8.2. Хўжалик юритувчи субъектларда иқтисодий хавфсизликни таъминлашда рақамли иқтисодиётнинг мақсади ва уни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари
Мамлакатимизда рақамли иқтисодиётга ўтиш объектив зарурият бўлиб қолди. Буни инобатга олиб Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш, рақамли иқтисодиётни жорий этиш ва ривожлантириш учун тегишли шарт-шароитлар яратиш, инвестиция муҳитини яхшилаш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш масаласида бир қанча устувор вазифаларни белгилаб берди. Булар эса ўз навбатида, рақамли мамлакатни шакллантиришни тақозо қилади. Ушбу мақсадда мамлакатимиз раҳбари 2030 йилгача «Рақамли Ўзбекистон» ривожланиш концепциясини ишлаб чиқариш вазифаси қўйилган эди. Ушбу вазифа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга Мурожаатномасида яна бир бор баён этилди ва “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурини ишлаб чиқиш”42 вазифаси юклатилди. Мамлакатимизда бу борада тегишли ишлар амалга оширилмоқда ва барча соҳаларга рақамли иқтисодиётни киритиш босқичма-босқич амалга оширилиши кўзда тутилган. Одатдагидек, юртимиз олимлари ҳам ушбу йўналиш бўйича тегишли тарзда илмий-тадқиқот ишларини олиб бомоқдалар.
Рақамли иқтисодиётга ўтиш ва уни мамлакатимиз амалиётига жорий қилиш масаласи бугун пайдо бўлган эмас. Бу масала босқичма-босқич амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти-нинг 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3832-сон қарори, 2018 йил 21 ноябрда “Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида рақамли инфратузилмани янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4022-сонли қарори, 2018 йил 13 декабрда “Ўзбекистон Республикаси давлат бошқарувига рақамли иқтисодиёт, электрон ҳукумат ҳамда ахборот тизимларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Ҳозирги кунда "Блокчейн" технологиялари, яъни маълумотларнинг блоклар занжири бўйича тақсимланган реестри технологиялари, "сунъий ақл", суперкомпьютерлар имкониятларидан фойдаланиш масалаларига катта аҳамият берилмоқда. Жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўналишларидан бири крипто-активлар бўйича фаолиятни юритиш ҳисобланади. Рақамли иқтисодиёт технологиялари нафақат иқтисодиёт секторларига, балки давлат бошқаруви тизимига ва бошқа жамоатчилик муносабатларига ҳам аста-секин жорий этилмоқда. 2017 йилдан буён давлат бошқарувида “Электрон ҳукумат” тизими амалга оширилмоқда. Хуллас, мамлакатимиз келажаги албатта рақамли иқтисодиёт бўлади.
Рақамли иқтисодиётнинг шаклланишида блокчейн технологиясининг аҳамияти катта. Ушбу технология ҳаётимизнинг барча жабҳаларида (моддий ишлаб чиқариш, молиявий муносабатлар, ижтимоий ҳаётда, ҳатто санъат ва маданий ҳаётида ҳам) қўлланилади. Бунинг шакли қуйидаги расмда келтирилган (1-расм).
Do'stlaringiz bilan baham: |