БОҒЛОВЧИСИЗ ҚЎШМА ГАПЛАРДА
ТИНИШ БЕЛГИЛАРИ
68. Боғловчисиз қўшма гапларда вергул ва нуқтали вергулнинг ишлатилиши
1. Боғловчисиз қўшма гап таркибидаги содда гаплар мураккаб бўлмаса ва бир пайтда ёки кетма-кет бўлган воқеа-ҳодисани англатса, бир-биридан вергул билан ажратилади.
Масалан: Иситмаси кучли, боши оғрир эди. Ёмғир тинган, осмон тиниқ, майин шабада ғир-ғир эсарди.
2. Боғловчисиз қўшма гап таркибидаги маъно жиҳатидан бир-бирига у қадар яқин бўлмаган содда гаплар, шунингдек, ўз ичида вергули бўлган мураккаб содда гаплар бир-биридан нуқтали вергул билан ажратилади.
Масалан: Шу вақт ташқаридан шов-шув эшитилди; эшикнинг икки табақаси ҳам бирдан тарақ этиб ланг очилди. Йўлчининг мағрур боши букилган, кўзларида чуқур ҳасрат; қор босган далада, қадамларини катта-катта ташлаб, танҳо кетди.
69. Боғловчисиз қўшма гапларда икки нуқтанинг
ишлатилиши
Боғловчисиз қўшма гап таркибидаги содда гаплар орасига қуйидаги ҳолларда икки нуқта қўйилади:
1. Биринчи гап иккинчи гапдан англашилган фикрнинг сабабини билдирса: Ҳовли салқинлик қилиб қолди: экилган гуллар яхши ўсмади.
2. Иккинчи гап биринчи гапдан англашилган фикрнинг натижасини билдирса: Қўрқитмай ўстирдим: ботир бўлдингизлар.
Иккинчи гап (ёки гаплар) биринчи гапни ёки унинг бирор бўлагини изоҳлаб келса: Китобни севингиз: у сизга чигалликларни ҳал қилишда ёрдам беради, у сизни кишини ҳурмат қилишга ўргатади.
3. Иккинчи гап биринчи гапни ёки унинг кесимини тўлдирса: Сиз менга айтинг: яхши ўқиш учун ҳаракатни нимадан бошламоқчисиз?
70. Боғловчисиз қўшма гапларда
чизиқчанинг ишлатилиши
Боғловчисиз қўшма гап таркибидаги содда гаплар орасига қуйидаги ҳолларда чизиқча қўйилади:
1. Боғловчисиз қўшма гап таркибидаги содда гаплар мазмунан бир-бирига зид бўлса: Кўз қўрқоқ – қўл ботир. (Мақол.)
2. Биринчи гапнинг мазмуни иккинчи гапнинг мазмунига ўхшатилса: Вақтинг кетди – бахтинг кетди. (Мақол.)
3. Биринчи гап иккинчи гапдаги иш-ҳаракатнинг шартини ёки пайтини билдирса: Сен аралашдинг – масала ҳал бўлди. Тонг отди — йўлга тушамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |