Таълим вазирлиги Андижон Давлат Университети Тарих ва ижтимоий фанлар факультети


Download 0.98 Mb.
bet311/359
Sana17.02.2023
Hajmi0.98 Mb.
#1204737
1   ...   307   308   309   310   311   312   313   314   ...   359
Bog'liq
jahon tarihi seminar (1)

XVI асрнинг биринчи ярмида Англия ташқи сиёсатидаги янги йўналиш. XVI асрнинг дастлабки йилларида Европада турли хил ҳарбий ихтилофлар кучайиб кетган бўлиб, бу ихтилофларнинг асосий сабаби Франция ва Испания ўртасида Италия ва Фландриянинг бой ҳудудларига эгалик қилиш учун кураш эди. Бойлиги ва аҳолисининг сони жиҳатидан юқоридаги икки рақибга ҳеч тенг келолмаган Англия тезда улар ўртасидаги келишмовчиликдан ўз сиёсий ва дипломатик мақсадларида фойдаланиш санъатини ўзлаштириб олди. Бу сиёсатнинг асосий моҳияти, бир томоннинг кучайиб кетишига йўл бермаслик, яъни гоҳ у томоннинг, гоҳ бу томоннинг сиёсатини қувватлаб кучлар мувозанатини саклаб туриш эди.
Бундай жуда пухта ўйланган ва нозик сиёсий ўйиннинг муаллифларидан бири Генрих VIII ҳукуматининг дастлабки давридаги бошлиғи кардинал Т.Уольси эди. Генрих VIII тахтга чикқач 1509 йиддан Англия Испанияни қувватлайди ва Францияга қарши уруш олиб борди. Аммо, 1525 йилги Испаниянинг Италия устидан ҳукмронлигига олиб келган Павия ёнидаги жангдан сўнг, Европадаги сиёсий аҳвол ўзгарди. Габсбурглар Германияси билан бирлашган Италияни бўйсундирган Испания, энди Англия билан ҳам ҳисоблашмай қўя бошлади. Оқибатда бу, Англиянинг ташқи сиёсатда Франция томон бурилишига сабаб бўлди.
Англияда реформация ва контрреформация. Ўрта асрларда папалик «худо номи билан» унга катта фойда келтирувчи монополия ўрнатган марказлашган халқаро ташкилот эди. Ҳатто феодализм гуллаган даврида ҳам қироллар, князлар бу монополияга қарши кураш олиб борган эдилар. Марказлашган миллий давлатлар пайдо бўлиши билан бу монополиялар очиқ конфликтларига олиб келиши муқаррар бўлиб қолди. Чунки, бу монополиянинг йўқотилиши, абсолют монархиянинг ахлоқий таназзули ва унинг жуда катта бойлиги уни қироллар ва йирик ер эгалари томонидан енгил ва ўзига тортадиган ўлжага айлантирди. Шундай қилиб, протестант реформацияси ўз моҳияти жиҳатидан диний ниқоб остидаги сиёсий ҳаракат бўлиб, у Европадаги янги буржуа - йирик ер эгалиги табақасининг ҳокимият учун узоқ давом этган курашнинг бир қисми эди.
Инглиз ҳукумати реформацияга аввалига салиб ий назар билан қараган эди. Генрих VIIIёшлигида яхши махсус диний таълим олганди ва католик рухда тарбияланганди. Генрих VIIIнинг энг яқин кишиси руҳонийлардан бўлган кардинал Томас Вольсей эди. У қуйи табақадан чиққан бўлиб жуда димоғдор, ҳасадгўй ва тажрибасизлигига қарамай, энг муҳим диний масалаларда Рим папалиги тарафидан бўлиб, келгусида папалик ўрни бўшаб қолган тақдирда, ўша жойни эгаллаш режасини ҳам ўйлаб қўйганди. Унинг таъсирида бўлган Генрих VIII ўз қироллигининг дастлабки вақтида (1522 йил) ҳатто Лютерга қарши баҳс мазмунида бўлган «Етти сирнинг ҳимояномаси» деган китобини ёзди ва бу китобини Римга, папа номига юборди (ҳақиқатда бу памфлетни Томас Мор ҳатто Эразм Роттердамский ёзган деган фикрлар ҳам бор). Генрих VIIIбу китоби учун папа Лев X дан «Дин ҳимоячиси» унвонини ҳам олди.
Генрих VIIIнинг Рим папасига қарши чиқиши унинг Екатерина Арагонскаядан ажралиш ва Анна Болейнга уйланиш воқеалари билан боғлиқ эди. Унинг биринчи хотини Испания қироли ва Германия императори Карл V нинг холаси, малика Екатерина Арагонская бўлиб, (Екатерина Фердинанд Арагонский ва Изабелла Кастильскаяларнинг қизи эди) у аслида Генрих VIII дан ёш жиҳатидан катта бўлсада, уларнинг турмуши бахтли бўлиши мумкин эди. Ундан бир қиз (Мария) ва икки ўғил туғилди, афсуски, ўғиллари ёшлигидаёқ ўлиб кетдилар. Бу ўғилларининг ўлими бу иримчи қиролда Худо унинг ўлган акасининг бева хотинига (Екатерина аввал унинг акаси Артурга унаштирилган эди) уйланишни раво кўрмади, деган фикрнинг пайдо бўлишига олиб келди. Гарчи бу никоҳ Рим папасининг розилиги билан амалга ошган бўлса-да, инглиз халқи қиролдан келгусида Англиянинг мустақиллигини сақлаб қолиш кафолати бўлган меросхўрнинг қолишини хоҳлар эди.
Генрих VIII нинг ўз хотинидан ажралишнинг иккита сиёсий сабаблари бор эди. Биринчидан, Екатерина Испания қироличаси эди. XVI асрда қиролликлар ўртасидаги никоҳлар давлатлар орасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланганлигининг рамзи бўлиб ҳисобланарди. Бу вақтга келиб ташқи сиёсатда Франция томонга ўтмоқчи бўлган Генрих учун испан аёли билан никоҳда бўлиш жуда ноқулай эди. Иккинчидан, Рим билан алоқани узишнинг асосий сабаби соф молиявий нуқтаи назар эканлигини таъкидлаш лозим. Бундан ташқари Генрих VIII га у ўғил меросхўр бермади ва кейин ҳам бериши гумон эди.
Никоҳни бекор қилиш масаласидаги Генрих VIII нинг папа Климент VII га илтимоси ўзининг папа олдидаги обрўсини билиш имконияти ҳам эди. Инглиз қироли Екатерина Арагонскаянинг жияни Карл V нинг таъсири остида бўлган Рим папасининг бу никоҳни бекор қилишга журъат этолмаслигини олдиндан кўра билиб, папалик билан муносабатларини атайлаб ёмонлаштириш ва шу йўл билан Англияда черков ислоҳотларини (реформация) ўтказишда кенг имкониятга эга бўлиш мақсадларини ҳам кўзда тутган эди.
1526 йилда Генрих VIII папа Климент VII дан биринчи никоҳни бекор қилишни ва Анна Болейн билан никоҳни муҳрлашини сўрайди. Бунга Томас Вольсей ҳам Рим папаси ҳам розилик бермади. Шунда у парламентни чақириб (1532 й.) ундан қирол олий ҳукмдор ва барчанинг, ҳам диний, ҳам дунёвий кишиларнинг бир хилда ҳимоячисидир деган, уни қувватловчи қарорини олди. 1533 йил бошида Томас Вольсей ўрнига келган янги бош диний арбоб, Кентербери архиепископи - примас Томас Кранмер раислигида черков суди қиролнинг биринчи никоҳини бекор қилинган деб эълон қилди. Генрих VIII Анна Болейнга уйланди. Сўзсиз, бу ҳаракатлар Англиянинг Рим билан алоқаларининг узилишига олиб келди. Рим билан алоқаларнинг ёмонлашуви халқ томонидан хайрихоҳлик билан кутиб олинди. Сабаби: 1) Англиянинг пападан мустақил бўлган черковга эга бўлиш ҳаракати олдин ҳам бўлганди, бу ерда миллий черковга эга бўлишга интилиш кучли эди; 2) Рим фойдасига йиғилган барча солиқларнинг Англиянинг ўзида қолиши кўпдан кутилган орзу эди; 3) Руҳонийлар ҳам қиролни қувватладилар, сабаби фақат қиролгина уларни бўлғуси Германияга қара-ганда ҳам радикал реформацион ҳаракат хавфидан қутқариб қолиши мумкин эди.
Етти йил, яъни 1529-1536 йилларда Реформацион парламент ишлаб турди. Бу парламент инглиз черковининг Рим билан алоқасини узганлигини расмийлаштирадиган ва уни давлат назорати остига ўтказадиган қонунлар қабул қилди. 1534 йилда парламент «Супрематия ҳақида акт» деб аталган қирол ҳокимиятининг черков ҳокимиятидан устунлиги тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Унга кўра, барча масалалар бўйича папага мурожаат қилиш таъқиқланди. Папалик хазинасига юбориладиган тўловларни йиғиш ман этилди. Черков бошлиғи деб эълон қилинган қирол фақатгина черков лавозимларига номзодлар тавсия этиш ҳуқуқига эга бўлиб қолмасдан, балки диний таълимотни белгилаш ҳуқуқига ҳам эга бўлди. Энди Англия черкови халқаро диний ташкилотнинг бир қисми бўлмасдан, давлат аппаратининг узвий қисмига айланди,унинг мулки қирол мулкига айланди ва унинг фаровонлиги билан узвий боғлиқ бўлиб қолди. Бу ўзгаришларнинг озгина гайритабиий оқибати шу бўлдиким, шу даврдан бошлаб руҳонийларнинг юқори табақалари давлатни бошқариш ишларида олдинги мавқеларини йўқотдилар. Бундан кейин бирорта ҳам руҳоний қирол саройида юқори лавозимга ишга таклиф қилинмади. Урта асрларда биринчи марта, расмий равишда черков энди давлатга бўйсиндирилди ва унинг фаолияти кескин даражада чегараланиб қўйилди. Ислоҳот қилинган черков шу даврдан бошлаб англикан черкови деб юритила бошлади.
Папа 1534 йилда Генрих VIII ни черковдан маҳрум этди, аммо бу энди Англияда бошланган черков ислоҳоти ҳаракатини тўхтатиб қола олмади. Вольсей ўрнига янги тайинланган Томас Кромвель маслаҳатига кўра, қирол «Инглиз черковининг бошлиғи» деган унвонни қабул қилди.
Бу янгиликни парламент ҳам маъқуллади. Парламент розилиги билан бундан кейин ҳар бир қироллик хизматига қабул қилинган кишидан махсус қасамёд талаб қилинди. Унга кўра, янги хизматга кирувчилар «мен қиролнинг биринчи никоҳининг бекор қилиниши ва иккинчи никоҳини қонуний деб ҳисоблайман», деб қасам ичиши керак эди.
1536 йилда черковга тўғридан-тўғри ҳужум бошланди. Бир йил ичида 376 кичик монастирлар ёпилди, 1540 йилга келиб 645 монастир ёпилди ва бу соҳадаги тадбир тўла амалга ошди. Монастирлар анча оммавий бўлган шимолий графликларда қиролнинг бу сиёсатига қарши қўзғолон кўтарилди. Аммо у тезда бостирилди.
Секуляризация қилинган монастир ерлари Англияда экиладиган барча ерларнинг 1ғ4 қисмини ташкил қиларди. Бу ерларнинг катта-катта кесимларида янги дворянлар ва уларнинг кўп қисмининг бевосита қирол ва унинг яқинларининг қўлига ўтиши шу ерларга эга бўлганларга жуда катта бойлик келтирди. Монастир ер эгалигининг мусодара қилиниши натижасида йирик ва майда дворянларнинг бойлиги тез фурсат ичида жуда кўпайиб кетди. Бу эса ўз навбатида келгусида қирол ҳокимиятига янги тўсиқлар пайдо бўлишига олиб келди. Монастир ерларининг катта қисми дунёвий кишиларга, дворянларга совға тарзда тарқатилди. Иккинчи қисми эса дворянларга, бой шаҳарликларга, турли хил ер билан савдо қиладиган олиб-сотарларга жуда паст нархларда сотилди. Бу сотилган ерлардан қироллик ўша даврда жуда катта пул ҳисобланган 1,5 млн. фунт стерлинг даромад қилди.
Генрих VIII олти маротаба уйланган. Юқорида кўрганимиздек унинг биринчи хотини Екатерина Арагонская эди, ундан бир қиз Мария қолди. Иккинчи хотини эса Анна Болейн бўлиб, у аристократ оиласидан чиққан. 1536 йилда Анна Болейн бевафоликда айбланиб қирол томонидан қатл қилинди, ундан ҳам битта қиз Елизавета қолади. Хотинининг қатл қилинган иккинчи кунида Генрих VIII учинчи хотини Ионна Сеймурга уйланди. Афсуски, Ионна унга орзу қилган ўғилни туғиб бериш чоғида вафот этди (ундан Эдуард қолди). 1540 йилда Генрих VIII немис маликаси Анна Клевага уйланди. Тезда янги хотин унинг кўнглига урди ва ажралишдилар. 1541 йилда Генрих нуфузли доирадаги оила вакили бўлган Екатерина Говардга уйланди. 1542 йилда унинг бевафолиги аникданиб қатл этилди. Унинг расмий олтинчи хотини Екатерина Парр бўлиб, у протестантлик ғоясига мойил эди. Жуда ақлли ва тадбиркор аёл ўзининг эҳтиёткорлик билан тутган йўли туфайлигина ўз ҳаракатлари учун жавобгарлик нималигини билмаган қирол ғазабини четлаб ўта олди.
Папалик ҳукмронлигидан норозиликнинг кўриниши турли хил бўлиб, у ҳамма вақт ҳам очиқдан-очиқ билдирилмас эди. Йирик давлатлардан бўлган Франция ва Испания папалик билан алоқаларни узмадилар, улар папаликдан ўз мақсадларида фойдаланиш ва уни назорат қилиш мақсадларини кўзлар эдилар. Франция ва Испания ўртасида XVI асрда Италия учун бўлган кураш маълум даражада папалик устидан ҳукмронлик ўрнатиш учун бўлган кураш эди. Бу кураш давомида улар папа хазинасидан катта маблағ ундиришга ҳам муваффақ бўлдилар. Англия кучли ва бойлиги жиҳатидан юқоридаги давлатларга нисбатан ўртада жойлашган бўлиб, инглиз реформациясининг бошловчилари Т. Уольси ва Генрих VIII папаликни назорат қилишда Франция ва Испания билан рақобатлаша оламиз деб ўйлаган эдилар. Аммо, бу фикрдан қайтишга мажбур бўлганларидан кейин Англияни папалик таъсиридан озод қилишга қаратилган биринчи қадамлар қўйилди.
Англияда реформацион ҳаракатда бир-бири билан боғлиқ бўлмаган ва ҳамиша маълум бир гуруҳнинг манфаатини кўзламаган учта оқимни кузатиш мумкин: 1) Бу Рим билан алоқаларни узиш, бунинг натижасида папаликка оғир солиқларни тўланишининг тўхтатилиши бўлди; 2) Черков мулкининг мусодара қилиниши бўлди; 3) Протестантизм деб аталган янги диний эътиқод ғалабаси бўлди. Рим билан алоқанинг узилишини деярли ҳамма маъқуллади. Папа вакилларининг юлғувчилиги инглиз черковларидаги руҳонийларнинг кўпчилига орасида ҳам норозиликка олиб келганди. Шунинг учун ҳам 1534 йилда Генрих VIII ўзини черков бошлига деб эълон қилганда фақатгина монахлар томонидан қаршиликка учради холос.
Монастирларнинг ёпилиши ва бу ерларнинг эгаллаб олиниши биринчи навбатда қирол, янги дворянлар учун қулай келарди. Улар халқдаги католик черковга қарши кайфиятдан черковлар мулкини ислоҳот ўтказиш йўли билан ўз қўлларига қаратишда фойдаландилар.

Download 0.98 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   307   308   309   310   311   312   313   314   ...   359




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling