Иқтисодий-математик методлар(моделлар). Ушбу методлар прогноз қилишнинг мураккаб методлари ҳисобланиб, уларнинг асосида комплекс таҳлиллар ётади. Ушбу методлар экстрополация методларидан фарқли равишда ўрганилаётган объектни прогноз кўрсаткичларини аниқлашда миқдор кўрсаткичларини сифат кўрсаткичларига боғлиқ ҳолда ўрганади. Масалан, вақт қаторларида тадбиркорлик субъектларининг солиқ тўловлари бўйича тушумларини уларнинг аввалги фаолиятлари нуқтаи назардан ёндошилса, уларнинг товар айланмаси ҳажмининг ортиши бошқа солиқларнинг ҳажмига таъсирини таҳлил қилиб бера олмайди. Аммо, иқтисодий-математик моделларни қўллаш орқали эса корхоналарнинг ялпи тушум ҳажми ва харажатлар ҳажмини аниқлаш орқали, ушбу миқдорий кўрсаткичларнинг корхона тўлайдиган бошқа солиқларни(масалан, фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи)нг ҳажмига таъсирини баҳолаш имконияти бўлади, яъни мидорий кўрсаткичлар сифат кўрсаткичларига боғланади. Бу эса иқтисодий-математик моделларнинг энг муҳим хусусиятини ва афзалликларини кўрсатади.
Норматив методи. Ушбу метод бошқа методлардан фарқли равишда режалаштиришда кўпроқ қўлланилади. Аммо, мазкур методдан солиқларни прогноз қилиш жараёнида ҳам самарали фойдланиш мумкин. Методнинг хусусияти номига мос равишда нормативларга асосланади ва нормативларнинг турли вариантларини қўллаш орқали ишлаб чиқариш(объектни) жараёнини бошқаришни ташкил этиш мумкин. Чунки, нормативлар ишлаб чиқариш жараёнини унинг натижалари билан боғлаш имкониятини беради. Шу жиҳатдан олганда мазкур метод орқали ҳам сифат кўрсаткичларини ҳам миқдор кўрсаткичларни ўзаро таҳлил қилишни амалга ошириш мумкин. Ушбу методларнинг солиқларни прогноз қилишдаги аҳамияти шундаки, ер солиғи бўйича солиқ тушумларини аниқлашни ер майдонларига ўрнатилган солиқ ставкалари орқали, яъни норматив объектларни таҳлил қилиш орқали амалга ошириш мумкин. Шунингдек, қўшилган қиймат солиғи базасини ҳисоблашда корхонага сотиб олинган материалларга тегишли қўшилган қиймат солиғининг ушбу материалларни норматив асосда ишлаб чиқаришга сарфланиш жараёни билан биргаликда қўшилган қийматнинг ҳажмини ёки маҳсулотга тегишли қўшилган қиймат солиғини аниқлаш имкони пайдо бўлади, провардида эса қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ тушумларининг ҳажмини аниқлаш мумкин бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |