Ўзбекистон республикаси ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти


Ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олишнинг меъёрий-ҳуқуқий асослари


Download 0.95 Mb.
bet8/21
Sana16.06.2023
Hajmi0.95 Mb.
#1511261
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   21
Bog'liq
BMI Қиличов Оғабек 04.05.2023

1.2. Ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олишнинг меъёрий-ҳуқуқий асослари
Ёшлик инсоннинг порлоқ келажаги учун уруғ қадайдиган баҳор палласидир. Бу неъматдан унумли фойдаланиб, ўзининг салоҳиятини ошириб борган, жамиятда муносиб ўрин эгаллашга киришган инсоннинг эртаси нурафшон. Аммо, айримлар “Ёшлик – бебошлик” дея ножўя ҳаракатларга қўл уриб жиноят кўчасига кириб қолганини билмай қолишаяпти. Бундайлар ўз бошига ўзи кулфат сотиб олади, десак хато бўлмайди. Агар улар ҳам ўз муваффақиятлари билан юрт равнақига ҳисса қўшаётган ёшлардан ибрат олганида, уларнинг ота-оналари фарзандларига бефарқ бўлмаганларида эди, бугун ёшлар иштирокида содир этилган жиноятчилик анча камайган бўлар эди. Адашган ёшлар майда безорилик, ўғирликка қўл уриб бебаҳо, бетакрор умрнинг олтинга тенг даврини панжара ортида ўтказмаган бўлардилар. Ёшлар эртамиз кўзгуси. Уларнинг келажаги бутун бир миллатнинг ширин ташвишидир. Ҳозирда барча жабҳада ёшлар масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш учун нафақат ота-она, маҳалла, жамоатчилик, балки бир қатор давлат ташкилот ва идоралар ҳам масъул этиб белгиланган. Бугун жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг ёшлар ўртасида кузатилаётгани аччиқ ҳақиқат. Ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятлар умумий жиноятларга нисбатан 25 фоизга етган. Мутасаддилар “Касални даволагандан кўра, олдини олган маъқул”, деган нақлга амал қилган ҳолда жиноят билан курашишда дастлаб ёшларни жиноят қилишга ундайдиган сабаблар, ҳолатларни аниқлаб, уларни бартараф этиш чораларини кўрмоқда.
Ҳозирги кунда Ёшлар сиёсатига оид қонунчилик ҳужжатлари қуйидагиларни ташкил этмоқда:
Ўзбекистон Республикаси қонунлари - 13 та;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари –
37 та;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари – 76 та;
Идоравий норматив ҳуқуқий – ҳужжатлар 2 та.
Жами 128 дан ортиқ норматив ҳуқуқий ҳужжатлар Ёшлар сиёсатига оид ҳисобланади. Ёшлар орасидаги жиноятларнинг илдизи ҳам худди шу жиҳатлардан қидирилмоқда. Маълумки, ёшлар асосан бекорчилиги, эътиборга муҳтожлиги, ҳуқуқий саводхонлигининг пастлиги туфайли жиноят содир этади. Муаммога ечим топиш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда ёшларнинг сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни кучайтириб бормоқда. Иттифоқ тизимида ёшлар жиноятчилигини барвақт профилактика қилиш бўйича ҳар ойнинг охирги 10 кунлигида “Барчаси ўз қўлингда!” тарғибот декадаси лойиҳасини тизимли равишда ўтказиб бориш йўлга қўйилди.
Ёшларнинг ўзига хос манфаатлари, эҳтиёжлари, асосий фаолият йўналишидаги ўзаро алоқаларида мавжуд салбий ҳолатлар унинг жамиятда ўз ўрнини топмаслигига ҳамда ўқиш ва меҳнат фаолиятида жамоа аъзолари билан ўзаро муносабатларининг ёмонлашувига олиб келади. Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишининг асосий сабабларидан бири уларнинг айримлари табиатида маънавий ва ҳуқуқий қадриятларни менсимаслик мавжудлигидир. Ушбу иллат шахсни турли ҳуқуқбузарликлар содир этишга ундайди. Ўзаро дўстлик, бурч, виждон, довюраклик каби инсоний хислатлар ёш жиноятчилар томонидан фақат гуруҳ манфаатларидан келиб чиққан ҳолда талқин этилади. Уларнинг ҳаётий мақсадлари эса шоҳона яшаш, вақтинчалик роҳат-фароғат, боқимандалик кайфиятидан иборат бўлади. Ўзларининг у ёки бу маънавий ё ҳуқуқий ножўя хатти-ҳаракатларини “оқлаб”, ҳамма айбни жабрланганлар зиммасига юклаш орқали жазодан қутулиш ёки ўзларини овунтиришлари, айниқса хавфлидир. Негаки, бу сароб хаёллар ёшларда жазодан қутулиб қолишга ишончни орттиради ва уни ғайриижтимоий хулқ-атворини давом эттиришга даъват этади. Ҳар бир ижтимоий жамиятда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг юзага келиши маълум сабаб ва омиллар таъсирида кечади. Ҳар қандай ҳолатда умумий ҳуқуқбузарликлар, шу билан бирга, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шароитлар ҳам мавжуд бўлади.
Жиноятчилик ҳар қандай жамият ривожининг хар қандай босқичида объектив мавжуд бўлган ижтимоий хавфли, ижтимоий-ҳуқуқий ходисадир. Шунинг учун инсоният ривожланишининг маълум бир босқичида жиноятчилик бутунлай йўқ бўлади, деб айта олмаймиз. Лекин уни олдини олиш, камайтириш имконини беради.
Шунингдек, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган вақт ичида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш борасида алоҳида тизим яратилди.
Мустақиллик йилларида республикада ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиб, мамлакатда ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда ижобий натижаларга ҳамда криминоген вазиятни сезиларли даражада яхшилашга эришилди.
Шу билан бирга, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи давлат органларининг иш шакли ва услублари, энг аввало ахборот-коммуникация технологияларидан етарли даражада фойдаланилмаётганлиги сабабли ҳозирги кун талабларига тўлиқ жавоб бермайди.
Давлат идоралари аксарият ҳолларда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси сифатида баҳолаб, оқибатда ушбу фаолиятга лозим даражада эътибор қаратмаяпти.
“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги ПҚ-2833-сонли қарори ҳам мавжуд. Бугунги кунда кўча ва жамоат жойларда содир этилатёган жиноятларни очилишидан кура унинг олдини олиш, яъни профилактика ҳар томонлама самарали ҳисобланади. Профилактика - бу энг аввало, олдини олиш демакдир.
Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 29 сентябрда қабул қилинган ”Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасига кўра: вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси – вояга етмаганларнинг назоратсизлиги, қаровсизлигига, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишига имкон берадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратилган, якка тартибдаги профилактика иши билан биргаликда амалга ошириладиган ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий ва бошка чора-тадбирлар тизими”11 сифатида эътироф этилади.
Зотан, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар-нинг профилактикаси – вояга етмаганлар томонидан қонун билан тақиқланган ижтимоий хавфли қилмишлар содир этилишини тақозо этувчи сабаб ва шароитларни келтириб чиқарувчи, озиқлантирувчи, жамиятда ижтимоий ҳодиса сифатида унинг бўлишини тақозо этувчи ҳодиса, воқеа, жараёнларни камайтириш, зарарсизлантириш, чеклаш ва баратараф этиш бўйича давлат сиёсатини белгилаш ва уни амалга ошириш ҳамда такомиллаштиришга қаратилган комплекс ижтимоий ҳуқуқий жараёндир.
Кўча ва жамоат жойларида вояга етмаганлар томонидан содир этадиган жшоятларнинг олдини олиш давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий шерикчиликда вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига оид тизимли комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни ўз ичига олади.
Истиқлол йиллари суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислохотлар натижасида Ўзбекистонда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси миллий тизими шаклланди. Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи, унда иштирок этувчи давлат органлари ва муассасалари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганларни ва оилаларни, уларни жиноий фаолиятга жалб этувчи шахсларни аниқлаш, улар содир этаётган жиноятларнинг сабаб ва шароитларини бартараф этиш, шунингдек улар яшаётган ва таълим олаётган жойларда ижгимоий-руҳий муҳитни соғломлаштириш мақсадида амалга оширилаётган тарбия, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий-ҳуқуқий назорат воситалари орқали профилактик таъсир чораларини қўллашдан иборат давлат сиёсати даражасида амалга ошириладиган алоҳида фаолият ҳисобланади.
Жумладан, мазкур йўналишда, Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 29 августдаги ”Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги 2008 йил 7 январдаги, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги 2010 йил 29 сентябрдаги, “Ҳуқуқбузарликлар профилактиакси тўғрисида”ги 2014 йил 14 майдаги, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги 2014 йил 2 январдаги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги 2016 йил 14 сентябрдаги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил З февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4944-сон, 2017 йил 10 апрелдаги давлат органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва конуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ҳамда 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2833-сонли, 2017 йил 14 мартдаги “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2829-сонли қарорлари ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратиш, қонун бузилишларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг замонавий ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этишга хизмат қилади.
Ушбу қарорга асосан, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, шунингдек рақамли ва ахборот технологияларини фаол жорий этиш, аҳолига электрон давлат хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш, бюрократик тўсиқ ва ғовларга йўл қўймаслик ҳамда идоралараро электрон ҳамкорликни кенгайтиришдир.
Мамлакатимизда Олий Мажлис Сенати томонидан қарор қабул қилиниб, Сенат ҳузурида Ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича комиссия ҳамда ҳудудий комиссиялар ташкил этилди. Бугунги кунда ҳудудий комиссиялар жойларда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича фаолиятини мунтазам ўрганиб бормоқда.
Хусусан, жорий йилда 30 га яқин туман ҳамда шаҳарлардаги ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари, бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлиги ҳолатини ўрганиш натижалари давлатимиз раҳбарининг мазкур масалага алоҳида зътибор қаратаётганининг нақадар асосли эканлигини кўрсатди. Чунки тизимда халиҳануз ечимини кутаётган кўплаб муаммолар мавжуд.
Умуман, таҳлиллар патруль-пост хизмати томонидан ҳуқуқ-тартибот масканига ҳудудда содир этилган жиноятлар тўғрисида берилган кунлик маълумотларни таҳлил қилиш, ҳар бир жиноятни маҳаллада кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама этиш амалиётини йўлга қўйиш заруратини кўрсатди. Шу билан бирга, жиноятларнинг олдини олиш, хавфсизликни таъминлаш ва ўқувчилар давоматини назорат қилишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш долзарб аҳамият касб этмокда.
Фикримизча, мамлакатимизда ҳалкаро тажрибага асосланган ҳолда ювенал адлияга зарурат етилди, деб ўйлаймиз. Ювенал адлия вояга етмаганлар учун одил судлов ёки вояга етмаганлар суди маъносини англатади. Бундай судлар айни пайтда АҚШ, Канада, Франция, Германия, Венгрия, Япония, Хиндистон, Жанубий Корея каби давлатларда мавжуд. Боланинг ҳуқуқбузарлик йўлига киришига олиб келган ижтимоий шарт-шароитларни ўрганиш ювенал адлия фаолиятининг асосий йўналиши ҳисобланади. Бу ҳуқуқбузарнинг шахсини чуқур тушуниш, унга нисбатан тўғри таъсир чорасини танлаш имконини беради. Ювенал адлия асосланадиган муҳим қоида – вояга етмаганлар иши юзасидан суд ишларини юритишда ҳар бир ҳуқуқбузар шахсига ва ҳар бир ҳуқуқбузарлик фактига ўзига хос ёндашиш, яъни индивидуал ҳолда масалани хал этишдир.
Бир сўз билан айтганда, ювенал аддия вояга етмаганларнинг одил судловга оид ҳуқуқини юқори даражада таъминлаш имконига эга ва албатта жамоатчилик кучига асосланади.
Юртимизда фукароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш борасида кенг кўламли изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ўз самараларини бермоқда. Буни Ўзбекистон аҳолиси истиқлол даврида 10 миллиондан ортиқ кишига кўпайган бўлсада, кўча ва жамоат жойларида жиноятчилик бугунги кунда 1992 йилдаги кўрсаткичдан 4,6 фоиз камайгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Бунда профилактика тадбирлари ҳал қилувчи аҳамият касб этаётир.
Бугунги кунда юз бераетган ижтимоий-сиесий жараёнлар шароитида ҳал этилиши лозим бўлган муҳим муаммолардан бири — бу ёшлар омили билан боғлиқ бўлиб, “ёшларга миллий ватанпарварлик руҳида таълим-тарбия бериш, улар ҳақида ғамҳўрлик қилиш бугунги куннинг жиддий вазифаларидан бири ҳисобланади. Чунки, ёшлар демократик ва иқтисодий тараққиётимиз ривожи, давлатимизнинг ўз олдига қўйган мамлакатни ислоҳ этиш ва янгилаш бўйича белгилаб олган юксак мақсадларга эришишда ҳал қилувчи куч бўлиб ҳисобланади. Бинобарин, “ҳаётимизда ёшларнинг тутган салмоқли ўрни иқтисодиётимизни янги кучлар билан таъминлашнинг келажагига катта умид билан қарашимизга асос беради”.
2016 йил 14 сентябрда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур қонун ҳозирги кунгача ёшлар манфаатини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятимизда муносиб ўрин эгаллашлари учун тегишли имкониятларни яратишга хизмат қилди. Аммо, шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги кун, бугунги давр бу соҳадаги ишларни яҳшилаш, ёшларнинг манфаатларини таъминлашга ва ҳуқуқдарини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш ва шу асосда ёшларимиз учун янги имкониятларни очиб беришни тақозо этмоқда.
Ҳозирги кунда бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар жумласига ёшларнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги етилган муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш, узлуксиз таълим тизимида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, реал иқтисодиётда ва мамлакат ҳаёт фаолияти соҳаларида таълим муассасалари томонидан тайёрланадиган мутахассисларга бўлган талабни таъминлаш, ёшларнинг жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаоллигини таъминлаш мақсадида 2008 йилни “Ёшлар йили” деб эълон қилинди. Юксак натижалар кутилаётган ушбу давлат дастури замирида ётган энг асосий роль – бу ёшлар ҳуқуқлари ва манфаатлари, орзу-истакларидан иборатдир.
2017 йил 19 сентябрда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “айни даврда инсоният тарихидаги энг кўп ёшлар қатлами билан яшаётганимизни инобатга олган ҳолда БМТ минбарида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилишни таклиф қилди. Мамлакат президенти бунга асос қилиб, ёшларнинг сони икки миллиарддан ортиб қолгани, ҳалқаро терроризм ва эсктремизм шиддат билан ўсиб бораётган бир пайтда ёшларга ҳимоя зарурлигини муҳим омиллар сифатида кўрсатди” деган эдилар.
Президент дунё ёшлари ўртасида зўравонлик ғояси тарқалишининг олдини олиш кераклигини, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, турмушини ижтимоий ҳимоя қилиш учун дунё халқларидан кўп томонлама ҳамкорлик ташаббуси сўралишини айтиб ўтди. Ёшлар ҳуқуқларини бир меъёрда белгилаш ва уни ҳимоя қилиш глобаллашув ва ахборот технология ривожланиш даврининг муҳим шарти экани таъкидланди.
Жиноятчилик тизимида ҳам, сабабият тизимида ҳам жиноий жазога лойиқ қилмиш содир этган шахс муҳим роль ўйнайди. Бироқ, шахсни муайян жиноят субъекти деб топиш учун қонунда белгиланган мезонларни (ақли расо жисмоний шахс муайян жиноят-ҳуқуқий ёшга тўлганлигини) аниқлашнинг ўзи кифоя бўлган жиноят ҳуқуқи фанидан фарқли ўлароқ, криминологияда жиноятчилик сабабларини ўрганиш учун жиноят субъект ҳақида бошқа маълумотлар, яъни нафақат демографик, балки ижтимоий-ахлоқий, психологик, жиноят-ҳуқуқий ва бошқа белгилар (хоссалар) тавсифи ҳам зарур.
Бинобарин, криминология предметининг учинчи муҳим элементи бу жиноятчи – жиноят содир этган одамнинг шахсидир. «Жиноятчилик» тушунчаси криминологиянинг энг муҳим ва айни вақтда кэнг қамровли тушунчасидир. Унга камида икки нуқтаи назардан: формал миқдорий (статистик) ва сифат (социологик) томонлардан ёндашиш мумкин. Миқдорий (статистик) нуқтаи назардан жиноятчилик бир эмас, кўплаб жиноятлар, уларнинг муайян йиғиндиси, яъни ғайриижтимоий ва хавфли қилмишларнинг қандайдир мажмуи мавжудлигини англатади. Бошқача айтганда, жиноятчилик – муайян макон, минтақада маълум давр ичида содир этилган барча жиноятлар мажмуи кўринишидаги тарихан ўзгарувчан, салбий, объектив ва ижтимоий ҳодисадир.
“Шунингдек, ушбу конвенцияни имзолаган аъзо давлатлар мамлакат ижтимоий сиёсатида ёшлар масаласини муҳим йўналиш сифатида кўриб, зиммасидаги катта масъулиятни адо этиши керак”, деб фикр билдиради. Жиноятчилик таркиби, умуман олганда, уни сифат жиҳатидан, яъни жиноятчиликнинг ижтимоий хавфлилик даражасини тавсифлайди. Жиноятчилик таркиби умумий кўринишда жиноятчиликни ташкил этувчи қилмишлар (айрим қилмишлар ҳамда улар гуруҳларининг) ижтимоий хавфлилик даражаси ва хусусиятини акс эттиради.
Ўзбекистон Республикасида жиноят содир этгунга қадар ўн олти ёшга тўлган, ақли расо жисмоний шахслар жавобгарликка тортилиши кўрсатиб ўтилган. Бироқ жиноят содир этгунга қадар ўн тўрт ёшга тўлган шахслар жиноят кодекс 97, 98, 104-106, 118, 119, 137, 164-166, 169-моддалари, 173-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмлари, 220, 222, 247, 252, 263, 267, 271-моддалари, 277-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган жиноятлар учун жавобгарликка тортилиши белгилаб ўтилган.
Умуман олганда ёшлар ўртасида содир этилган ҳуқуқбузарликларга нисбатан жавобгарлик масалалари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида акс этган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 2 сентябрда қабул қилинган, 1995 йил 1 апрелдан кучга киритилган Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 13, 14, 22, 31, 47, 48, 188, 207, 242 , 243 , 247, 271 -моддалари бевосита вояга етмаганлар ҳуқуқбузарликлари ҳамда жавобгарлик масалаларига бағишланган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 17-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларига мувофиқ умумий жиноий жавобгарлик ёши 16 ёш қилиб белгиланган бўлсада, қасддан одам ўлдириш ва шу каби бошқа оғирлаштирувчи ҳолларда жиноий жавобгарликка 13 ёки 14 ёшдан ҳам тортилиши мумкинлиги белгиланган. Лекин, маъмурий ҳуқуқбузарликлар факат 16 ёшдан бошлаб жавобгарликни назарда тутади. Бу энг аввало, қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси билан боғлиқдир.
Аслини олганда, кўча ва жамоат жойларида вояга етмаганлар ва кўпчилик бошқа ҳуқуқбузарликларнинг ҳам асосий туб негизида том маънода назоратсизлик ва бекорчилик ётади. Ушбу меъзонга эътибор берадиган бўлсак ҳозирги кунда давлатимиз ёшларнинг бўш пайтларидан унумли фойдаланиш ҳамда уларни бўш қўймаслик, бандликни таъминлаш мақсадида амалга ошираётган ишлари бу борада алоҳида диққатга сазовордир. Ёшларни бирор касб-корга, таълимга йўналтириш ҳар бир давлат, қолаверса, энг аввало ҳар бир оиланинг олдида турган катта масъулиятли бурчдир. Мамлакатимизда ўтган давр мобайнида 1200 дан зиёд академик лицей ва касб-хунар коллежи, 4600 дан ортиқ умумтаълим мактаблари янгидан бунёд этилганлиги, реконструкция қилинганлиги ва замонавий ўқув лабаратория жиҳозлари билан таъминланганлиги ҳозирги кунда нафақат ёшлар тарбиясида, балки вояга етмаганлар ҳуқуқбузарликларини олдини олишда ҳам катта аҳамият касб этади.

Download 0.95 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   21




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling