1- СИНФ
Савод ўргатиш ва нутқ ўстириш
(128 соат)
Коммуникатив компетенция
Тинглаб тушуниш: мавзуга оид тушунчаларни, ўзаро савол-жавоб, топшириқларни, кичик матнларни, содда аудио матнларни тинглаб тушуна олиш.
Ўқиш: гап оҳангига риоя қилган ҳолда равон ва ифодали ўқий олиш. Гапириш: ўқилган матн мазмунини тушуниш;
-ўзгалар фикрини англаб, жавоб бериш;
-оғзаки нутқда рухсат сўраш, узр сўраш, илтимос билан мурожат қилиш каби муомала одобига амал қилиш;
-нутқ жараёнида ўзлаштирган янги сўз ва сўз бирикмаларини қўллай олиш.
Ёзиш: 20-40 та сўзгача бўлган диктантни ёза олиш, 4-5 та гапдан иборат матн ярата олиш, матндаги гапларни мазмунан ўзаро боғлай олиш, имло ва ҳуснихат қоидаларига амал қила олиш;
Савод ўргатиш даври 2 сентябрдан то декабр ойининг охиригача бўлган муддатни, яъни 2 ўқув чорагини қамраб олади. Саводга ўргатиш жараёни тайёргарлик ва алифбе давридан ташкил топади. Тайёргарлик ва алифбе даврида таълим саводга ўргатишнинг таҳлил-таркиб (аналитик-синтетик) товуш усулида амалга оширилади. Саводга ўргатишнинг таҳлил-таркиб усулига кўра матндан гап, гапдан сўз, сўздан бўғин ва товуш ёки аксинча, товуш → бўғин → сўз → гап → матн узвий алоқада бутундан бўлакка, бўлакдан бутунга қараб таҳлил ва ташкил қилинади. Бу эса, ўқувчилар тафаккур фаолиятини онглилик, тушунарлилик, мантиқийлик, дидактик мезонлар асосида ривожлантириш имкониятини вужудга келтиради.
Бошланғич таълимнинг илк саводга ўргатиш давриданоқ ўқувчилар нутқини янги сўзлар ҳисобига бойитишга алоҳида эътибор қаратилади.
“Алифбе” дарслигида берилган янги сўзлар, матн, кичик ҳикоя ва шеърлардан фойдаланиб, ўқувчиларни сўз маъноси билан атрофлича таништиришда, шеърий ва насрий матнларни ёдлатиш, қайта ҳикоялашга эътибор берилади. Синфдан ташқари ўқиш дарслари ўқувчиларни болалар адабиёти намуналари билан таништириб боришга, уларни мустақил ўқишга, ота-оналар ва ўқитувчилар ёрдамида бадиий ўқишга қизиқтириш, нутқини бойитиш ва ривожлантиришга ёрдам беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |