Касса операциялари деганда нақд пуллар кирими ва чиқимига оид касса операциялари тушунилади.
Кирим касса операциялари – бу нақд пулларни кассага турли манбалардан келиб тушуши.
Чиқим касса операциялари – бу нақд пулларни кассадан турли мақсадларда чиқим қилиниши, масалан иш ҳақи, нафақа, сафар харажатлари ва бошқа мақсадларда сарфланиши ва берилиши, шунингдек келиб тушган савдо тушуми ва бошқа мақсадларда олинган пулларнинг банкка топширилиши.
Хўжалик юритувчи субъектлар кассасида сақланадиган нақд пуллар миқдори чекланади. Кассада сақланиши мумкин бўлган нақд пулларнинг бундай чекланган миқдори касса лимити деб аталади. Шунингдек, корхона ва ташкилотлар кассага тушган нақд пулларни белгиланган меъёрлар доирасида ишлатишлари мумкин. Кассалардаги нақд пуллар қолдиғи лимитлари ва тушумни ишлатиш меъёрларини корхона ва ташкилотлар раҳбарлари банк муассасалари билан келишган ҳолда белгилайди.
Республикамиз қонун ҳужжатларига мувофиқ мулкчилик шаклидан қатъи назар барча юридик шахслар ўз пул маблағларини сақлашлари ҳамда нақд ва нақд пулсиз ҳисобларни амалга оширишлари учун банк муассасаларида қуйидаги турдаги счётларни очишлари мумкин:
а) талаб қилиб олингунча депозит счётлар;
б) жамғарма депозит счётлар;
в) муддатли депозит счётлар;
г) ссуда счётлар;
д) бошқа депозит счётлар.
Банклардаги ушбу счётларни очиш, улар орқали нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиблари Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги томонидан 2009 йил 27 апрелда 1948-тартиб рақами билан рўйхатга олинган «Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк счётлари тўғрисида йўриқнома”да белгиланган.
Талаб қилиб олингунча депозит счёти - мижознинг биринчи талаби биланоқ бериладиган ёки ундаги ўтказиб бериладиган маблағларнинг ҳисоби юритиладиган счёт.
Жамғарма депозит счёти - бу мижознинг даврий бадаллари асосида шаклланиб, муайян мақсадни амалга ошириш учун жамғариладиган ва шу мақсад учун йўналтириладиган ёхуд шартнома бекор қилиниши натижасида қайтариладиган маблағлар ҳисоби юритиладиган ҳисобварақ.
Do'stlaringiz bilan baham: |