Нидерландиядаги инқилоб тезда ниҳоясига етгандек туюлди. Бу даврда Нидерландия инқилоби чеккадан кўрсатилган ёрдамга жуда муҳтож эди. Бу ерда испанлар қудратининг заифлашувидан манфаатдор бўлган Англияга нисбатан катта умид билан қарар эдилар. Англия Нидерландия билан яқин алоқани сақлаб туришдан иқтисодий жиҳатдан манфаатдор эди. У керакли бўлган чет эл молларини асосан Антверпендан сотиб олар эди. Айни вақтда XVI асрнинг 60 йилларига келиб Англиянинг ўзи ҳам 80-90 минг ўрамгача бўлган мовутни нидерлардияликлар бозорига ташлар эди. Нидерландия билан бўлган барча савдо Англиядаги 3500 кишидан кўпроқ аъзоси бўлган «Савдогар авантюристлар» деб аталган компаниянинг монополияси эди. Айни вақтда Елизавета Нидерландияга инглиз ҳарбийларини юборишни орқага суриб келарди. Фақатгина 1585 йил 17 августда испан армияси Антверпенни таслим қилганларидан сўнг испанларнинг Англияга ҳужум бошлаш хавфидан қўрққан қиролича Нидерландияга ёрдам беришга қарор қилди. Нидерландия бош штатлари Елизаветага ҳокимиятни таклиф қилдилар, аммо у протектор унвонидан воз кечиб, фақатгина испанлар ғалабасига монелик қилиш мақсадидагина ёрдам беришини билдирди. Елизавета томонидан 5 минг пиёда ва мингта отлиқ аскарни Нидерландияга юборишга қарор қилинди ва бунинг эвазига, Нидерландларнинг ҳарбий харажатларини қоплаш учун иккита қалъани бериши кераклигини билдирди. 1585 йил 29 октябрда Нидерландияга қироличанинг фаворити бўлган граф Лейстер бошчилигида Англия армияси юборилди. Шу вақтдан бошлаб Англия билан Испания ўртасида очиқ уруш бошланди. Аммо Елизавета I армияси Нидерландия ҳудудида ҳеч қандай кескин ҳаракат қипган эмас. Лейстер жуда тезда ўзига берилган ваколатни кучайтириб юборди. У Нидерландия устидан протекторлик унвонини қабул қилди. Бундан ғазабланган қиролича штатларга норозилик хатини юборди. Герцог Пармский эса қулай вазиятдан фойдаланиб инглизлар билан сулҳ тузиш ҳақида музокоралар бошлади. Шундан сўнг Нидерландия инқилобчиларига Елизаветанинг ёрдам кўрсатиши самимий эмаслиги аниқ бўлди. Сулҳ музокоралари натижасиз бўлса-да, Филипп II Англияга ҳужум қилиш учун тайёргарлик вақтини узайтиришга эришди. Бу вақтга келиб Испания Англияга уруш очишдан манфаатдор эди. Чунки, инглиз қароқчилари испан колониялари соҳилларини безориларча талар эдилар. Елизаветанинг денгиз қароқчиси Фрэнсис Дрейк 1585 йил охирида 25 кемадан иборат экспедиция билан Испаниянинг Марказий Америкадаги колониялари бўлган Сан Доминго (Сан-Долинго), Картагенн (Картахену) ерларини талади, Куба ва Флорида соҳилларини хонавайрон қилди. Дрейкнинг бу ҳаракатларидан хавотирга тушган испан хукумати узининг «янги дунёда»ги колониялари такдиридан қўрқа бошлади ва инглизлар ўзбошимчалигига чек қўйиш учун Филипп II Англия билан урушга тайёрланди. Испания Англияга қарши ҳужумни Нидерландия ҳудудларидан бир вақтда бошлашни мўлжаллаган эди. Бундан ташқари, у Англияда Мария Стюарт тарафдорлари бўлган католикларнинг ҳам қўзғолон кўтаришини ҳисобга олган эди. Унинг режасига кўра, Александр Пармский Лондонни эгаллаши, Елизавета Тюдорни қатл этиши ва Англия тахтига эга бўлган Мария Стюартга уйланиб, католик черкови ва Испания манфаатига мос равишда Англияни бошқариши керак эди. Мария Стюарт атрофидаги воқеаларнинг бу тарзда ривож-ланиши, католиклар томонидан фитналарнинг кўпайиши қироличани Мариядан қутулиш учун чоралар излашга мажбур қилди. Айниқса, бу ҳаракат 1586 йилда Мария Стюарт билан бевосита алоқада бўлган дворян Антон Бабингтон бошчилигидаги католик-фанатикларининг Елизавета I ни ўлдириш мақсадида уюштирилган фитнаси фош бўлгандан сўнг кучайди. Фитначиларни қатл қилишдилар. 1586 йил сентябрь ойида, Махфий Кенгашнинг 46 аъзосидан иборат комиссия ташкил қилиниб, уларга Мария устидан суд қилиш топширилди. Мария Стюарт Норгемтонширдаги Фате-рингей қалъасига ўтказилди ва у ерда суд жараёни бошланди. 25 октябр 1586 йилда Бабингтон бошчилигидаги қироличага қарши фитнага қатнашганликда айбланиб Мария Стюарт суд ҳукмига кўра ўлим жазосига ҳукм қилинди. Аммо, Елизавета унинг йўқотилишини жуда истаса-да, қироллар авлодидан бўлган ва қиролича унвонига эга бўлган Марияни қатл этиш жавобгарлигини ўзига олишни хоҳламади. Шу сабабли, Елизавета қатл этиш тўғрисидага қарорни имзоласа-да, аммо уни бажариш тўғрисида буйруқ бермади. Шунда қироличанинг ишончли хизматкорларидан бўлган Давинсон ҳал қилувчи ҳаракатни бошлади. У 1587 йилда Мария Стюартни Фатерингей қалъасида қатл қилди. Айрим тарихчилар Мария Стюартнинг қатл этилиши Англия учун зарурият эди, деган фикрни олға суради, сабаби деб тушун-тиради улар, ўша вақтда прогрессив бўлган Англия абсолютизмига қарши борган кучлар Мария атрофида тўпланишган эди. Мария Стюарт ҳаётлигида Англия Испанияга қарши курашда зарур бўлган ички бирликка эриша олмас эди. Унинг ўлими тўғрисидаги хабар инглиз дворянлари ва бур-жуазия доираларида хурсандлик билан кутиб олинди. Лон-донда шаҳарликлар Англияда католикни қайта тиклаш хавфидан озод бўлганликларини кўчаларда машъаллар ёқиб ва барча қўнғироқларни жаранглатиб байрам қилдилар. Елизавета эса сохтакорлик билан ҳукмни амалга оширишга буйруқ бермаганлигини ва Давинсон ҳатти-ҳаракатидан ғазабланганлигини билдирди. Қиролича буйруғи билан Давинсон судга берилди ва ундан катта жарима ундирилди. Қиролича Мария Стюартга мотам эълон қилди ва унинг ўғли Яков I га кечирим сўраб мактуб юборди. Буларнинг барчаси, албатта, жавобгарликдан ўзини олиб қочиш эди. Download 0.98 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling