Кредитлар, депозитлар бўйича фоиз ставкалари ким томонидан белгиланади?
Кредитлар, депозитлар бўйича фоиз ставкалари, банк операцияларига оид воситачилик ҳақи миқдори банк томонидан мустақил белгиланади.
Қимматли қоғозлар деганда нимани тушунасиз?
Қимматли қоғозлар - ҳужжатлар бўлиб, улар бу ҳужжатларни чиқарган юридик шахс билан уларнинг эгаси ўртасидаги мулкий ҳуқуқларни ёки қарз муносабатларини тасдиқлайди, дивидендлар ёки фоизлар тарзида даромад тўлашни ҳамда ушбу ҳужжатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказиш имкониятини назарда тутади. Қимматли қоғозларнинг қиймати Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида ифодаланади.
Акция деганда нимани тушунасиз?
Акция - ўз эгасининг акциядорлик жамияти фойдасининг бир қисмини дивидендлар тарзида олишга, акциядорлик жамиятини бошқаришда иштирок этишга ва у тугатилганидан кейин қоладиган мол-мулкнинг бир қисмига бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи, амал қилиш муддати белгиланмаган эгасининг номи ёзилган эмиссиявий қимматли қоғоз тушунилади.
Облигация деганда нимани тушунасиз?
Облигация - облигацияни сақловчининг облигациянинг номинал қийматини ёки бошқа мулкий эквивалентини облигацияни чиқарган шахсдан облигацияда назарда тутилган муддатда олишга, облигациянинг номинал қийматидан қайд этилган фоизни олишга бўлган ҳуқуқини ёхуд бошқа мулкий ҳуқуқларини тасдиқловчи эмиссиявий қимматли қоғоз тушунилади.
Депозит сертификати деганда нимани тушунасиз?
Депозит сертификати - банкка қўйилган омонат суммасини ва омонатчининг (сертификат сақловчининг) омонат суммасини ҳамда сертификатда шартлашилган фоизларни сертификатни берган банкдан ёки шу банкнинг исталган филиалидан белгиланган муддат тугаганидан кейин олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ноэмиссиявий қимматли қоғоз тушунилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |