Тошкент давлат юридик университети ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси “фалсафа. Мантиқ” ЎҚув фани бўйича
Download 0.87 Mb.
|
1. Фалсафа маъруза матнлари
- Bu sahifa navigatsiya:
- Аристотел
- Зигмунд Фрейд
- Э. Фромм, В. Райх, Г. Маркузе
Инсоннинг биологик хусусиятлари ҳақида гапирганда, унинг ҳар бир вакилини, яъни ҳар бир кишининг ўзига хос такрорланмас, ота ёки онаси туфайли вужудга келган генетик хусусиятларга эга бўлишини ҳам унутмаслик даркор. Ушбу нодир бетакрорлик, табиий ва ижтимоий омиллар ёрдамида кучайтирилиши ёки сўндирилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Инсон зотида ҳали фойдаланилмаган чексиз имкониятлар, қобилиятлар ва истеъдодлар мавжуд эканлигини тан олиш ундаги табиийлик билан ижтимоийлик орасидаги диалектик алоқадорликни ўрганиш жараёнининг энг муҳим шартларидан биридир. Инсондаги табиийлик билан ижтимоийлик орасидаги ўзаро диалектик алоқадорлик механизмини ўрганиш жараёнида ҳар бир кишининг ўзига хос хусусиятлари мавжуд эканлигини ҳам тан олмаслик, амалиётда қобилиятли, истеъдодли, иқтидорли кишиларни камситишга олиб келади, уларни жамиятнинг оддий ижрочи “мурватча”ларига айлантириб қўяди. Қобилиятли, истеъдодли кишиларни қобилияциз, лоқайд кишилар билан тенглаштириш ижтимоий адолатнинг меъёти ва шартларига зиддир. Инсон бир вақтнинг ўзида ҳам ижтимоий, ҳам органик оламга тааллуқли эканлиги унинг моҳиятини тушуниб олишда ҳам бир қатор муаммоларни келтириб чиқаради. Ушбу муаммолар орасида қуйидаги икки масала устида тўхталиб ўтмоқ зарур. Фалсафа тарихидан бизга маълумки, Аристотел инсоннинг моҳиятида икки: ҳайвоний (биологик) ва сиёсий (ижтимоий) бошланғич асос борлигини инобатга олиб, уни “сиёсий ҳайвон” деган эди. Мунозара, баҳсларга сабаб бўлган масала - шу икки бошланғич асоснинг қай бири инсон фаолияти, ҳис-туйғуларини белгилашда асосий роль ўйнашидир. Юқорида биз инсон боласининг ҳар бири ўзига хос такрорланмас хусусиятларга эга эканлиги ҳақида тўхталиб ўтган эдик. Қизиғи шундаки, биз баъзи кишиларни биологик белгиларига қараб (масалан, ёши, жинси) маълум гуруҳларга бирлаштирамиз, бошқа бировларни эса ижтимоий белгиларига (масалан, касби, мутахассислиги, иш стажи ва бошқалар) қараб, яна аллакимларни инсондаги табиийлик (биологик) ва ижтимоийлик орасидаги алоқадорликка қараб маълум табақаларга бирлаштирамиз. Шундай экан, ўша белгиларга қараб, табақалаштирилган кишиларнинг айрим гуруҳларини (масалан, хотин-қизлар) биологик ўзига хослигини билишнинг жамият учун аҳамияти борми? Ушбу муаммолар атрофида файласуфлар ва бошқа инсоншунос олимлар орасида узоқ вақтлардан буён мунозаралар давом этмоқда. Муаммолар ечимига бағишланган турли консепсиялар, илмий йўналишлар ҳам вужудга келмоқда. Чунончи, баъзилар кишиларнинг ирқий белгиларига қараб инсоний фазилатларини баҳолашни тақлиф этаётирлар. Айрим ирқларнинг инсоний фазилатлари юқори, айримларниники эса паст, чунончи “олий” ва “паст” табақали ирқлар бўлади, деган фикр-мулоҳазаларни баён этмоқдалар. Ҳақиқат кўзига тик боқадиган бўлсак, сайёрамизда яшаётган турли ирқларга мансуб инсонларнинг онги ва фаолиятида, ҳақиқатан ҳам айрим фарқлар борлигини пайқаш мумкин. Лекин, иккинчи ҳақиқат шундаки, инсон онги ва фаолиятида турли тафовутлар мавжудлиги фақат унинг ирқи билан боғлиқ эмас. Немис биолог олими Э. Геккел (Ч.Даврин таълимотининг машҳур тарғиботчиси) 1904 йилдаёқ таъкидлаб айтганидек, турли ирққа мансуб одамларнинг ақлий қобилиятлари, маданий савиялари орасида айрим фарқлар бўлишига асосланиб, уларнинг ҳаётдаги қадр-қимматлари нотўғри талқин қилинмоқда. Бу эса инсон қадр-қимматини ерга уришдир. Шунингдек, эркаклар билан хотин-қизлар орасидаги биологик фарқнинг ижтимоий муносабатларга таъсири ҳам турлича изоҳланади. Чунончи, эркаклар жамият ҳаётида, аксарият ҳолларда, улуғланди, хотин-қизларни камситиш ҳолатлари авж олиб бораверди. Бошқача айтганимизда, икки жинсни бир-бирига қарама-қарши қилиб қўйилиши вужудга келди. Икки жинс орасидаги фарқ ижтимоий муносабатларда ҳам ўз ифодасини топа бошлади. Натижада, эркаклар “олий”, “юқори” табақа, хотин-қизларга эса “қуйи” табақа вакили деб қараш асрлар оша давом этаверади. Эркакларни кучли, аёлларни заиф жинс деб қараш ҳам шунга асосланган. Тўрган гапки, бундай тенгсизлик хотин-қизларнинг эркаклар билан ижтимоий тенгликка эришиш учун курашиши авж олишига сабаб бўлди. Хотин-қизларнинг эркаклар билан тенглиги учун кураши 100-150 йил олдин бошланди, холос. Илм-фан ривожланиб бораётган ҳозирги шароитда хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги иштироки йилдан-йилга ошиб бораётган боиса-да, ҳали бу борада ечимини кутиб ётган долзарб муаммолар кўп. Ҳудди шунинг учун ҳам жаҳон хотин-қизларининг ўз инсоний ҳуқуқлари учун кураши борган сари авж олиб бораётир. Жаҳон жамоатчилиги онгида ўтмишдан ортирилган жинслар орасидаги ижтимоий тенгсизлик тушунчасини уларни бир-бирига қарама-қарши қўйиш билан эмас, балки улар орасидаги алоқадорлик, бир-бирига кўмаклашиш, ҳамкорликни кучайтириш орқали таъсир этмоқ керак. Инсоннинг моҳиятини биологиялаштирувчи консепциялар жумласига ирқчилик, социал дарвинизм оқимларини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Бу оқимлар инсон моҳиятини тўғри тушунишга имкон бермайди. Маълумки, бир вақтлар англиялик машҳур иқтисодчи Т. Малтус (1766-1834 йиллар) ижтимоий ҳаёт якка киши яшаши учун кураш майдони вазифасини бажаради, бундай мураккаб курашга мослаша билган кишигина ютуқларни қўлга кирита олади, деган фикрни олға сўрган эди. Малтус айтган яшаш учун кураш ғоясини Ч.Дарвин (1809-1882-йиллар) ўзининг табиий танлаш ва эволюцион тараққиёт ҳақидаги таълимоти учун асос қилиб олди. Ч. Дарвин таълимотидаги яшаш учун кураш ғояси социал дарвинизм тарафдорлари томонидан жамиятга татбиқ этилди. Бу ғояга кўра, жамиятдаги турли синфлар орасидаги курашда олий синф вакиллари юқори позицияни эгаллаб туришлари лозим, чунки уларнинг ақлий қобилиятлари бошқаларникидан устундир. Бошқача айтганимизда, социал дарвинизм тарафдорлари яшаш учун кураш фақат табиатга тааллуқли эмас, балки жамият ҳаётида ҳам бу қонунга бўйсуниш лозим, деган хулосага келадилар. Инсоннинг моҳиятини биологиялаштирувчи қарашларга қарши чиққан инсоншунос олимлар инсон камолотида ҳал қилувчи омил ижтимоий муҳитдир, деган ғояни илгари сурдилар. Айниқса, бизнинг асримизда ҳаммани тенглаштиришга қаратилган ижтимоий ғояга асосланган, янги идеал жамият моделини яратишга қаратилган, ҳаракатлар бошланди. Баъзи файласуфлар, руҳшунослар инсоннинг моҳиятини руҳий ҳолатлар, истақлар, интилишлар ва майллар белгилайди, деган ғояларни илгари сурадилар. Бундай қарашларни Фрейдизм таълимотида яққол кўришимиз мумкин. Фрейдизм таълимотининг асосчиси австриялик врач-психолог Зигмунд Фрейддир (1835-1939-йиллар). У инсон руҳий-маънавий оламини чуқур таҳлил қилди. Инсон маънавий оламининг шаклланишида онглилик билан онгсизлик орасидаги ўзаро алоқадорлик механизмини ҳар томонлама ўрганди. У инсон маънавиятини чуқур ўрганиб, онгсизлик инсон руҳиятининг асосини ташкил этади, деган хулосага келади. Унинг тушунтиришича, инсонда онглиликка қараганда онгсизлик томон интилиш кучлироқ бўлади. Онгсизликни белгиловчи ва ҳал қилувчи муҳим омил - жинсий майлдир. Инсон руҳияти ҳудди шу жинсий майлни қондирилиши билан бевосита боғлиқ. Инсон руҳиятининг бузилиши ҳам ана шу жинсий майлнинг қондирил-маганлигининг натижаси эканлигини исботлаб берди. Лекин, қадим замонлардан буён, деб таъкидлайди З. Фрейд, инсоният яратган маданият инсоннинг ана шундай ҳис-туйғуларини таъқиқлаган. Оқибатда, бу ҳолат инсон руҳиятининг энг чуқур ва қоронғи жойида сақланиб қолаверган. Фрейднинг руҳий таҳлил таълимотида “психологик энергия” тушунчаси талқини алоҳида аҳамиятга эга. Ҳудди шу энергия асосида инсон ўз ҳаётини давом эттиради, турли-туман фаолият кўрсатади, шу руҳий энергия инсонни яшашга, фаолият кўрсатишга ундайди, деб тушунтиради. Зигмунд Фрейднинг эътироф этишича, инсоннинг онги ва фаолияти, онглилик билан онгсизлик орасидаги диалектик алоқадорликка боғлиқ. Онглиликни оширмоқ учун онгсизликнинг ҳам фаоллигини оширмоқ зарур. Онгсизлик.ўзгармас, туғма инстинктгина эмас, балки у онглилик сингари узлуксиз ўзгариб туради, деб кўрсатади. Шунинг учун билиш жараёни инсоннинг фақат онгли ҳолатини ўз ичига олмай, балки онгсиз, норационал фаолиятини ҳам ўз ичига мужассамлаштиришини исботлаб берди. Зигмунд Фрейд қарашларини унинг тарафдорлари Э. Фромм, В. Райх, Г. Маркузе ва бошқалар давом эттирдилар. Айниқса, Э.Фромм Фрейднинг руҳий таҳлил ҳақидаги таълимотини ижтимоий ҳаётга татбиқ этди. Лекин, Э.Фромм “ижтимоий муҳит”ни таҳлил этганда, одамларнинг манфаатлари турлича эканлиги, инсон ижтимоий моҳиятини мавҳум руҳий таҳлил ёрдамида тушунтириб бўлмаслигини фаҳмлай олмади. Инсон шаклланишида табиий (биологик) ва ижтимоий (социологик) омиллар диалектикасининг туб моҳиятини очиб беришда ижтимоийлик ролини бўрттириб кўрсатган, яъни ушбу жараённи социологиялаштирган фалсафий таълимотлардан бири - марксизмдир. Марксизм асосчиларининг тушунтиришича, инсон табиатини белгилашда ҳал қилувчи ролни ижтимоий муҳит ўйнайди. Худди ана шундай бир ёқлама ёндашув инсон муаммосини ўрганувчи табиий фанларга ҳам салбий таъсирини ўтказди. Оқибатда инсон биологияси ҳақида баён этилган энг илғор фикр-мулоҳазалар ҳақида лом-мим дейилмади. Инсоннинг турли ижтимоий фазилатлари ҳақида зўр бериб гапирилди, амалда эса инсон биологияси вулгарлаштирилди. Натижада, инсон ҳис-туйғулари камситилди, оёқости қилинди, жисми эса, социологиялаштирилган ўзига хос ижтимоий шаклга айлантирилди. Download 0.87 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling