Ўқув модули бирликлари
Бетон қотиши ва уни парваришлаш
Download 0.66 Mb. Pdf ko'rish
|
7-МАЪРУЗА. Бетон қоришмаси ва бетон хоссалари, бетон турлари
Бетон қотиши ва уни парваришлаш. Қолип ёки қолипларга қуйилган бетон
аста-секин ва анча узоқ вақт мобайнида мустаҳкамлигини ошира боради. Бетон мустаҳкамлигининг ортиши фақат маълум ҳарорат ва намлик шароитларида содир бўлади. Меъёрий қотиш шароитларида (атроф муҳит ҳарорати 15-20 0 С ва намлиги 90-100% бўлганда) бетон 28 кун давомида маркасига оид мустаҳкамликка етади. Муҳит ҳарорати 60-85 0 С гача ортганда (бетонда намнинг албатта сақланиши шарти билан) бетоннинг қотиши анча тезлашади. Нам муҳитда бетон ҳавода қотганга нисбатан анча катта мустаҳкамликка эга бўлади. Қуруқ шароитларда у намини тез йўқотади ва кейинчалик қотиши тўхтайди. Қуйилган ва зичланган бетон талаб этилган мустаҳкамликка белгиланган муддатда етиши учун уни тўғри парвариш қилиш керак. Бетон қуйилгандан кейин биринчи кунларда уни парваришлаш айниқса муҳимдир, акс ҳолда бетон сифати пасайиб кетиши мумкин, кейинчалик синчиклаб парвариш қилинса ҳам аввалги ҳолатига келтириб бўлмайди. Эндигина қуйилган бетон нам ҳолатда сақлаб турилади ва зарб,бирон-бир шикаст, шунингдек, ҳароратнинг кескин ўзгаришидан эҳтиёт қилинади. Ёз вақтида эндигина қуйилган бетоннинг очиқ юзалари турли қоплар,қум, қипиқлар ёки бошқа материаллар билан ёпилади ва вақт-вақти билан намлаб турилади. Портландцемент асосида тайёрланган бетонга камида 7 кунгача, бошқа цементларга, шу жумладан пластификациялайдиган қўшимчали цементлар асосида тайёрланган бетонга камида 14 кунгача намлаб туриш керак. Тунда айниқса мўл сув сепилади. Бетон юзасини шунингдек битум эмульсияси, этинол лаки, латекс ва бошқа нам ўтказмайдиган парда ҳосил қилувчи суюқ материаллар билан қоплаш мумкин. Бетоннинг 5-10 0 С дан паст ҳароратда қотиши анча секинлашади, нолдан паст ҳароратда эса қотиши амалда тўхтайди. Бетондаги эркин сув музлаб унинг ҳажмини оширади, бу эса ҳали қотмаган цемент тошининг тузилиши бузилишига олиб келади, бу ўз навбатида бетоннинг охирги мустаҳкамлигини пасайтиради. Цемент боғланиш даврида бетоннинг музлаши жуда ҳавфлидир.Шу сабабли қиш вақтида бетон қуйиладиган бўлса, асосий шартлардан бири-қуйилган бетонда маълум мусбат ҳарорат таъминланиши зарур. Бетон эрта музлашини олдини олиш ва унинг паст ҳароратларда қотишини таъминлаш учун рус олимларидан С.А.Миронов, В.Н.Сизов, И.Г.Совалов, Б.А.Крўлов ва бошқалар қишда бетонлашнинг турли усулларини ишлаб чиқдилар ҳамда қурилишда жорий қилдилар. Энг кўп тарқалгани "термос" усули, бетонни буғ ва электротермик ишлаш, шунингдек, ҳимиявий қўшилмалар-қотиш тезлатгичлари қўшилган бетонни қўллашдир. Ҳар бир усулни алоҳида ёки биргаликда қўллаш мумкин. "Термос" усулида бетон қотаётган вақтда бетон қоришмаси таркибини (сув, қум, йирик тўлдиргич) иситиш ва қотиш жараёнида цемент ажратадиган иссиқлик ҳисобига унда мусбат ҳароратни таъминлашни назарда тутилади. Ишлатиладиган цемент турига қараб, ташқи ҳаво ҳароратига, бетон қоришмаси етказиб бериладиган вақт ва бошқа омилларга қараб фақат сув, ёки сув ва тўлдиргичлар иситилади. Бетон қоришмаси қуюқлашиб қолишининг ва унинг қулай қуйилувчанлигини йўқотишининг олдини олиш учун ташкил этувчиларнинг иситилиш ҳарорати шундай ҳисобда танланадики, бунда бетон қоргичдан чиққанида бетон қоришмасининг ҳарорати 40 0 С дан юқори бўлмасин. Маълум муддат ичида иссиқлик заҳирасини сақлаб қолиш учун эндигина қуйилган бетондан барпо этилаётган қурилмаларни похол, қипиқ, шлак ва бошқалар билан қоплаб совуқдан ҳимоя қилинади. "Термос" усули энг оддий ва тежамли усулдир. Уни амалга ошириш учун махсус асбоб-ускуна талаб қилинмайди, бетонни парвариш қилиш ёпиб қўйилган материални тузатиб туриш ва бетон ҳароратини назорат қилишдан иборат бўлади. Лекин бу усулдан фақат оғир қурилмаларни (қуйма пойдевор ва бошқалар) бетонлашда фойдаланилади. Оғир бўлмаган қурилмаларни (устун, тўсин, бостирма ва шу кабилар) қиш вақтида бетонлашда қолипга қуйилган бетон қоришмаси буғ ва электртермос усулида ишланади. Бетонни буғ билан иситиш қўш қолип деворларни орасидан ("буғ кўйлак") ёки қолипнинг ич томонидаги бўйлама каналлардан сув буғи ўтказиб ("капилляр қолип") бажарилади. Бунда бетонда ҳарорат 50-70 0 С гача кўтарилади, бу эса 1-2 кундан кейин марка мустаҳкамлигининг 50-70% ига тенг мустаҳкамликка эга бўлишига имкон беради. Бетонни электр-термик ишлаш турли усуллар билан амалга оширилади, ҳусусан, электрод воситасида иситиш, индукцион иситиш ва бошқалар. Бетонни электр термик ишлашнинг юқорида кўрсатилган усулларини қўллаб 1-2 кун давомида бетонда марка мустаҳкамлигининг 70% ига тенг мустаҳкамликка эришилади. Ҳимиявий қўшимчалар бетон қоришмасидаги сувнинг музлаш ҳароратини пасайтириш ва манфий ҳароратларда бетоннинг қотишига имконият яратиш мақсадида қўлланилади. Ҳимиявий қўшимчалар хлорли кальций ва натрий, натрий нитрити, кальций нитрит нитрати, мочевина, ишқор, шунингдек пластификатор ва сувуққа қарши қўшимча асосида тайёрланган ҳимиявий қўшимчалардан иборат. Download 0.66 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling