Молиявий восита – бу тузилган ҳар қандай шартнома бўлиб, унинг натижасида бир вақтнинг ўзида битта корхонада молиявий актив юзага келса, иккинчи корхонада молиявий мажбурият ёки бошқа корхонанинг улушли воситаси пайдо бўлади.
Товар етказиб бериш шартномалари ва ҳар бир томоннинг шартномага мувофиқ мажбуриятлари пул шаклида ёки бошқа молиявий восита ёрдамида қондирилиши мумкин. Агар улар молиявий воситалар каби ҳисобга олиниши керак бўлса, товар етказиб бериш ҳақида тузилган ва қуйидаги мақсадларга хизмат қиладиган шартномалар истисно қилиниши лозим:
а) корхонанинг товар сотиб олиш, сотиш ёки фойдаланишга доир кутилаётган эҳтиёжларини қондириш мақсадида тузилиб, шу эҳтиёжларга жавоб бериб келаётган бўлса;
б) тузилаётганда шу мақсадларга мўлжалланган бўлса;
в) мазкур шартномаларга доир мажбуриятлар товар етказиб бериш кўринишида қондирилиши кутилаётган бўлса.
Молиявий актив – бу:
(а) пул маблағлари;
(б) бошқа корхонадан пул маблағлари ёки бошқа молиявий активни олиш учун шартномавий ҳуқуқ;
(в) бошқа корхона билан молиявий воситалар билан манфаатли шартларда алмашиш учун шартномавий ҳуқуқ; ёки
(г) бошқа корхонанинг ҳиссали воситаси
ҳисобланади.
Валюта (пул маблағлари) – бу молиявий активдир. Чунки у алмашиш воситаси ҳисобланади. Шу тариқа барча битимлар баҳоланиши ва молиявий ҳисоботда акс этиши учун асос бўлади. Банкдаги ёки унга ўхшаш молиявий муассасадаги пул депозити молиявий актив ҳисобланади, чунки у омонатчининг ушбу муассасадан пул олишга ёки чек ёзиб беришга ё счёт қолдиғидан кредитор фойдасига молиявий мажбурият учун тўлов ўтказишга бўлган шартномавий ҳуқуқини билдиради.
Қуйидагилар келажакда шартнома бўйича пул маблағлари олиш ҳуқуқини кўзда тутадиган молиявий активларнинг, шунингдек, шартнома бўйича келажакда тўловларни амалга ошириш мажбуриятини кўзда тутадиган молиявий мажбуриятларга умумий мисоллар ҳисобланади:
савдо операцияларига доир дебиторлик ва кредиторлик қарзлари;
заёмлар бўйича олишга ва тўлашга қарздорлик; ва
облигациялар бўйича олишга ва тўлашга қарз суммаси.
Ҳар бир ҳолатда шартномада кўзда тутилган, томонлардан бирининг пул маблағларини талаб қилиш ҳуқуқи (ёки тўлов бўйича мажбурияти) бошқа томоннинг пул маблағларини тўлашга доир тегишли мажбурияти (ёки олиш ҳуқуқи) билан таъминланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |