Ликвидлилик таваккалчилигининг асосий омили яъни ликвидлилик хатарларини юзага келишига асосий сабаб нима? Мисоллар келтиринг.
Активлар ва мажбуриятларни қайтариш муддатларининг мос келмаслиги ликвидлилик таваккалчилигининг асосий омили ҳисобланади.
Хусусан, қисқа муддатга депозит жалб қилиб узоқ муддатга кредит ажратиш ликвидлилик таваккалчилигининг ошишига олиб келади.
Тижорат банклари томонидан мажбурий захира талаблари нормасини бажармаган тақдирда Маркази банк томонидан қандай чоралар қўлланилади?
Марказий банк томонидан қатъий тартибда мажбурий захиралар бўйича етишмаётган маблағлар ва мазкур маблағлар ҳажмига нисбатан қайта молиялаш ставкасининг икки бараваридан ошмайдиган миқдорда жарима ундирилади.
Банкнинг барқарор молиявий ҳолати деганда нимани тушунасиз?
Банкнинг барқарор молиявий ҳолати деганда банкнинг молиявий оқимлар мутаносиблигини, тўлов қобилиятини, ликвидлилиги ва рентабелли фаолиятини сақлаб туриш учун маблағларнинг етарлилигини, шунингдек барча пруденциал нормативлар банк томонидан бажарилишини ифодаловчи ҳолати тушунилади.
Пруденциал назорат деганда нима тушунасиз?
Пруденциал назорат деганда банк фаолиятининг ўзига хос таваккалчиликларининг олдини олиш ва камайтириш мақсадида банклар фаолияти устидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки амалга оширадиган назорат тушунилади.
Банклар гуруҳи деганда нима тушунасиз?
Банклар гуруҳи - молия институтларининг юридик шахс бўлмаган бирлашмаси бўлиб, бунда асосий банк бошқа молия институтларини назорат қилади.
Ҳал қилувчи эгалик тушунчасига таъриф беринг?
Ҳал қилувчи эгалик – шахс томонидан ёки биргаликда ҳаракат қилувчи шахслар томонидан юридик шахс устав фондининг (устав капиталининг) бир ёхуд бир неча битим натижасида олинган камида беш фоизига бевосита ёки билвосита эгалик қилиш тушунилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |