Тошкент давлат юридик университети ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси “фалсафа. Мантиқ” ЎҚув фани бўйича
Download 0.87 Mb.
|
1. Фалсафа маъруза матнлари
Тасаввур - илгари идрок этилган, аммо айни вақтда бевосита идрок этилаётган предмет ва ҳодисаларнинг инсон миясидаги қайта ишланиб, тикланган ҳиссий образидир. Тасаввурнинг ўзига хос хусусияти, у борлиқдаги предмет ва ҳодисалар билан айни вақтда бевосита боғланишда бўлмаган ҳолда уларнинг илгариги вужудга келган образлари асосида қайта тикланишидир.
Инсон борлиқдаги предмет ва ҳодисаларнинг ички томонларини, уларнинг ўзгариш ва ривожланиш қонунларини, бир сўз билан айтганда уларнинг моҳиятини фақат мантиқий билиш орқалигина билиб олади. Ақлий билишнинг дастлабки шакли ҳукмлардир. Ҳукм - мантиқий билишнинг шундай фикрий шаклики, унда борлиқдаги муайян предмет ва ҳодисалар, улар ўртасидаги боғланиш ва алоқадорликлар ҳақида тасдиқ ёки инкор фикр ифодаланади. Инсон ўз тафаккурида бир ёки бир неча ҳукмларни мантиқий ўзаро боғлиқ. Мантиқий билишнинг навбатдаги шакли тушунчадир. Тушунча, предмет ва ҳодисалар, уларнинг муҳим ва зарурий белги ва хусусиятларининг умумлаштирилган фикри образидир. Масалан: “инсон тушунчасини олайлик. Бу тушунча ҳамма кишилик жамиятига хос бўлган, меҳнат қилувчи, меҳнат қуроллари ва меҳнат воситаларини яратувчи ва улар асосида моддий ва маънавий неъматларни ишлаб чиқарувчи, онг-тафаккур, тил ва нутқ каби муҳим ва зарур белгиларга эга бўлган биоруҳий ижтимоий мавжудотнинг фикрий ифодасидир”. Хулоса чиқариш эса мантиқий билишнинг шундай шаклики, унда бир ёки бир неча ҳукмлар асосида янги ҳукм-янги фикр ҳосил бўлади. Хулосалаш инсон мантиқий билиш босқичининг юқори шаклидир. Одатда, хулоса чиқаришнинг бир неча турлари мавжуд бўлиб, уларни “Мантиқ” фани ўрганади. Ҳақиқат масаласини илмий асосда ҳал қилишнинг ягона йўли - бу инсон билимлари билан объектив борлиқдаги реал предмет ва ҳодисалар ўртасидаги муносабатларни илмий асосда ёритиб беришдир. Ҳақиқат - бу инсон билимларида борлиқнинг тўғри инъикос этиши, предмет ва ҳодисалар қандай бўлса, уларни инсон ўз миясида ҳудди шундай инъикос эттирган билимлардир. Ҳақиқат бу борлиқдаги предмет ва ҳодисалар ёки уларнинг белги ва хусусиятларининг ўзи эмас, балки улар ҳақидаги инсон билимларининг ўша предмет ва ҳодисаларга, уларнинг белги ва хусусиятларига мос келишидир. Ҳақиқатни билиш - мураккаб жараёндир. Бизнинг борлиқ ҳақидаги билимларимиз бирданига, тайёр ҳолда юзага келмайди. Биз предмет ва ҳодисаларнинг аввал ташқи томонларини, сўнгра ички томонларини билиб борамиз. Нисбий ҳақиқат - бу бизнинг борлиқдаги предмет ва ҳодисалар тўғрисидаги тахминан тўғри, лекин тўлиқ бўлмаган, билиш жараёнида тузатилиб, тўлдирилиб бориши лозим бўлган билимлар. Мутлақ ҳақиқат эса - бу борлиқдаги предмет ва ҳодисалар ҳақидаги тўлиқ, аниқ мукаммал билимлардир. Бундай билимлар инсон тафаккурининг объектга чексиз яқинлашиб бориши асосида, чексиз нисбий ҳақиқатларнинг жами сифатида қарор топади. Шу асосда инсон билиши нисбий ҳақиқатлардан мутлақ ҳақиқатга томон боради. Инсон унга чексиз яқинлашиб боради. Билимлар тараққиётида мутлақ ҳақиқат яхшилашиб боради. Илм-фан тараққиётида ҳар бир янги босқич нисбий ҳақиқатлар сифатида мутлақ ҳақиқатнинг мазмунига янги-янги зарралар қўшиб боради. Борлиқ бепоён ва чексиз бўлгани каби инсоннинг уни билиши ҳам чексиз давом этади. Нисбий ҳақиқатларнинг мутлақ ҳақиқатга чексиз яқинлашиб борувчи чегаралари тарихан шартли бўлса ҳам лекин бу мутлақ ҳақиқатнинг мавжудлиги шубҳасиздир. Догматизм инсоннинг борлиқни билишида билимларнинг мутлақ томонларини бўрттириб, уларнинг нисбий томонларини инкор этишдир. У фақат мутлақ ҳақиқатни эътироф эътиб, билимларга ўзгармас, қотиб қолган ҳолда қарайди. Релятивизм эса инсон билишида ҳосил бўлган билимларнинг нисбий томонларини мутлақлаштириб, инсон билимлари фақат нисбий ҳақиқатлардан иборат, деб қарашдир. У мутлақ ҳақиқатни бутунлай инкор қилади. Инсон қадимдан бошлаб ўз билимларининг ҳақиқатлигини, уларнинг хатолардан ажратувчи мезонни топишга ҳаракат қилиб келган. XX аср неопозитивизм оқими вакилларининг баъзилари ўз билиш назариясида ҳақиқатнинг мезони, деб когеренция принципини оладилар. Бу принципга кўра ҳақиқатнинг мезони билишнинг ўз-ўзига мос келишидир. Неопозитивизмнинг бошқа бир гуруҳи вакиллари эса билимларнинг ҳақиқатлик мезони сифатида верификация принципини илгари сурадилар. Бу принципга кўра, билимларни ҳиссий тажриба, эксперимент йўллари билан текшириш мумкиндир. Прагматизм оқими вакиллари эса, ҳар қандай билимнинг ҳақиқатлик мезони унинг инсонга келтирадиган фойдали бўлиши керак, дейишади. Ҳақиқатда эса, фойдали бўлиш, фойда келтириш ҳали инсон билимларининг ҳақиқатлиги мезони бўлмайди. Экзистенциализм фалсафаси вакилларининг баъзилари бўлса, инсон билимларининг ҳақиқатлиги мезони ҳар бир кишининг ўз эҳтиёжи, мақсад ва манфаатларига боғлиқдир, дейишади. Уларнинг қарашича ҳеч қачон икки кишининг эҳтиёжи, интилишлари бир-бирига тўла мос келмайди. Шу сабабли ҳақиқатнинг барчага баробар бўлган мезони бўлиши мумкин эмас. Download 0.87 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling