Процессуал ҳуқуқ – ҳуқуқларни амалга ошириш ва мажбуриятларни бажариш ва ижро этиш тартибини белгиловчи нормалар. Процессуал ҳуқуқ моддий ҳуқуқ нормаларини қўллаш жараёни ва тартибини белгиловчи нормалар йиғиндисидир. Хусусан, ушбу нормалар жиноий, фуқаролик, хўжалик, маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларини кўриб чиқиш ва ҳал этиш тартибини белгилаб беради. Жиноят ва Фуқаролик процессуал кодексларида кўрсатилган нормалар шулар жумласидандир.
32-§. Ҳуқуқни амалга ошириш тушунчаси.
Ҳуқуқни амалга ошириш – бу давлат томонидан юридик жиҳатдан мустаҳкамланган ва кафолатланган имкониятларнинг амалга оширилиши бўлиб, ҳуқуқ нормаларини кишилар ва уларнинг ташкилотлари фаолиятида ҳаётга тадбиқ этилишидир. Ҳуқуқ принциплари ва нормалари фақат ҳаётга татбиқ этилган, махсус муомала субъектлари ҳаракатларида амалга ошган тақдирдагина ҳуқуқ олий ижтимоий қадрият сифатида намоён бўлади, шундагина у мазмун касб этади, жамият учун аҳамиятга эга бўлади. Агар ҳуқуқ амалга оширилмас экан, охир-оқибатда у ўзининг моҳиятини йўқотади. Зеро, ҳуқуқий жамиятда халқ ҳам, давлат ҳам ҳуқуққа риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Ҳуқуқни тадбиқ этиш шаклларини қуйидаги мезонлар бўйича таснифлаш мумкин: ҳуқуқни тадбиқ этишнинг норматив ҳужжатларда кўрсатилган қоидаларни қўлланиш даражасига кўра: ҳуқуқий фаолият амалга ошириладиган умумий вазифалар ва тамойиллар ўз ифодасини топган қонунлар ҳамда моддаларнинг муқаддималарида кўзда тутилган умумий кўрсатмаларни тадбиқ этиш; ҳуқуқ субъектларининг ҳуқуқий мақомини ҳамда ваколатлар доирасини ўрнатувчи умумий нормаларни тадбиқ этиш; муайян ҳуқуқий муносабатларда тегишли ҳуқуқий нормаларни тадбиқ этиш. Ҳуқуқни тадбиқ этиш субъектларига кўра: индивидуал; жамоа томонидан. Ҳуқуқни тадбиқ этувчи субъектлар фаолияти характерига кўра: ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш; ҳуқуқ нормаларини бажариш; ҳуқуқ нормаларидан фойдаланиш; ҳуқуқ нормаларини қўллаш.
33-§. Ҳуқуқни амалга ошириш шакллари: риоя этиш, ижро этиш, фойдаланиш ва қўллаш.
Do'stlaringiz bilan baham: |