Тошкент давлат юридик университети ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси “фалсафа. Мантиқ” ЎҚув фани бўйича
ГНОСЕОЛОГИЯ – БИЛИШ НАЗАРИЯСИ. Билиш – воқеликнинг инсон онгидаги инъикосидир
Download 0.87 Mb.
|
1. Фалсафа маъруза матнлари
ГНОСЕОЛОГИЯ – БИЛИШ НАЗАРИЯСИ. Билиш – воқеликнинг инсон онгидаги инъикосидир. Инсоннинг ўзини қуршаган дунёга бўлган муносабатларидан бири-билишдир.
Фалсафа вужудга келган пайтдан бошлаб, инсон билишнинг табиати ва моҳиятини нима ташкил этади? Унинг энг умумий қонуниятлари ва хусусиятлари нимадан иборат? деган саволларга жавоб бериб келди. Шу туфайли фалсафа инсон билишининг фалсафий муаммолари билан шуғулланмаган бирорта ҳам фалсафий оқим, бирорта ҳам файласуф йўқдир. Бир гуруҳ файласуфлар инсондан, унинг онгидан ташқари дунё мавжуд эмас, дунё фақат бизнинг онгимизда, бизнинг сезги ва идрокларимизда йиғинди (комплекс ёки комбинациялари)дан иборат, бинобарин биз ўз сезги ва идрокларимизнигина билиб оламиз, деган фикрларни билдиришгани маълумдир. Бошқа бир гуруҳ файласуфлар эса инсонни дунёнинг, ўзини билишига шубҳа билан қарайдилар, инсон дунёни тўлиқ билолмайди, дейишиб, инсон билишини чеклайдилар ва дунёни билишни бутунлай инкор қиладилар. Скептицизм таълимоти вакиллари инсон билишининг нисбийлиги, унинг турли шароитлар ва вазиятлар билан боғлиқ эканлигини айтишиб, ҳамма эътироф этувчи, исбот талаб қилинмайдиган инсон билимларининг бўлиши мумкинлигига шубҳаланадилар. Дунёни билишни қисман ёки бутунлай инкор қилувчи фалсафий таълимот бўлган агностистизм вакиллари инсон дунёни билишга қодир эмас, деган ғояни илгари суради. Масалан: инглиз файласуфи Д. Юм таълимотига кўра, билиш объекти, билимларимизнинг манбаи объектив борлиқ эмас, балки субъектив сезги ва идрокларимиздир, биз сезги ва идрокларимиз чегарасидан ташқарида нима борлигини била олмаймиз. Немис файласуфи И.Кант эса инсондан ва унинг онгидан ташқари объектив борлиқнинг мавжудлигини эътироф қилган ҳолда, ундаги предмет ва ҳодисаларни “нарса биз учун” ва “нарса ўзида”га бўлади. Унинг қарашича, “нарса биз учун”ни инсон била олади, “нарсалар ўзида”ни эса инсон била олмайди. Кантнинг “Нарса биз учун” - бу инсонни қуршаб турган предмет ва ҳодисалар, шу жумладан, табиат ҳам. “Нарса ўзида” эса: эркинлик, ўлмаслик, Худо ва шу кабилардир. Уларни инсон ҳеч қачон тўлиқ била олмайди. Кант ўзининг билиш назариясида, эътиқодга ўрин қолдириш, уни мустаҳкамлаш учун ақлни танқид қилади ва чеклайди. Илм ва фан ютуқларига асосланган файласуфлар эса инсоннинг дунёни ва ўзини билишни доим эътироф этганлар. Қадимги юнон файласуфлари инсон дунёни ва ўзини билиши, ҳақиқатга эришиши мумкин, дейишган. Тасаввуф фалсафаси вакиллари эса, ўз қарашларида инсоннинг ҳиссий билиши ташқи билишнинг, ақлий билиши эса, ички билишни ташкил қилишини айтишиб, уларнинг ўзаро боғлиқлигини ҳам айтганлар. Шу билан бирга улар дунёни ва ўзини билиши учун маънавий камолотга эришмоғи лозим, лекин бу камолотга эришиш қуруқ интилиш билан эмас, балки ўзини ўрганиш, билимлар ва хунарларни эгаллаш орқали юзага келади, дейишади. XVII-XVIII аср Европа файласуфлари ҳам инсоннинг дунёни ва ўзини билиши ҳақида, масалан: инглиз файласуфи Ф.Бэкон инсон билиши сезгилардан бошланади, билишнинг манбаи тажрибадир, сезгилар орқали олинган далилларни инсон тафаккур ёрдамида қайта ишлаб чиқади, дейди. Билишнинг ялпи фалсафий назариясига кўра, инсоннинг дунёни ва ўзини билиш имконияти ва даражаси, аввало ижтимоий шароитга, ишлаб чиқарувчи кучлар ва уларнинг эҳтиёжларига, ишлаб чиқариш муносабатларининг даражасига боғлиқдир. Турли ижтимоий-иқтисодий даврлардаги кишиларнинг билиш даражаси фан тараққиёти, техника ривожининг даражаси ва кўлами жамият ишлаб чиқариш усули қўйган вазифалари билан белгиланади. Инсоннинг билиш қобилияти, билиш имкониятлари чекланмаган. Унинг билиш имкониятлари фанларнинг ва амалиётнинг ривожланиши билан янада ортиб боради. Билишнинг фалсафий назариясига кўра билиш моддий ва маънавий борлиқнинг инсон миясидаги муайян мақсадга қаратилган фаол акс эттиришидир. Инсон билишининг манбаи эса айни шу моддий ва маънавий борлиқ, уларни ташкил қилган предметлар, ҳодисалар ва жараёнлардир. Умумий маънода айтганда, инсон билишнинг субъекти (соҳиби) ни, инсонни қуршаб турган борлиқ эса билишнинг объектини ташкил этади. Билишнинг субъекти, объекти ва предмети ўзгармас, қотиб қолган нарсалар эмас, балки билиш жараёнида улар доимо ўзгариб боради. Шу билан бирга, айни бир вақтдаги ва айни бир макондаги субъект ва объект бошқа бир вақт ва бошқа бир маконда субъект ва объект муносабатида бўлмаслиги мумкин. Инсоннинг билиши жараёнида субъект билиши зарур бўлган объектини билиб олгач, бу объект субъектнинг билиш доирасидан чиқарилади ва у энди билишнинг объекти бўлмай қолади. Инсоннинг билиши ана шу “субъект-объект-предмет” муносабатлари асосида юзага келувчи ижтимоий-тарихий жараёндир. Инсон билишининг табиатини айни шулар ўртасидаги муносабатларни ўрганиш асосида тўғри тушуниш мумкин. Бунда доимо субъектнинг фаоллиги муҳим роль ўйнайди. Инсон билишини шартли равишда бир неча турларига бўлиши мумкин. Дастлаб инсон билишини унда борлиқ қандай ҳолда инъикос этганлигига қараб, оддий ва илмий билишларга ажратиш мумкин. Оддий (кундалик) билиш кишиларнинг одатдаги кундалик ҳаётларида борлиқдаги предмет ва ҳодисаларни бевосита ўз сезги аъзолари ва тафаккурлари орқали билишдир. У кишиларнинг кундалик ҳаётий тажрибалари, малакалари ва амалий ишлари орқали ҳосил бўлиб, одатда “соғлом фикрлар”да ўз ифодасини топган. Илмий билиш эса, оддий билишдан фарқланиб, у борлиқдаги предмет ва ҳодисаларнинг қонуниятларини, уларнинг моҳиятини билишдир. Ҳиссий билиш дейилганда, одатда инсоннинг ҳис қилиши, сезги аъзолари орқали предмет ва ҳодисаларни, уларнинг ташқи томонларини, ташқи белги ва хусусиятларини бевосита билиш тушунилади. Мантиқий билиш инсоннинг предмет ва ҳодисаларни тафаккур орқали умумлаштириб, мавҳумлаштириб ва конкретлаштириб, уларни фикрда билишидир. Интуитив билиш одатда киши бирор нарса ёки ҳодиса ҳақида муайян тасаввурлар ва билимларга эга бўлган, унинг фикри маълум муаммо ва масалани ечишга йўналтирилган, шу асосда фикрини ривожлантираётган бир пайтда рўй беради. Интуитив билиш ҳам инсон билиш жараёнининг муҳим жиҳатини ташкил қилади ва унинг борлиқни билишида муҳим роль ўйнайди. Интуитив билиш, аслида инсон билиш жараёнининг бир жиҳати сифатида фақат ижодий жараёнга хос бўлмасдан, балки у инсоннинг оддий кундалик амалий фаолиятига ҳам хосдир. Инсон билишини турларга бўлишда интуитив билишдан фарқли равишда қадимдан билиш ҳақида ҳам турли фикрлар мавжуд. Ғойибона билиш инсон билишининг шундай турики, бунда киши узоқ масофадан туриб содир бўлган ёки содир бўладиган ҳодиса ва воқеани билиши, ҳис қилиши, бу ҳодиса ва воқеанинг қандай содир бўлиши унга аён бўлади. Кишилар бирон ишни қилмоқчи бўлса, бу ишнинг натижаси ҳақида олдиндан: “шундай бўлиши керак”, “шундай бўлади, деб ўйлайман” ёки “олдиндан юрагим сезганди”, “оёғим тортмаганди”, “негадир кўнглим ғаш”, деган фикр-мулоҳазаларни айтишади. Лекин шуни айтиш керакки, ғойибона билишнинг ҳозирча механизми фанга маълум эмас. Шу сабабли кўпинча ғойибона билишни кишилар илоҳийлаштириб, бундай билиш фақат азиз авлиёларга, алоҳида ғайритабиий хусусиятларга эга кишиларга хос, деб қараб келишмоқда. Инсон билишини яна унинг ижтимоий ҳодисалар билан боғланишига кўра, унинг мифологик, диний, фалсафий бадиий эстетик билишларга ажратиш ҳам мумкин. Билишнинг бу турлари инсоннинг билиш соҳаларининг турли томонини ташкил қилади. Моддий ва маънавий борлиқ ўз табиатига кўра бир-бири билан узвий боғлиқ диалектик жараён бўлганлигидан уларнинг инъикоси бўлган инсон билишини ҳам диалектик жараён деб тушуниш лозим, яъни инсон билиши билмасликдан билишга, аниқ бўлмаган билишлардан аниқроқ билишларга, тўлиқ бўлмаган билишлардан тўлиқроқ билишларга, оддий билишлардан мураккаб билишларга томон боришдан иборатдир. Ҳиссий билиш-инсон билишининг дастлабки биринчи босқичи бўлиб, инсон билиши жараёни айни шу билишдан бошланади. Натижада мияда предмет ва ҳодисаларнинг белгилари, сигналлари ва ҳиссий образлари ҳосил бўлади. Ҳиссий билиш босқичи ҳис қилиш, сезги, идрок ва тасаввур каби шаклларда содир бўлади. Ҳис қилиш-инсон билишининг шундай шаклики, унда киши ўз-ўзига, атрофдаги нарса-ҳодисаларга, киши ёки кишиларга бўлган муносабатида ўзининг муайян ҳолатга кириши, муайян ҳолда бўлишидир. Сезги ҳиссий билишнинг дастлабки шаклларидан бўлиб, у инсоннинг борлиқни билишининг ўзига хос кўринишидир. Сезги ва сезгилар инсоннинг сезги аъзоларига борлиқдаги предмет ва ҳодисаларнинг бевосита ёки билвосита таъсири натижасида юзага келадиган ҳиссий образлардир. Сезгиларни ҳосил қилувчи бундай сезги аъзолари инсонда ташқи ва ички ҳолатларда жойлашган бўлиб, улар: таъм билиш, кўриш, сезги аъзоси ҳисобланади. Бу сезги аъзолари инсоннинг борлиқни билишида ўзига хос бир восита бўлиб, улар орқали предмет ва ҳодисалар ҳақидаги дастлабки маълумотлар инсон миясига қабул қилинади. Инсон бу сезги аъзолари орқали борлиқдаги предмет ва ҳодисаларнинг ташқи белги ва хусусиятларини билиб олади. Бироқ ҳис қилиш ва сезгилар инсоннинг борлиқни билиши учун ҳали етарли эмас. Бунинг учун инсон ўзининг ҳиссий билишида ҳис қилиш ва сезгилар шаклларида ҳосил қилган маълумотларини тўплаб, умумлаштириб, уларни бир бутун ҳолда инъикос эттириши ҳосил бўлади. Ҳиссий билишнинг бундай янги шакли идрокдир. Идрок борлиқдаги предмет ва ҳодисаларни яхлит ҳолда, бир бутун кўринишда, уларнинг ҳамма асосий ташқи белги ва хусусиятларни умумлаштирган ҳолда инъикос эттирувчи ҳиссий билишнинг нисбатан юқорироқ шаклидир. Идрок предмет ва ҳодисаларнинг бир бутун яхлит ҳиссий образидир. У ўзида ҳис қилиш ва сезгилар шаклларидаги образларни жамлаб ифодаловчи хусусиятга эга. Бироқ, инсоннинг ҳиссий билиши идроклар шаклларида юзага келган ҳиссий маълумотлар инсон миясида қайта ишланиб, юксак шаклини ҳосил қилади. Бу тасаввурдир. Download 0.87 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling