Давлат қимматли қоғозлари қайси ташкилот ёки идоралар томонидан чиқарилади ва нима мақсадда чиқарилади?
Давлат қимматли қоғозлари - Ўзбекистон Республикасининг ғазна мажбуриятлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколат берган орган томонидан чиқарилган облигациялар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг облигациялари киради.
Давлат қимматли қоғозларини чиқариш эмиссия рисоласисиз ва давлат қимматли қоғозларининг чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Давлат қимматли қоғозлари қисқа муддатли (бир йилгача муддатга), ўртача муддатли (бир йилдан беш йилгача муддатга) ва узоқ муддатли (беш йил ва ундан ортиқ муддатга) этиб чиқарилиши мумкин.
Давлат қимматли қоғозлари Давлат қимматли қоғозлар бозорини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш, пул муомаласини мустаҳкамлаш, давлат бюджети дефицитини инфляциясиз қоплаш манбаларини кўпайтириш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш ресурларидан самарали фойдаланиш мақсадида чиқарилади.
Қимматли қоғозларни жойлаштириш ва Қимматли қоғозларнинг муомаласи деганда нимани тушунасиз? Қимматли қоғозларга доир битимлар қандай амалга оширилади?
Қимматли қоғозларнинг муомаласи - қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган, қимматли қоғозларнинг эгаси алмашувига олиб келадиган бошқа ҳаракатлар тушунилади.
Қимматли қоғозларни жойлаштириш - қимматли қоғозларни битимлар тузиш орқали уларнинг дастлабки эгаларига бериш.
Қимматли қоғозларга доир битимлар - қимматли қоғозлар олди-сотдиси, уларни ҳадя қилиш, мерос қилиб олиш, уларни устав фондига киритиш ва қимматли қоғозларнинг эгаси алмашувига олиб келадиган бошқа актлар, шунингдек қимматли қоғозлар гарови.
Қимматли қоғозлар эгалари реестрига тушунча беринг?
Қимматли қоғозлар эгалари реестри - рўйхатдан ўтказилган қимматли қоғозлар эгаларининг белгиланган санадаги ҳолатга кўра шакллантирилган, уларга қарашли эгасининг номи ёзилган қимматли қоғозларнинг номи, миқдори, номинал қиймати ва тоифаси, шунингдек реестрда рўйхатдан ўтказилган шахсларга ахборотни юбориш имкониятини берадиган маълумотлар кўрсатилган рўйхати тушунилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |