Таянч иборалари:
Счётлар режаси, счётлар тизими, балансдаги счётлар, балансдан ташқари счётлар, актив ва пассив счётлар, маблағ ва манба, оборот, синтетик ҳисоб, аналитик ҳисоб, айланма ведомост.
Такрорлаш учун саволлар:
Счётлар тизими нима?
Счётларнинг тузилишини айтинг.
Икки ёқлама ёзув нима?
Бухгалтерия проводаси деганда нимани тушунасиз?
Синтетик ва аналитик ҳисобларнинг фарқи ва ўзаро боғлиқлиги нимада?
Айланма ведомост, унинг турларини айтинг.
Айланма ведомостларнинг аҳамияти нимада?
1.5. Хўжаликда бўладиган муомалаларни ҳужжатлаштириш ва инвентаризация қилиш
1.5.1. Ҳужжатлар ва улар ҳақида тушунча.
Бухгалтерия ҳисоби усули элементларидан бири ҳужжатлаштириш бўлиб, унинг аҳамияти хўжаликни юритишда, бошқарувни оқилона ташкил этишда, шунингдек ҳисоб ишларини юритиш олдига қўйилган вазифа ҳамда талабларга жавоб беришда зарурийдир.
Ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси статистика идораси ишлаб чиққан ва тасдиқлаган махсус бланкаларга рўй берган ёки содир этилиши керак бўлган хўжалик жараёнларини ҳамма реквизитлари акс эттирилган ҳолда тузилади. Бундан ташқари корхона махсуслаштириб ишлаб чиққан бланка шакллари ҳам қўлланилади, ушбу ҳолларда ишлаб чиқилган бланкалар шакли молия ташкилотлари томонидан тасдиқланиши керак.
Бланкаларни эскирганларини, ҳамда андозага жавоб бермайдиган шаклларини ишлатиш таъқиқланади.
Ҳозирги даврда корхоналар ўз бухгалтерия ҳисобини юритишда замонавий техника воситаларидан кенг фойдаланмоқдалар. Бунда корхоналарга бирламчи ҳужжатларни ҳамма стандартлар талабига риоя этган ҳолда, ҳисоблаш техникалари орқали ишлаб чиқаришга рухсат этилган.
Ўзбекистон Республикаси ўрнатган қонунчилигида белгиланган ҳолларда баъзи ҳужжатлар қатъий ҳисобда олиб борилади. Бундай бланкалардан фойдаланиш ва улар асосида ҳисоб юритиш тартиби ҳамда улардан фойдаланувчи корхоналар доираси молия вазирлиги ва тегишли бошқармалар томонидан белгиланади.
Қатъий ҳисобда турган бланкалар ўрнатилган тартибда тартиб рақами билан белгиланади, албатта корхона муҳри, маъсул ходими имзо билан ҳам тасдиқланиши зарур.
Бланкаларга маълумотлар акс эттирилиш аҳамияти шундаки, авваламбор содир бўлган хўжалик жараёнини тасдиқлаб берса, иккинчидан мулкчилик сақланишини таъминлайди ва яна корхона ички бошқаруви учун ҳамда юқори бошқаруви, аудит назорати, текшируви учун ҳам хизмат қилади. Ҳужжатдаги маълумотлардан фойдаланиб корхона, муассасалар, ташкилотлар фаолияти ўрганилади, таҳлил қилинади, баҳо берилади ва тегишли хулосалар чиқарилиб, улар асосида чора-тадбирлар белгиланади, тегишли қонун- қоидалар қабул қилинади ва ҳаётга тадбиқ этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |