Тошкент молия институти эгамов Э.,Аллаберганов З. Г.,Джуманов Д


Download 0.78 Mb.
bet33/61
Sana04.05.2023
Hajmi0.78 Mb.
#1425540
1   ...   29   30   31   32   33   34   35   36   ...   61
Bog'liq
ИҚТИСОДИЙ ТАЪЛИМОТЛАР ТАРИХИ

Қиймат назарияси. Д.Рикардо, энг аввало, қиймат назариясига алоҳида эътибор қаратди. Бу категорияни талқин қилишдаги ноаниқликни тугатиш, Д.Рикардо бўйича, сиёсий иқтисод учун муҳим аҳамиятга эга. Бу муаммони кўриб чиқишда у А.Смит хулосаларига асосланди ва уларни танқидий ривожлантиришга ҳаракат қилди. Д.Рикардо А.Смитнинг мазкур категорияга бўлган икки хил қарашини инкор этади ва қиймат товар ишлаб чиқаришга сарфланган меҳнат билан аниқланиши кераклигини ёзади. У, қиймат бирламчи, шу боис даромадлар билан аниқланиши мумкин эмас, деб ҳисоблайди. Бу билан Д.Рикардо ўзини қийматнинг меҳ-нат назарияси тарафдори эканлигини намойиш этади.
Қийматни бундай сарфли тамойил асосида тадқиқ қилиш, классик иқтисодий мактабининг бошқа вакилларига ҳам хос. Лекин Д.Рикардода эътиборга молик жиҳат шундаки, у айрим ҳолларда товар қиймати нафақат унга сарфланган жонли меҳнат билан, балки капитал ва хом ашёни ишлаб чиқариш учун кетган олдинги меҳнат сарфлари билан ҳам аниқланишини қайд қилиб ўтади. Эркин такрор ишлаб чиқарилмайдиган товарлар қиймати эса нафақат меҳнат сарфларига, балки ноёбликка ҳам боғлиқ бўлади.
Умуман олганда, Д.Рикардо томонидан ишлаб чиқилган қийматнинг меҳнат назарияси сарфли тамойилларга асосланган. Унинг бу назариясини биринчи бўлиб танқид қилган ўзининг дўсти Т.Мальтус ҳисобланади. У, биринчидан, савол қўяди: агар қиймат-нинг меҳнат назариясини тўғри деб фараз қилсак, унда меҳнатга ҳақ тўлаш қандай бўлади: қиймат бўйичами ёки қийматдан паст баҳо бўйичами? Агар баҳо қийматдан паст бўлса, унда эквива-лентли айирбошлаш тамойили бузилади (фойдалилиги ҳар ҳил, лекин бир хил қийматга эга бўлган товарлар айирбошланади) - бу классик иқтисодий назариянинг ва Д.Рикардонинг асосий тамо-йили. Иккинчидан, Т.Мальтус қийматнинг меҳнат назарияси реал амалиёт билан мос тушмаслигини кўрсатиб беради: агар қиймат-нинг ягона манбаи ҳақиқатдан ҳам меҳнат бўлса, унда меҳнат кўп сарфланадиган тармоқлардаги тадбиркорлар, капитал кўп сарф-ланадиган тармоқлардаги тадбиркорларга нисбатан кўпроқ фойда олишлари керак. Амалиётда эса барча тармоқларда фойда меъёри деярли бир хил. Демак, Д.Рикардо назарияси хато, товар қиймати фақат меҳнат билан эмас, балки бошқа ишлаб чиқариш омиллари сарфлари билан ҳам аниқланади, деб хулоса қилади Т.Мальтус. Д.Рикардо ўлимидан сал аввал, ўзининг қиймат фақат меҳнат сарф-лари билан ўлчанади деб тушунтиришга қилган ҳаракати нотўғри эканлигини тан олган.
Рента назарияси. Д.Рикардонинг рента тўғрисидаги концеп-цияси бугунги кунда ҳам ўз фаоллиги билан ажралиб туради. Ердан фойдаланилганлик учун ҳамиша рента тўланади, бунда унинг манбаи, Д.Рикардонинг тасдиқлашича, ерга сарфланган меҳнат ҳисобланади.
Ер ресурслари чекланганлиги сабабли, хўжалик амалиётида унумдорлиги ва жойлашиши бўйича ҳар хил бўлган ер участка-ларидан фойдаланилади. Бунинг натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қиймати, Д.Рикардо бўйича, энг ёмон участкада ишлатиладиган меҳнат сарфлари билан аниқланади.
Фараз қилайлик, унумдорлиги яхши муайян ер участкасида ишлашга 10 соат кетади ва бозорда маҳсулот баҳоси 10 пул бирлигига тенг. Аҳолининг ўсиши озиқ-овқат товарлари баҳоси-нинг ошишига олиб келади. Бу эса ишлаб чиқарувчиларни ёмон ерларда ҳам ишлашга мажбур қилади. Бу ерлардан кўрсатилган миқдордаги ҳосилни олиш учун 10 соат эмас, балки 15 соат иш вақти кетади. Шунга мувофиқ, маҳсулотнинг баҳоси ҳам 15 пул бирлигига ошади. Бозор баҳоси бу суммадан кам бўлмаслиги керак, акс ҳолда, ёмон ер участкалари ишлатилмасдан қолиб кетади. Яхши участкада ишловчи фермерлар ишлаб чиқариш учун 10 пул бир-лигига тенг меҳнат сарфлайдилар, ўз маҳсулотларини эса 15 пул бирликка сотадилар. ўртадаги 5 бирлик фарқ ер эгасига тегади. Ана шу, Д.Рикардо назарияси бўйича, рента ҳисобланади. Рента қиймат яратмайди. Аксинча, рента миқдори бозор баҳоси даражасига боғлиқ бўлади. «Рента тўлангани учун нон қиммат эмас, балки нон қиммат бўлгани учун рента тўланади... Агар ҳатто, ер эгалари барча ренталардан воз кечганларида ҳам ноннинг баҳоси ҳеч камаймаган бўлар эди», - деб ёзади Д.Рикардо. Рентани ташкил этувчи омилларни ҳам ишонарли қилиб кўрсатиб берди. Бундай омиллар: тупроқ унумдорлигининг ҳар хиллиги ва ер участка-сининг бозорга узоқ яқин жойлашиши ҳисобланади.
Аҳоли сони ошиб бориши билан миллий даромадда рента ҳиссасининг кўпайиб бориш мойиллиги амал қилади. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиб бориши ва миллий даромадда рента миқдорининг кўпайиб бориш мойиллиги Д.Рикардони жуда ташвишга солган. У, бундан қутилишнинг йўли, худди Т.Мальтусга ўхшаб, туғилишни камайтириш деб билган. Д.Рикардо фикри бўйича, ёмон ерларни ишламасликка имкон берувчи яна бир восита халқаро савдони ривожлантириш, аҳолиси зич бўлмаган мамлакат-лардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб келиш. Ниҳоят, Д.Рикардо ишлаб чиқариш харажатларини камайтиришга имкон берувчи техник тараққиётга ишонч ҳосил қилган.
Иш ҳақи ва фойда назариялари. Д.Рикардонинг иш ҳақи назарияси ёки унинг ёзиши бўйича “меҳнатнинг табиий баҳоси” ва “меҳнатнинг бозор баҳоси” Т.Мальтуснинг назарий қоидаларига асосланади. “Меҳнатнинг табиий баҳоси” бу ишчининг яшаши ва ўз наслини давом эттириши учун зарур бўлган баҳо ҳисобланади. У олинадиган пул миқдорига эмас, балки унга сотиб олиниши мумкин бўлган зарурий воситалар миқдорига боғлиқ. “Меҳнатнинг бозор баҳоси” меҳнатга бўлган талаб ва таклифнинг реал нисбати асосида шаклланадиган ҳақ сифатида тавсифланади. Д.Рикардо бўйича, иш ҳақи динамикаси ишловчи аҳолининг сонига боғлиқ, негаки ишловчи аҳолининг сони ишчи кучи таклифига таъсир кўрсатади. Ишловчи аҳолининг табиий ўсишига боғлиқ ҳолда меҳнатга бўлган талаб ва таклиф шаклланади, демак иш ҳақи ҳам тебраниб туради. Аҳолининг ўсиш суръатидан келиб чиққан ҳолда, иш ҳақи пасайиш мойиллигига эга деб ҳисоблайди, унингча, иш ҳақи талаб ва таклиф билан тартибланиб турилади, ишчиларнинг сони эса доимо кўпайиб боради, уларга бўлган талаб эса секин ошади. Д.Рикардо ўзининг бу пессимистик қарашларини тасдиқ-лашга уриниб, иш ҳақининг ошиши товарлар баҳосининг ошиши-дан секин юз беради, натижада ишчи иш ҳақи ва баҳо ошган давргача харид қилиши мумкин бўлган товарларга қараганда камроқ товар сотиб олишга мажбурлигини қўшимча ҳам қилади. Лекин иш ҳақини тартибга солувчи турувчи “омилларини” тадқиқ қилгач, иш ҳақининг пасайиш мойиллиги фақат унинг давлат томонидан тартибга солинмайдиган “хусусий ва эркин рақобат бозори” шароитида амал қилиши мумкинлигига изоҳ бериб ўтади.
Д.Рикардода фойда ишчининг ҳақ тўланмаган меҳнати нати-жаси сифатида тавсифланади. Эркин рақобат шароитида фойда, худди иш ҳақига ўхшаб, пасайиш мойиллигига эга, чунки жамият-нинг ривожланиб ва бойиб бориши билан қўшимча талаб қилинади-ган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга кетадиган меҳнат сарфлари кўпайиб боради. Лекин шу ерда у ҳақли равишда, фойданинг паса-йиш мойиллиги муайян вақт ўтгандан кейин ишлаб чиқаришда фойдаланаётган машиналарни такомиллаштириш, агрономия ютуқ-ларидан фойдаланиш туфайли тўхтатилади, деб қайд қилиб ўтади.
Капитал назарияси. Д.Рикардо бўйича, капитал ишлаб чиқа-ришда фойдаланиладиган мамлакат бойлигининг бир қисми бўлиб, у озиқ-овқат, кийим-кечак, асбоб-ускуналар, хом ашё, машиналар ва б. иборат. Унинг капитал тўғрисидаги қарашлари бу муаммо билан шуғулланган классик иқтисодий мактабнинг бошқа вакил-ларининг иқтисодий қарашлари билан ҳам оҳанг бўлса-да, улардан фарқли равишда, бир хил капитал қўйилмасидан келадиган даро-маднинг ҳар хиллиги сабабли капитал бир касб туридан бошқасига ўтиб туришини кўрсатиб берди. Ҳар бир киши кўпроқ фойда олишга интилади, шунинг учун у кам фойдали иш жойини ташлаб кўп фойда келадиган жойга ўтишга ҳаракат қилади. Бунинг учун фабрикачи ўз касбини ўзгартириши шарт эмас; у капитал қўйил-масини камайтирса бас. Бундан капиталнинг юқори фойдали тармоққа оқиб ўтишининг кучайишини Д.Рикардо назариясидан кўриш қийин эмас.
Қиёсий устунлик назарияси. Д.Рикардо биринчилардан бўлиб айрим товарларни ишлаб чиқаришдагина эмас, балки мамлакатлар ўртасида ҳам халқаро меҳнат тақсимоти ва ихтисослашувнинг фойдалилигини исботлаб берди. Халқаро меҳнат тақсимотига асос-ланган ҳолда, у қиёсий устунлик назариясини яратди. Бу назариянинг асосий қоидаси шундан иборатки, ҳар бир мамлакат ўзининг муайян товарни ишлаб чиқаришга кетадиган харажатлари билан уни сотиб олишга кетадиган харажатлари ўртасидаги фарқни ҳисобга олган ҳолда ташқи савдодан фойда кўради. Муайян товарни ишлаб чиқариш бир мамлакат учун бошқа мамлакатларга нисбатан қулайроқ бўлиши мумкин. Шу боис, қиёсий устунлик назариясига биноан, мамлакатлар харажатларни ҳисобга олган ҳолда у ёки бу маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашиши керак.
Д.Рикардо шундай мисол келтиради. Португалияда муайян миқдордаги винони тайёрлаш учун 80 кишилик меҳнат, газлама ишлаб чиқариш учун эса 90 кишилик меҳнат талаб қилинади (бир йилга). Англияда шу миқдордаги винони ишлаб чиқариш учун 120 кишилик меҳнат, газламани ишлаб чиқариш учун 100 кишилик меҳнат сарфлаш зарур. Гарчи олиб келинган газлама Португалиянинг ўзида Англияга нисбатан кам харажат эвазига ишлаб чиқарилиши мумкин бўлса ҳам, бу шароитда Португалия учун винони газламага айирбошлаш фойдали. Гап шундаки, ресурсларни газлама ишлаб чиқаришдан, Англияга нисбатан катта қиёсий устунликка эга бўлган, вино тайёрлаш тармоғига ўтказиб, Португалия винони айирбошлаш йўли билан 80 кишилик меҳнат сарфлари ҳисобига, яъни 10 кишилик меҳнатни тежаш эвазига, газлама олиши мумкин. Бундай айирбошлаш Англия учун ҳам фойдали, негаки у ўз кучини газлама ишлаб чиқаришга сарфлаб, газламани сотиш йўли билан муайян миқдордаги винони 120 кишининг меҳнати ҳисобига эмас, балки фақат 100 кишилик меҳнат эвазига олиши мумкин (яъни 20 кишилик меҳнатни тежаш ҳисобига). Бу мисолдан шу нарса кўри-надики, қиёсий устунлик мавжуд бўлса, ихтисослашув ва айир-бошлаш иккала мамлакат учун ҳам фойдалидир. Бундан мамла-катлар ўртасида меҳнат тақсимоти ва ишлаб чиқаришнинг ихтисос-лашуви зарурлиги келиб чиқади.



Download 0.78 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   29   30   31   32   33   34   35   36   ...   61




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling