Таълим вазирлиги Андижон Давлат Университети Тарих ва ижтимоий фанлар факультети


Италияда иқтисодий тушкунликнинг бошланиши


Download 0.98 Mb.
bet323/359
Sana17.02.2023
Hajmi0.98 Mb.
#1204737
1   ...   319   320   321   322   323   324   325   326   ...   359
Bog'liq
jahon tarihi seminar (1)

Италияда иқтисодий тушкунликнинг бошланиши. XVI асрда Италияда иқтисодий тушкунлик бошланди. XV аср охирларидаёқ Италия саноатининг тушкунликка учраганлиги сезила бошлади. Ҳатто Италияда Флоренция мовути ўрнини инглиз мовути қисман эгаллай бошлади. Европанинг ўз саноати ривожланиб борганлигидан итальян мовути у ерда камроқ оотиладиган бўлиб қолди. Англиядан ташқари, Франция билан Германияда ҳам саноат юксалиб борди. Нидерландия бутун XVI аср давомида савдо ва кема қатнови соҳасидагина эмас, саноат соҳасида ҳам тез тараққий қилди.
Буюк географик кашфиётлар Италиянинг Шарқ билан олиб бораётган савдосига қаттиқ зарба берди. Тўғри, Италиянинг cавдо айланмаси бирданига камайиб кетмади. Венеция XVI асрдагина эмас, ҳатто XVII асрда ҳам жуда бой савдогарлар республикаси бўлиб қола берди. Бироқ, унинг жаҳон савдосидаги салмоғи анча пасайди. У энди фақат Яқин Шарқ мамлакатлари билангина савдо-сотиқ ишлари олиб борадиган бўлиб қолди. Ривожланиб бораётган океан мустамлака савдосидан Венеция бутунлай четда қолди.
Савдо ва саноат соҳасидан сиқиб чиқарилаётган итальян буржуазияси банк судхўрлик операцияларига тобора кўпроқ мурожаат қила бошлади. Капитал қўйишнинг иккинчи шакли — ер сотиб олиш бўлди. Буржуазия ер сотиб олиб, дворянларга айланди, саноат тушкунлиги мануфактура ишчиларига ҳам таъсир ҳилди. Кўп ишчилар шаҳарлардан яна қишлоққа кўчиб кетиб, унда кўпинча ижарага олинган бир парча ерда деҳқончилик қилдилар, боғдорчилик, узумчилик билан шуғулландилар. Италия буржуазияси катта ер эгаларига айланган бўлса ҳам, ишлаб чиқаришни тубдан ўзгартириш мақсадини кўзламади. Дворянлар сингари буржуазия ҳам ерларнинг тенг шериклик шарти билан майда деҳқонларга ижарага берди. Мамлакатда саноат ва савдо тушкунлиги шароитида феодал реакцияси тусига кириб бораётган феодал муносабатлар узоқ вақтларгача мустаҳкамланиб ҳолди.
Италиянинг сиёсий тарқоқлиги. Италия XVI асрда сиёсий жиҳатдан илгаригидек тарқоқ мамлакат бўлиб қола берди. Давлатлардан каттароқлари: шимолда — Венеция, Генуя, Милан ҳамда Савойя ва Пьемонт герцогликлари, ўрта Италияда — (1531 йилда Тоскания герцоглигига айлантирилган) Флоренция ва папа давлати; жанубида—Сицилияни ҳам ўз ичига олган Неаполь қироллиги бўлган. Бундан ташқари, ўнлаб майда «мустақил» ерлар бўлган.
Республика тузуми деярли ҳамма ерда монархия тузуми билан алмаштирилди. Миланда кондотьер Сфорц оиласи герцог унвонини олди. Флоренцияда медичилар авлоди Тоскания герцоглари унвонига эга бўлди. Папа вилоятида папалар мутлақ монархга айланиб, улар ўз чегараларини кенгайтириш учун мумкин бўлган ҳамма воситаларни ишга солдилар. Александр VI Боржиа (1492—1503), Юлий II (1503—1513) ва Лев X Медичи (1513—1521) деган папалар ўзларининг дабдабали ҳаётлари, ҳарбий ва дипломатия соҳасида юргизган мураккаб сиёсатлари, итальян сулолалари билан шахсий ва насабий алоқаларига қараганда епископлардан кўра кўпроқ дунёвий ҳоким эдилар.
Майда бўлакларга ажралиб кетган тарқоқ Италия муттасил фитналар, яширин дипломатик макрлар, ўзаро майда адоват, жанжал ва урушлар майдонидан иборат эди. Буларнинг ҳаммаси бошқа йирик чет мамлакатларнинг Италия ишларига аралашувига сабаб бўларди. 1494 йилдан Италияга француз феодаллари бостириб кира бошлади. Италия билан Франция ўртасидаги уруш тўхтаб-тўхтаб 60 йилдан ортиқроқ давом этди ва фақат 1559 йилда тўхтади. Французлардан ташқари, XVI асрда габсбурглар сулоласининг вакили бўлган император Карл V ҳукмронлиги остида қолган испан ва герман феодаллари ҳам Италияга босиб кирдилар. Француз, испан ва герман қўшинлари Италияни таладилар ва хонавайрон қилдилар. XVI асрнинг биринчи ярмида ҳали ҳам қудратли бўлган Туркия империясита қарши курашда Венецияга катта куч сарфлашга тўғри келди. Ноқулай халқаро вазият ва чет давлатларнинг тўғридан-тўғри интервенцияси Италияни янада кучлироқ иқтисодий ва сиёсий тушкунликка олиб келди.

Download 0.98 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   319   320   321   322   323   324   325   326   ...   359




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling